Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Пойтахт ИИББнинг 8 нафар тезкор ходими фуқаронинг 233 минг доллар маблағини зўрлик ишлатиб тортиб олгани маълум бўлди
Жиноят қидирув бошқармаси тезкор ходимлари икки фуқарони ички ишлар биносига олиб келиб, босим ва қийноқлар қўллаган ҳолда уларнинг электрон ҳамёнидаги криптоактивларни ўзларига тегишли бошқа ҳамёнга ўтказишган. Сўнгра уни нақдлаштириб, ўзаро бўлишиб олишган. Тинтув даврида ходимларнинг уйи ва хизмат хоналаридан жами 170 минг доллардан ошиқ пул маблағлари, шунингдек гиёҳванд моддалар ҳам топилган.
Фотоколлаж: Kun.uz
Чала қолган тушлик
2024 йил 26 июн. Соат тахминан 14:00 ларда Миробод туманининг Афросиёб кўчасида жойлашган “Фистик” кафесига 3 нафар фуқаролик кийимидаги ИИБ тезкор вакили кириб келади. Улар кафеда тушлик қилиб ўтирган М.Қ. олдида тўхташади ва унга ўзлари билан бирга бориши кераклигини айтишади. Тезкор ходимлар дарҳол йигитнинг телефони ҳамда ноутбуги солинган сумкасини олиб қўйишади ва уни йўл четида турган Nexia машинасига ўтқазишади.
Нима бўлаётганини тушунмаган М.Қ. нотаниш кимсалардан хизмат гувоҳномаларини сўрайди. Бироқ улар гувоҳномани ички ишлар биносида кўрсатишини айтиб, йигитни Тошкент шаҳар ИИББга олиб кетишади.
М.Қ. тушлик қилиб ўтирган жойидан олиб кетган шахслар Тошкент шаҳар ИИББ Тезкор қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармаси Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш бўлими кичик тезкор ходимлари Серикбай Куланов, Мақсуд Назаров ва Ақжигит Пирментаев эди.
Серикбай Куланов кейинчалик судда М.Қ.нинг ушлаб кетилиш ҳолати бўйича шундай кўрсатма берган:
“2024 йил 26 июн куни соат тахминан 13:00 ларда мен, Мақсуд Назаров ва Ақжигит Пирментаев 329-сонли хизмат хонасида ишлаб ўтирганимизда Ўткир Умрқулов ва Жалол Хайруллаев хонага кириб келди. Улар М.Қ.ни топиб, Тошкент шаҳар ИИББ Тезкор қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармасига олиб келиш кераклигини айтган ҳолда яшаш манзилини беришди.
Учаламиз кўрсатилган манзил, яъни Миробод туманидаги “Ойбек” метро бекати олдига бордик. Аммо М.Қ.нинг уйини қидириб, топа олмасдан ортга қайтаётганимизда, ўша ердаги кафеда уни кўриб қолдик. Телефонига суратга олиб, Telegram орқали Ўткир Умрқуловга юбордик ва у айтган шахс шу ёки бошқа эканини сўрадик. Ўткир Умрқулов айтган шахс худди шу эканини маълум қилди. Биз М.Қ.ни ушлаб, Тошкент шаҳар ИИББ биносига, 329-хонага олиб бордик. Шунда Ўткир Умрқулов ва Жалол Хайруллаев кириб келиб, М.Қ.ни ўзлари билан 328-хонага олиб кириб кетишди. Улар нимани гаплашганини эшитмадим”.
328-хонадаги суҳбат
Ўткир Умрқулов ҳамда Жалол Хайруллаев Тошкент шаҳар ИИББ Тезкор қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармаси гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш бўлимининг ўта муҳим ишлар бўйича тезкор ходими лавозимида ишлаган. Иккиси ҳам 1989 йилда туғилган. 38 ёшли Анвар Пўлатов эса шу бўлимнинг катта тезкор ходими бўлган.
М.Қ. 328-хонага олиб кирилгач, Ўткир Умрқулов ва Анвар Пўлатов уни сўроққа тута бошлайди. Ўткир Умрқулов “Нима сабабдан бу ерга олиб келинганингми биласанми?” дея сўрайди. Ҳеч нарсага тушунмаётган М.Қ. билмаслигини айтади. Шунда Ўткир Умрқулов унга тарсаки туширади. Анвар Пўлатов эса унинг телефонини текшириб, паролини айтишни буюради. Бироқ М.Қ. телефон паролини айтмайди ва Ўткир Умрқулов унга навбатдаги тарсакини туширади.
Тахминан 20 дақиқадан сўнг хонага Жалол Хайруллаев кириб келади. У М.Қ.га агар ўз айбига иқрор бўлса, жавобгарлик енгиллашишини таъкидлайди. “Қайси айбимга иқрор бўлай? Ўзи гап нима ҳақида кетмоқда?” дея сўрайди йигит. Шунда “опер”лар М.Қ.га таниши Сарвар ҳамда жияни Хушнуднинг суратларини кўрсатиб, “энди тушундингми гап нима ҳақда кетаётганига?” дейди. М. тушунмаганини айтади. Шундан сўнг унинг қўлига қоғоз ва ручка тутқизишиб, шу пайтгача нима иш қилганини бирма-бир ёзишни талаб қилади.
Мутахассислиги дастурчи бўлган М.Қ. 2018 йилдан буён ўз соҳасида қилган ишларни ёза бошлайди. Унинг ёзаётганларини ўқиб турган Ўткир Умрқулов “бўладиган гап ва ишни” ёзишни талаб қилади. Йигит шунда “Ўзи мендан нима хоҳлаяпсизлар?” дея сўрайди. Жалол Хайруллаев унга жавобан энг катта топган пулинг ва бажарган лойиҳангни айт, дейди. М. аввалроқ таниши Сарвар билан чет эл лойиҳаси устида ишлаганини, лойиҳа тугаганидан сўнг унинг электрон ҳамёнида тахминан 3000 монерога тенг криптовалюта бўлганини билдиради. Хайруллаев лойиҳа буюртмачиси кимлигига қизиқиб, бу аслида Ўзбекистон билан боғлиқ лойиҳалигини таъкидлайди.
“Унга жавобан бу лойиҳа чет элники бўлганини, лойиҳа бошида менга VPN орқали уланиш учун калит сертификат берилганини, бу орқали хориж компанияси бўлган буюртмачининг IP манзилидаги тармоғига уланиб, ички тармоқдаги веб-сервисини текширганимни айтдим. Бу лойиҳани бажаришни Сарвар олган бўлиб, унинг бир қисмини менга берганди. Бунинг учун Сарвар менга тахминан 1000 монеро криптовалюта тушириб берган.
Жалол Хайруллаев ва Ўткир Умрқулов менга ишонмасдан, Ўзбекистонга тегишли ташкилотни бузганимни, қилмаган айбимга иқрор бўлишимни айтишди. Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида бир одамни ўлдириш нархи 2 минг доллар эканини айтиб, мени қўрқита бошлади. Пулни жойига қўймасам қамоққа олишларини, агар қамалиб кетсам ота-онамни уйини сотиб бўлса ҳам тўлашга мажбур қилишларини билдиришди”, деган М.Қ. суддаги кўрсатмасида.
Шундан сўнг Ўткир Умрқулов йигитдан ўзи ишонган “каттароқ” таниши бор ёки йўқлигини сўрайди. М. Жавлон Аҳмедов исмли таниши борлигини айтади. Ўткир Умрқулов Жавлон Аҳмедовга қўнғироқ қилиб, уни чақиради. Жавлон Аҳмедов соат 20:30 ларда келади. Тезкор ходимлар уларни ёлғиз қолдириб, хонадан чиқиб кетишади. Жавлон М.га агар электрон ҳамёнидаги 3 минг монеро криптовалютани берса, ИИБ ходимлари билан гаплашиб, уни жавобгарликка тортмасдан олиб чиқиб кетишни айтади. М. уни қамоққа олишларидан қўрқиб, бунга рози бўлади.
“Ов” режаси
Аслида М.Қ. танишим деб чақирган Жавлон Аҳмедов тезкор ходим Ўткир Умрқуловнинг ҳам таниши эди. У тезкор ходимга 2018-2019 йилларда дастурчи М.Қ. билан танишиб қолганини айтади. “Электрон ҳамёнида жуда кўп миқдордаги пул сақланади, у крипто-активларни қонунга хилоф равишда айирбошлаш билан шуғулланади”, дейди у Ўткир Умрқуловга.
Тезкор ходимлар Ўткир Умрқулов, Жалол Хайруллаев ва Анвар Пўлатов, шунингдек, Жавлон Аҳмедов жиноий тил бириктириб, М.Қ.нинг электрон ҳамёнидаги катта миқдордаги пулни ўзлаштиришни мақсад қилишган, юқоридаги ишларнинг барчаси шундан кейин бошланганди.
“Опер”ларга ўтган пул
328-хонадаги суҳбатдан сўнг “опер”лар М.дан таниши Ж.Э.ни сўраб қўнғироқ қилиш орқали қаердалигини билишни талаб қилишади. У Ж.га қўнғироқ қилиб, Яккасарой туманидаги офисда эканини билади. Жалол Хайруллаев, Ўткир Умрқулов ва Мақсуд Назаров, уларнинг ортидан яна бир машинада бошқа тезкор ходимлар Ж.нинг офисига қараб йўлга чиқади.
Йўлда кетаётган вақтида Ўткир Умрқулов ким биландир гаплашиб, ундан Tether USDT манзилига тушириб бера олиш ёки олмаслигини сўрайди. У тушириб бера олишини айтади. Сўнгра Жалол Хайруллаев М.га Telegram орқали аноним аккаунтдан Tether USDT манзилини жўнатади. М.Қ. балансидаги турли хил криптовалюталарни сотиб, уларни Tether USDTʼга конвертация қилади ва Хайруллаев жўнатган манзилга куннинг охиригача бўлиб-бўлиб ўтказади.
М.Қ. Жалол Хайруллаев жўнатган манзилга жами 233 минг долларга тенг криптовалюта ўтказиб берган. Шундан 13 минг долларга тенг криптовалюта Ж.га тегишли бўлган.
Офисга етиб боргач, М. тезкор ходимларнинг талаби билан Ж.га қўнғироқ қилиб, эшикни очишни сўрайди. Ж. эшикни очган вақтида уни ҳам ушлаб, Тошкент шаҳар ИИББга олиб кетишади.
“Дубинкага ўтқазиб, 5 дақиқада гапиртираман”
Тошкент шаҳар ИИББга олиб келинган Ж. ва М. яна сўроқ қилина бошлайди.
“Ж.ни Жалол Хайруллаев куч ишлатиб, сўроқ қила бошлади. Ж. адвокат талаб қилди. Бунга жавобан Жалол Хайруллаев Ўзбекистонда демократия йўқлигини, адвокати унга ёрдам бера олмаслигини айтди. Шу вақтда уларнинг бошлиғи Сардор Набиев хонага кириб келди ва тахминан 5 дақиқадан кейин чиқиб кетди. Телефон паролини айтмагани учун Ж.ни қийнашди. Паролни айтганидан сўнг унинг электрон ҳамёнини текшириб кўришиб, охирги лойиҳа бўйича Сарвардан қанча пул олганини сўрашди. Ж. 20 минг долларга тенг криптовалюта олганини айтди.
Шу криптовалютани уларга топширишини талаб қилишди. Ж.ни ва мени қўлимизга кишан солган ҳолда қамашларини айтиб, қўрқитишди. Биздан тинмай қайси ташкилотдан интернет орқали пул ўғирлаганимизни сўрашарди. Биз ҳеч қайси ташкилотдан пул ўғирламаганимизни айтдик. Шунда Серикбай Куланов дубинкага ўтқазиб, 5 дақиқада гапиртиришини билдирди. Қўлларимизга кишан солинган ҳолда тахминан 1 соат тик турдик”, деган М.Қ. кўрсатмасида.
Сўнгра Ўткир Умрқулов М.дан “интернет тармоғида бузғунчилик қилиб топган 3 минг монеро криптовалютани ўз хоҳиши билан топшириш ва бундай жиноятни бошқа қилмаслик” ҳақида тилхат ёздириб олади. Шундан кейин йигитларнинг қўлидаги кишанни ечиб, Жавлон Аҳмедовга қўнғироқ қилади ва уларни олиб кетишини айтади.
ИИБ ходимлари М. ва Ж. ни ташқарига олиб чиқиб, Жавлон Аҳмедовга учраштиради ҳамда эртаси куни келишни буюради. Йигитлар эртасига яна Тошкент шаҳар ИИББга боришади. Ўткир Умрқулов ва Жалол Хайруллаев улар билан гаплашиб, бўлган воқеаларни ҳеч кимга айтмаслигини маълум қилади.
М.Қ. ички ишлар биносидан чиққач, йиллар давомида топган пуллари ноқонуний олиб қўйилганини тушуниб етади. Сўнгра ҳолат юзасидан Давлат хавфсизлик хизматига мурожаат қилади.
Тақсимланган 233 минг доллар
Икки йигитдан олинган 233 минг долларга тенг криптовалюталар аслида Жавлон Аҳмедовнинг крипто ҳамёнига ўтказилганди. 2024 йил 27 июн куни Жавлон Аҳмедов ушбу криптоактивларни нақдлаштиради. Бу ишда ёрдамлашган икки шахснинг ҳар бирига хизмати учун 2 300 доллардан беради. Сўнг 75 минг 80 долларни ўзига олиб, 150 минг долларни Ўткир Умрқуловга тақдим қилади. Ўз навбатида, Ўткир Умрқулов Жалол Хайруллаев ва Анвар Пўлатов билан учрашиб, ҳар бири 43 минг доллардан бўлиб олади. Улар “режа”да қатнашган бошқаларга 150 минг эмас, 60 минг доллар қўлга киритилганини айтади. Шу тариқа, бўлим бошлиғи Сардор Набиевга 10 минг доллар, бўлим катта тезкор вакили Камолиддин Бекназаров, бўлим кичик тезкор вакиллари Серикбай Куланов, Мақсуд Назаров ва Ақжигит Пирментаевнинг ҳар бирига 2 минг доллардан тақсимлаб беришган.
“Опер”ларнинг уйидан нималар топилган?
2024 йил 4 июл куни ДХХ Тошкент шаҳар бошқармасига қилинган мурожаат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тезкор қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармаси гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш бўлими хизмат хоналари ҳамда ушбу бўлим тезкор ходимларининг яшаш хонадонларида кечиктириб бўлмас ҳолларда тинтув ҳаракатлари ўтказилган.
Анвар Пўлатовнинг яшаш хонадонидан 45 минг доллар пул ва интернет дўконлар орқали сотиб олинган 4,2 грамм марихуана, 25,8 грамм гашиш ҳамда 3,3 грамм мефедрон гиёҳванд воситалари топилган.
Шунингдек, Ўткир Умрқуловнинг уйидан 56 300, Жалол Хайруллаевникидан 9 минг, Жавлон Аҳмедовнинг яшаш хонадонидан 35 500 доллар ашёвий далил тариқасида олинган.
Тезкор тадбир давомида Сардор Набиев жиноий йўл билан қўлга киритган 10 минг, Мақсуд Назаров, Серикбай Куланов ва Ақжигит Пирментаевнинг ҳар бири 2 минг доллардан пул маблағини ихтиёрий равишда тақдим қилган. Дастлабки тергов давомида олинган жами 170 127 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағлари жиноят иши бўйича ашёвий далил деб эътироф этилган.
“Айбимга иқрор эмасман”
Суд ҳукмида келтирилишича, тезкор ходимларнинг ҳеч бири айбига иқрорлик билдирмаган. Хусусан, Ўткир Умрқулов ўз кўрсатмасида дастлабки тергов жараёнида уларга нисбатан тазйиқ ўтказилгани сабабли ушбу пулларни олгани ҳақида кўрсатув берганини билдирган.
“Жавлон Аҳмедов IT йўналишида ишловчи Али исмли шахс борлигини, катта ташкилотлар ва корхоналарнинг хавфсизлик тизимини бузиб кириб, уларнинг ҳисобрақамидаги пулларини ўзлаштирганини айтди. У томондан берилган маълумотларга қизиқиб, ушбу шахс тўғрисида маълумот тўплай бошладим. Жараёнда у М.Қ. эканини билдим.
М.Қ. бизга крипто ҳамёнидаги пулларни ўтказиб бермаган. Жавлон Аҳмедов машинасида менга 150 минг доллар берганини тан олмайман, мен ҳеч кимдан пул олмаганман. Яшаш хонадонимдан 56 300 АҚШ доллари ашёвий далил тариқасида олинган бўлиб, 43 000 доллардан ташқари пулларнинг жиноятга умуман алоқаси йўқ”, деган Ўткир Умрқулов ўз кўрсатмасида.
Жавлон Аҳмедов эса судда айбига қисман иқрор бўлган.
“2024 йил 26 июн куни ўзимнинг крипто ҳамёним ҳисобрақамини Ўткир Умрқуловга Telegram орқали юбордим. Шунда менга М.Қ.нинг крипто ҳамёнидан жами бўлиб 232 минг USDT бўлиб-бўлиб ташлаб берилди. Тахминан 2 кун ўтиб, Рагиф исмли танишимдан криптовалюталарини нақдлаштиришда ёрдам сўрадим. У менга Саша исмли танишини топиб берди. Шу куннинг ўзида Ойбек метро бекати олдидаги кафеда мен, Саша ва Рагиф кўришдик. Саша менга 222 минг доллар берди. У нақдлаштириб бергани учун 5-6 фоиз хизмат ҳақи олиб қолди.
Сўнгра Рагиф билан унинг офисига бориб, ёрдам бергани учун 2 300 доллар бердим. Пулларни нақдлаштириб олганимдан сўнг 70 минг долларни ўзимга, 150 минг долларни шу куннинг ўзида Ўткир Умрқуловга Яшнобод туманида жойлашган уйи олдига олиб бориб бердим”, деган у суддаги кўрсатмасида.
Жазо
Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман судининг 2025 йил 27 майдаги ҳукми билан судланувчилар Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбли деб топилиб, қуйидагича жиноий жазога тортилди:
- Ўткир Умрқулов, Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда товламачилик) ҳамда 206-моддаси 2-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш;
- Жалол Хайруллаев, Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а” банди ҳамда 206-моддаси 2-қисми “а” банди билан 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш;
- Анвар Пўлатов, Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а” банди, 206-моддаси 2-қисми “а” банди, 241-1-моддаси (жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш) 1-қисми ҳамда 276-моддаси (гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 2-қисми “а” банди билан 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш (унга жазони ўташ даврида гиёҳвандликдан даволаниш бўйича тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўллаш ҳам белгиланган);
- Серикбай Куланов, Жиноят кодексининг 28,165-моддаси 3-қисми “а” банди билан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш;
- Жавлон Аҳмедов, Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а” банди билан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш;
- Сардор Набиев, Жиноят кодексининг 206-моддаси 2-қисми “а” банди билан 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш;
- Камолиддин Бекназаров, Жиноят кодексининг 241-моддаси 1-қисми (тайёргарлик кўрилаётган ёки содир этилган оғир ёки ўта оғир жиноят ҳақида аниқ билгани ҳолда хабар бермаслик) билан қамоқда сақланган кунларини чегириб қолинган ҳолда 2 йил 1 ой 6 кун муддатга озодликни чеклаш;
- Мақсуд Назаров, Жиноят кодексининг 241-моддаси 1-қисми билан қамоқда сақланган кунларини чегириб қолинган ҳолда 2 йил 1 ой 6 кун муддатга озодликни чеклаш;
- Ақжигит Пирментаев, Жиноят кодексининг 241-моддаси 1-қисми билан қамоқда сақланган кунларини чегириб қолинган ҳолда 2 йил 1 ой 6 кун муддатга озодликни чеклаш.
Шунингдек, тезкор ходимларнинг барчаси 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида, яъни ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
Ашёвий далил деб эътироф этилган 170 127 АҚШ доллари давлат ҳисобига ўтказилган. Шунингдек, Ўткир Умрқулов, Жалол Хайруллаев, Анвар Пўлатов, Серикбай Куланов ва Жавлон Аҳмедовдан солидар тартибда 60 873 доллар пул маблағи давлат фойдасига ундирилиши белгиланган.
Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2025 йил 16 сентябрдаги ажрими ҳамда шу суд тафтиш инстанциясининг 2025 йил 30 октябрдаги ажрими билан дастлабки суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.
Руслан Сабуров,
Kun.uz
Суд ҳужжатлари асосида тайёрланди
Мавзуга оид
08:41
Тошкентда 115-сонли автобус йўналиши янгиланди
09:34 / 04.12.2025
Тошкентда йўлларни ифлослаган юк машиналари бўйича рейдлар кучайтирилди
18:21 / 03.12.2025
Тошкентда тирбандликни камайтириш мақсадида йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази очилади
11:34 / 03.12.2025