Президент Шавкат Мирзиёев Жарқўрғон туманида қурилаётган “Янги Ўзбекистон” массивини бориб кўрди.

Мамлакатда аҳоли учун муносиб яшаш шароитларини яратиш, замонавий ва шинам турар жойлар барпо этиш ишлари изчил кенгаймоқда. Давлат раҳбарининг 2021 йил 12 октябрдаги фармонига мувофиқ, “Янги Ўзбекистон” массивларининг қурилиши ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда.

Замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида барпо этилаётган шундай лойиҳалардан бири Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида қад ростламоқда.

Чўл ҳудудини ўзлаштириш ҳисобига бунёд этилаётган массивнинг 50 гектарида 116 та кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилган. Ҳозиргача поликлиника, 180 ўринли боғча, 330 ўринли мактаб ва маҳалла биноси фойдаланишга топширилиб, 68 та уйдаги 1,5 мингта хонадонга аҳоли кўчиб кирди.

Шунингдек, ахборот технологиялари ва инглиз тили ўқув маркази иш бошлаган, 7 та микромарказ ҳамда 5 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объекти қурилган. Ичимлик суви, иссиқлик тармоқлари, 3 километрга яқин газ қувури тортилиб, 250 киловаттли трансформатор ўрнатилган. 4,5 гектар ерга манзарали ва мевали дарахтлар, дашт ҳудудидаги 300 гектар майдонга эса саксовул ўсимликлари экилган.

Келгусида бу ерда яна 50 га яқин уй қурилиши кўзда тутилган. Хусусан, жорий йилда яна 14 та (280 хонадонли) кўп қаватли уй-жой, янги йўллар, кўкаламзорлаштириш ишлари ҳамда истироҳат боғи барпо этилиши режалаштирилган.

Ташриф чоғида президент массив ҳудудида фаолият юритаётган “Янги ёшлар” бошқарув сервис компаниясининг иши билан танишди. Компания тумандаги 161 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатади, шундан 54 таси мазкур массивда жойлашган. Ҳудуддаги кўп қаватли уйлар томига 5-15 киловаттли қуёш панеллари ўрнатилган.

Инклюзив таълим ҳар бир боланинг жисмоний ёки ақлий ҳолатидан қатъи назар, мактабга бориши ва сифатли таълим олишини таъминлашни назарда тутади.

Давлат раҳбари массивдаги 66-мактабда яратилган шарт-шароитлар, хусусан, ногиронлиги бўлган болалар учун ташкил этилган имкониятлар билан танишди.

Мактабда бугун 500 дан зиёд ўқувчи таълим олмоқда. Ногиронлиги бор болаларни замонавий стандартлар асосида ўқитиш учун алоҳида ёндашувлар жорий этилган, 50 га яқин махсус мутахассис ва педагоглар фаолият юритмоқда. Мактаб ҳовлиси, йўлаклар, ўқув хоналари, овқатланиш, муолажа хонаси ҳамда спорт зали зарур шароитлар билан таъминланган.