Ўзбекистон | 19:11 / 16.12.2025
14883
4 дақиқада ўқилади

Yandex Go ҳайдовчиларининг бойкотга чорловлари муваффақиятсиз бўлди

Бир гуруҳ ташаббускор ҳайдовчилар Россияда бошланган акциядан илҳомланган ҳолда, 15 декабр куни иш ташлаш уюштиришга қарор қилди ва ўтган ҳафта давомида ижтимоий тармоқларда ҳамкасбларини шунга даъват қилиб келди. Аммо бойкот куни тизим фаолиятида бирор сезиларли ўзгариш кузатилмади. Yandex Uzbekistan Kun.uz'га тақдим этган маълумотга кўра: 15 декабр, душанба куни 1 декабр, душанбага қараганда 1,5 минг нафарга кўпроқ ҳайдовчи линияга чиққан.

Ўтган ҳафта ижтимоий тармоқларда Yandex Go ҳайдовчиларининг иш ташлаш ҳақидаги чақириқлари пайдо бўлган эди. Telegram'даги гуруҳлар ва Instagram'даги саҳифаларида видеомурожаат билан чиққан бир гуруҳ ҳайдовчилар агрегатордаги тарифлардан норозилик билдириб, ҳамкасбларини 15 декабр, душанба куни ишга чиқмасдан, бойкот қилишга чорлаган эди.

Аммо, компания берган расмий маълумотдан келиб чиқилса, иш ташлашга уриниш иш бермаган. Аксинча, ўша куни линияга чиққан таксилар сони кўпроқ ҳам бўлган.

Yandex Uzbekistan матбуот хизматининг Kun.uz сўровига жавобан маълум қилишича, 15 декабр, душанба куни икки ҳафта олдингига қараганда 1500 нафарга кўпроқ ҳайдовчи линияга чиққан. Шу куни ҳайдовчилар линияда ўтказган жами иш соатлари икки ҳафта олдингидан 3 фоизга кўпроқ бўлган. Кун давомида Yandex Go орқали амалга оширилган сафарларда икки ҳафта олдингига қараганда 5000 нафар кўпроқ йўловчи ташилган.

Қайд этиш лозим, ўтган ҳафта душанба куни 8 декабр – байрам кунига тўғри келгани сабабли, юқоридаги рақамларда таққослаш учун 1 декабр, душанба санаси олинган. Чунки байрам кунлари одатда ҳайдовчилар ҳам, йўловчилар ҳам камроқ бўлади.

Yandex Go маъмуриятига кўра, сервис штат режимида ишлашда давом этяпти. Ижтимоий тармоқларда ҳам кўплаб фойдаланувчилар 15 декабр куни ушбу такси хизмати фаолиятида ўзгариш сезмагани, нархларнинг ноодатий ошиши ёки одатдагидан узоқроқ вақт кутиб қолиш каби муаммолар бўлмаганини ёзиб қолдирди.

Kun.uz суҳбатлашган икки нафар Yandex Go ҳайдовчиси ижтимоий тармоқларни кузатмаслиги сабаб бойкотдан умуман бехабар бўлганликларини айтишди.

Бойкотга уриниш сабабига келсак, ташаббускор ҳайдовчилар агрегатордаги тарифлардан норозилик билдирмоқда. Улар Yandex ушлаб қоладиган комиссия миқдори юқорилиги, ёқилғи нархлари ва автомобилнинг бошқа эксплуатацион харажатлари ошаётгани, бу омилларнинг барчаси уларнинг соф даромадини “еб юбораётгани”дан шикоят қилишган.

Бойкот иштирокчиларидан айримлари 15 декабр куни бошқа ҳайдовчиларни линияга чиқишдан қайтариш учун иловага сохта буюртмалар киритиб, ҳамкасби чақирилган жойга етиб келишидан олдин буюртмани бекор қилиб юбориш билан шуғуллангани акс этган скриншотларни тарқатди. Уларнинг бу хатти-ҳаракати ҳайдовчилар жамланган Telegram-гуруҳларда танқидларга сабаб бўлди.

Қайд этиш лозим, Yandex Go ҳайдовчиларининг норозилик сифатида ўз ҳамкасбларини иш ташлашга ундаш акцияси Ўзбекистондан бошлангани йўқ. Бойкотга чорлов аввалига Россияда пайдо бўлганди. Рус нашрларининг ёзишича, 15 декабрга белгиланган иш ташлаш Россия шаҳарларида ҳам муваффақиятсиз бўлган, бойкотга қўшилганлар сонининг камлиги тизимда жиддий нуқсонлар келтириб чиқаришга имкон бермаган.

Шу куни Yandex Uzbekistan вице-президенти Сардор Қодиров тармоқдаги саҳифасида Yandex Go ҳайдовчиларининг даромадлари ҳақидаги рақамларни келтириб ўтди. Унга кўра, Ўзбекистон бўйича ҳайдовчиларнинг Yandex Go'даги сафарлардан оладиган 1 соатлик ўртача даромади охирги бир йилда 21 фоизга ошган. 2025 йилнинг 11 ойи давомида кунига 8 соатдан, ойига 22 кун ишловчи ҳайдовчининг ойлик ўртача даромади 10,2 млн сўм бўлган. Таъкидлаш лозим, 10,2 млн сўмлик ойлик даромад – республика бўйича умумий рақам бўлиб, у ёқилғи харажатларини ҳам ўз ичига олади.

16 декабр куни Миллий статистика қўмитаси ҳам ўз рақамларини тақдим этди. Унга кўра, 2025 йилнинг 11 ойида такси нархлари 7 фоизга ошган, йиллик нисбатда эса такси хизмати 12,2 фоизга қимматлашган. Шу билан бирга, ёқилғи нархлари ҳам кескин кўтарилганини қайд этиш ўринли: расмий статистикага қараганда, охирги 1 йилда таксичилар энг кўп ишлатадиган ёқилғи – метан 30 фоизга қимматлашган.

Мавзуга оид