Жамият | 21:02 / 12.12.2024
21951
9 дақиқада ўқилади

Янгийўлда 5 болани босиб кетиб, икки нафарининг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи ахлоқ тузатиш жазосини олди

Жиноят ишлари бўйича Янгийўл туман судида ЙТҲ содир қилиб, 2 боланинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи суд залидан қамоқдан озод қилинди. Суд ҳукмига кўра, у “олий маълумотли, ишли йигит” бўлган. Орадан бир ҳафта ўтиб эса ЙТҲда бир кишининг ўлимига сабабчи бўлган, “маълумоти ўрта-махсус ҳамда ишсиз” ҳайдовчига айни шу судя ҳукми билан 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Ҳар икки ишга бир судя – Улуғбек Ибрагимов раислик қилган.

Жиноят ишлари бўйича Янгийўл туман суди судяси Улуғбек Ибрагимов ЙТҲ билан боғлиқ бир-бирига ўхшаш икки ишда турлича ҳукм чиқарди. Судя икки боланинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчига ахлоқ тузатиш ишлари, бир кишининг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчига эса озодликдан маҳрум қилиш жазо тайинлаган.

Биринчи ҳолат

2024 йил 11 ноябр куни жиноят ишлари бўйича Янгийўл туман судида ЙТҲ содир қилган ҳайдовчига суд ҳукми ўқилди.

Суд ҳужжатида келтирилишича, 1993 йилда туғилган судланувчи Рустамжон Мирзахатамов олий маълумотли бўлиб, “One Cargo” МЧЖда диспетчер лавозимида ишлаган.

У 2024 йил 21 июн куни соат 20:30 ларда М-34 “Тошкент-Душанбе” йўлининг Янгийўл тумани Жамбул маҳалласи ҳудудида ўтган қисмида Cobalt машинасини бошқариб кетаётиб, бошқарувни йўқотган ҳамда йўлнинг марза қисмида турган 5 нафар вояга етмаган йигит-қизларни уриб юборган. ЙТҲ оқибатида 18 ёшли О.З. ва 17 ёшли А.З. Янгийўл шаҳар марказий шифохонасининг жонлантириш бўлимида вафот этган. Қолганлар эса оғир тан жароҳати олган.

Ҳукмда Рустамжон Мирзахатамов ЙТҲ содир этишда “Йўл-ҳаракати қоидалари”нинг 5 та бандини қўпол равишда бузгани, жумладан, тезлик чекловларига амал қилмагани қайд этилган.

Рустамжон Мирзахатамов судда ўз айбига иқрорлик билдирган ҳамда йўл-ҳаракати қоидаларига риоя қилмаганини тан олган. У жабрланувчиларга етказилган моддий ва маънавий зарарни тўлиқ қоплаб берганини, бўлиб ўтган ҳолатдан чин кўнгилдан пушаймондалигини айтиб, суддан ўзига нисбатан енгиллик беришни сўраган.

Судда жабрланувчиларнинг қонуний вакиллари, жумладан, вафот этган икки боланинг яқинлари судланувчи улардан узр сўраганини, етказилган зарарни қоплаб берганини маълум қилган ва унга нисбатан даъволари йўқлигини айтган.

Суд ҳукми билан Рустамжон Мирзахатамов Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлиши, 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган) содир қилганликда айбли деб топилган. Унга Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, 3 йил транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Рустамжон Мирзахатамовга нисбатан қўлланган “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилиниб, у дарҳол суд залида қамоқдан озод этилган.

Иккинчи ҳолат

2024 йил 18 ноябр куни жиноят ишлари бўйича Янгийўл туман судида ЙТҲ содир этиб, инсон ўлимига сабабчи бўлган яна бир ҳайдовчига ҳукм ўқилган.

Суд ҳукмига кўра, 1997 йилда туғилган судланувчи Исломжон Алибоев ўрта-махсус маълумотли, вақтинча ишсиз бўлган. У 2024 йил 23 июн куни соат 21:00 ларда М-39 “Тошкент-Термиз” йўлининг Янгийўл тумани Қоратепа маҳалласи ҳудудидан ўтган қисмида Nexia машинасини бошқариб кетаётиб, ЙТҲ содир қилган.

Исломжон Алибоев қарама-қарши йўналишда келаётган машина чироқларига кўзи қамашган бўлса-да, тўхташ чорасини кўрмасдан ҳаракатланишда давом этган ҳамда йўлни кесиб ўтаётган пиёда Х.И.ни уриб юборган. Оқибатда пиёда оғир тан жароҳати олиб, ҳодиса жойида вафот этган.

Ҳукмда Исломжон Алибоев ЙТҲ содир этишда “Йўл-ҳаракати қоидалари”нинг 2 та бандини бузгани келтирилган.

Суд мажлисида сўроқ қилинган Исломжон Алибоев айбига тўлиқ иқрорлик билдирган ва йўл-ҳаракати қоидаларига риоя қилмаганини тан олган. Шунингдек, у жабрланувчининг қариндошларига қўлидан келганича ёрдам берганини, уларга кейинчалик ҳам қарашиб туришини айтиб, суддан ўзига енгиллик беришни сўраган.

Судда жабрланувчининг қонуний вакили Г.И. кўрсатма бериб, вафот этган Х.И. унинг турмуш ўртоғи эканини, у оиладаги ягона боқувчи бўлганини маълум қилган ҳамда судланувчи маҳалладоши бўлгани учун унга енгиллик беришни сўраган.

Суд ҳукми билан Исломжон Алибоев Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлиши, 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган) содир қилганликда айбли деб топилган. Унга 2 йил транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Исломжон Алибоевга нисбатан қўлланган “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси аслича қолдирилган.

57-модда судянинг “чўнтаги”ми?

Судланувчиларнинг ҳолати деярли бир хил: иккиси ҳам бўйдоқ, иккиси ҳам муқаддам судланмаган. Фарқи – суд залидан қамоқдан озод қилинган Рустамжон Мирзахатамов олий маълумотли ва ишли. Исломжон Алибоев эса ўрта-махсус маълумотли ва ишсиз.

Икки судланувчи ҳам судда айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, йўл-ҳаракати қоидаларини бузганини тан олган. Қолаверса, иккиси ҳам жабрланувчиларга ёрдам берганини, уларга кейинчалик ҳам қарашиб туришини айтган.

Бироқ судя гарчи икки боланинг ўлимига сабаб бўлган ва йўл-ҳаракати қоидаларининг 5 та бандини бузган бўлишига қарамай Рустамжон Мирзахатамовга Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлаган. Йўл-ҳаракати қоидаларининг 2 та бандини бузган ва бир кишининг ўлимига сабабчи бўлган Исломжон Алибоевга эса Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланмаган ва у 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилган.

Жиноят кодексининг 57-моддаси енгилроқ жазо тайинлашни назарда тутади. Унга кўра, суд содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатларни эътиборга олиб, алоҳида ҳолларда жиноят учун белгиланган жазонинг энг кам қисмидан ҳам камроқ ёки шу моддада назарда тутилмаган бошқа енгилроқ турдаги жазони тайинлаши мумкин.

Содир этилган қилмиш хусусиятларини ифодаловчи ҳолатлар, яъни айбдорнинг шахси, айбининг шакли ва даражаси, жиноят қилиш шароити ва сабаблари, шахснинг жиноятни содир қилгунча ва ундан кейинги хулқ-атвори жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар деб топилиши мумкин.

Суд биринчи ҳолатда Рустамжон Мирзахатамовга нисбатан жазо тайинлашда жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, қилмишининг сабабларини, унинг шахсини, ёшини, иш бўйича етказилган зарар қопланганини инобатга олиб, унинг ҳаракатларида жазони оғирлаштирувчи ҳолатлари йўқ деб, шу билан бирга судланувчининг айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан пушаймонлигини, муқаддам судланмаганини, оилавий шароитини, жабрланувчилар ва қонуний вакилларнинг даъвоси йўқлигини, яшаш жойидан берилган илтимосномани, жиноят содир қилгунча ва ундан кейинги хулқ-атворини жазони енгиллаштирувчи ва қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар деб баҳолаган. Сўнгра унга нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, айбланаётган модда санкциясида назарда тутилмаган бошқа енгилроқ жазо, яъни ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлашни лозим топган.

Суд иккинчи ҳолатда, яъни Исломжон Алибоевга нисбатан жазо тайинлашда ҳам жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, қилмишининг сабабларини, унинг шахсини, ёшини, қонуний вакилнинг қисман даъвоси борлигини инобатга олиб, унинг ҳаракатларида жазони оғирлаштирувчи ҳолатлари йўқ деб, шу билан бирга судланувчининг айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан пушаймонлигини, муқаддам судланмаганини, оилавий шароитини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб баҳолаган. Сўнгра унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни, жазони манзил колонияларда ўташни белгилашни лозим топган.

Судянинг бу шаклда “истаса 57-моддани қўллаб, истама қўлламаслиги”, қолаверса, йўлларда болалар қони тўкилиши тўхтамаётган бугунги кунда икки норасиданинг ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчини суд залидан қамоқдан озод қилиб юбориши турли шубҳаларни уйғотади. Ушбу ҳолатда адолат тарозисининг судланувчи томон палласи ниманинг ҳисобига оғирроқ тош босгани мавҳум. Аммо бу ҳолат йўллардаги “учар”ларда “пулим бўлса ва зарарни қопласам нечта инсон ўлимига сабаб бўлсам ҳам қамалмас эканман” деган фикрни уйғотиши аниқ.

Прокуратура ҳукмни ўрганмоқчи бўлса, у суд ҳужжатлари очиқ порталида мавжуд.

Руслан Сабуров,
Kun.uz

Мавзуга оид