Кеча, 25 ноябр куни бўлган суд мажлисида Фурқат тумани собиқ ИИБ бошлиғи Акмал Хўжаев ҳамда унинг ўринбосари Жасур Расуловнинг кўрсатмалари тингланди.

17 апрел куни (тадбир бўлган кун) Фарғона шаҳрида тадбирда эдим. Тадбирни тамомлаб, соат тахминан 15:00-16:00 лар чамасида Фурқат туманига қайтаётганимда йўлда телеграмимга қўнғироқ бўлиб, солиқ раҳбари хизмат уйига вояга етмаган мактаб ўқувчисини олиб кириб кетгани ҳақида хабар келиб тушди. Ўринбосарим Жасур Расуловга қўнғироқ қилиб, ҳолатдан уни хабарбор қилдим ва вазиятни ўрганишни буюрдим.

Шундан сўнг Жасур Расулов ходимларини олиб хизмат уйига кирибди. У ерда солиқ бошлиғи ва мактаб директорини қип-яланғоч ҳолатда кўришибди. Сўнг иккисини ИИБ биносига олиб киришибди. Вояга етмаган қиз ким экан деб сўрасам, 29-мактаб директори экан, дейишди. Ходимларим тезкор тадбир учун қилинган қарорларни ҳам кўрсатишди. Қўлларида қарори бор экан.

Солиқ бошлиғи Қурбонали Абдураҳмонов хизмат уйини фоҳишахонага айлантирворганди. Вояга етмаган қизни уйига олиб кириб кетяпти деган хабар келгани учун тезкор тадбирга рухсат берганман. Давлатимиз томонидан берилган хизмат уйларида прокурор, прокурор ёрдамчиси, солиқ бошлиғи ва мен яшардим (ушбу амалдорларга хизмат уйлари бир жойдан берилган – таҳр). Солиқ инспекцияси бошлиғи Қурбонали Абдураҳмоновни хизмат уйингга бегона аёлларни олиб кирмагин, деб кўп маротаба огоҳлантирган эдим.

Фурқат туманига етиб келиб, ИИБ биносига кириб, Гулираъно Қосимова ва Қурбонали Абдураҳмоновни кўрдим. Улар ёнимга кела олишмади. ИИБ биносида туриб вилоят Солиқ бошқармасига бўлган ҳолат ҳақида хабар бердим.

Ходимларим солиқчининг уйига киришдан аввал эшикни тақиллатишган экан. Ичкаридан хабар бўлмагач, ундан кейин киришган хизмат уйига. 2-қаватга чиқишса, иккиси жинсий алоқа қилаётган экан.

Орадан 3 кун ўтиб, ИИБга Қосимова ва унинг турмуш ўртоғи келди. Гулираънонинг турмуш ўртоғи аёли туфайли гап-сўз тарқагани, кўчада бош кўтариб юра олмаётгани, ўша кунги телефонга олинган кадрларни беришини сўради. Унга жавобан Гулираъно яхши аёл экани, англашилмовчилик бўлганини айтиб, турмуш ўртоғини юпатишга ҳаракат қилдим.

Элтуз” ижтимоий тармоғида мен ҳақимда маълумотлар чиқди. Ҳамма айбни менга юклашди. Гулираъно ижтимоий тармоққа чиқиб, “ечинтириб уришди, 2-қаватга олиб чиқиб уришди” деяпти. Буларнинг барчаси туҳмат. Гулираъно ва Қурбоналига адоватим йўқ. Қурбоналига телевизор ёки тефал олиб бер демаганман.

Вилоят прокуратураси бирор бир кўрсатмаларимни инобатга олмади. Ҳамма ҳаракатларимиз, тезкор тадбир қонуний бўлган. Гулираъно Қосимовага кимдир ўргатяпти. Тадбир аввалдан режа қилинган дейишяпти. Бу ҳам туҳмат. Дори ичиб, ўз жонига қасд қилган дейишяпти. Бу ҳолат ҳам шубҳали”, деди ўз кўрсатмасида собиқ ИИБ бошлиғи Акмал Хўжаев.