Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Йўл қоидабузарлиги учун жавобгарликни бошқа шахсга ўтказиш тартиби белгиланди
Ўзбекистонда транспорт воситасини фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар асосида бошқариш ҳуқуқини олган шахсларга йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни ўтказиш тартиби белгиланди. Янги тартиб транспорт эгаси эмас, балки қоидабузарликни содир этган шахсга нисбатан жарима расмийлаштириш имконини яратади.
Фото: ЙҲХХ
Ҳукумат қарори билан транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини олган шахсларга йўл ҳаракати қоидалари бузилгани учун жавобгарлик ўтказилгани ҳақида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларини хабардор қилиш тартиби тасдиқланди.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 апрелдан тегишли транспортни фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар асосида бошқариш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқини олган шахсларга нисбатан йўл қоидабузарлиги учун жавобгарликни ўтказиш имконияти яратилади.
Тасдиқланган низомга мувофиқ, хабардор қилиш хизмати Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz ёки Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг мобил иловаси орқали амалга оширилади.
Бу хизматдан фойдаланиш учун транспорт эгаси my.gov.uz ёки мобил иловада шахсий кабинет очиб, махсус сўровнома тўлдиради ҳамда унда транспортни бошқариш ҳуқуқи бериладиган муддатни кўрсатади.
Бошқариш ҳуқуқини олган шахс эса ушбу сўровномани тасдиқлаш орқали келгусида унга нисбатан жарима солиш тўғрисида қарор расмийлаштирилишига розилик беради. Бу розилик электрон рақамли имзо, Mobile-ID ёки Face-ID орқали тасдиқланади.
Қарорда белгиланишича, мазкур хабардор қилиш хизмати учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.
Шунингдек, ушбу қарор билан қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиришларга кўра, автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги гувоҳнома энди 5 йил муддатга расмийлаштирилади.
Мавзуга оид
09:02 / 28.03.2026
Чиқиндиларни ноқонуний олиб кетиш учун жавобгарлик белгиланди
11:42 / 18.03.2026
Ўзи содир этган ҳуқуқбузарликни интернетга тарқатганлик учун жавобгарлик киритилмоқда
09:05 / 15.03.2026
Президентнинг ИИВга эътирози, энергетик мустақиллик ва ўпирилган йўл — ҳафта дайжести
10:53 / 12.03.2026