Жаҳон | 21:20 / 08.09.2022
18452
7 дақиқада ўқилади

Украина бош қўмондони уруш истиқболлари ҳақида мақола ёзди. У Россиядагиларга ҳам урушни «ҳис қилдирадиган» қуроллар керак деган хулосада

Украина президенти матбуот хизмати / Reuters / Scanpix / LETA

Украина қуролли кучлари бош қўмондони, генерал Валерий Залужний ва Олий Рада мудофаа қўмитаси раҳбари ўринбосари, генерал-лейтенант Михаил Забродский «Укринформ» платформасида «2023 йилдаги ҳарбий кампания истиқболлари: Украина томондан қараш» сарлавҳали мақолани эълон қилди — уни бир неча тилларда ўқиш мумкин. Мақола Германиянинг «Рамштайн» авиабазасида Украинага ҳарбий ёрдамни мувофиқлаштириш бўйича гуруҳнинг учрашуви арафасида чиқди — катта эҳтимол билан, бу орқали омма эътиборини яна бир бор украин ҳарбийларининг Ғарб қуролларига бўлган эҳтиёжига қаратиш мўлжалланган.

Мақола аввалида Залужний ва Забродский Россия ва Украина ўртасидаги уруш 2022 йилдан кейин ҳам давом этишини кутиш учун «барча асослар» борлиги — шу туфайли украин ҳарбийларининг 2023 йилдаги ҳарбий амбициялари кўлами ва Украинага ҳамкорлардан қандай қуроллар кераклиги ҳақидаги саволларга жавоб бериш мантиқийлигини айтишади.

Мақола муаллифлари фикрича, Россиянинг 2023 йилдаги мақсадлари Донецк областининг маъмурий чегараларига чиқиш (Россия «махсус амалиёт»нинг бундай мақсади ҳақида бир неча бор очиқ гапирган), шунингдек Запорижжя йўналиши ва Украина жанубида илгарилаш бўлиши мумкин. «Запорижжя ва Днепр душман қўлига ўтиши эҳтимоли Киев Украинанинг чап соҳилдаги катта ҳудудни бой беришини англатади, россияликларнинг жанубда муваффақиятли юриш қилиши — Миколайив, Одесса эгалланиши, Кривой Рог, мамлакатнинг марказий ва ғарбий областлари таҳдид остида қолиши — Россия «махсус амалиёт деб аталган амалиётни мантиқий (кечикиб бўлса ҳам) якунлаб қўйишини таъминлаши мумкин», дейилган мақолада.

Бош қўмондон фикрича, 2023 йилда Украина қуролли кучларининг ҳолати қандай бўлиши «унчалик аниқ эмас». Мақолада Изюм ва Бахмут йўналишларидаги тўқнашув линияларининг «ўта ноқулай» контурлари, бу йўналишларда душманни тўхтатиб туриш учун «кучларнинг икки тўплами» зарурлиги, шунингдек «ўт очиш воситалари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари» етишмаслиги қайд этиб ўтилади. «Жануб ва Шарқдаги вазият ҳам яхши кўринишда эмас», — дея ёзади муаллифлар.

Кейин улар асосий мулоҳазаларга ўтишади — таъсир кўрсатилиши урушдаги вазиятни ўзгартириши мумкин бўлган «РФнинг оғирлик маркази» ҳақида.

Дастлаб Залужний ва Забродский бундай марказ Қрим бўлиши мумкинлигини таҳлил қилишади. Уларнинг фикрича, Қримнинг муваффақиятли мудофааси Россиянинг 2023 йилдаги асосий муваффақияти бўлиши ҳақида «хулосага келиш қийин эмас», чунки яриморол «каттагина қўшинлар ва қурол-яроғ» жойлаштириш жойи ҳам ҳисобланади; у ерда Қора денгиз флоти қароргоҳи ҳамда Россия бутун Украина бўйлаб зарбалар бериши мумкин бўлган аэродромлар жойлашган.

Мақола муаллифлари ёзишича, агар Қрим Россиянинг урушдаги «оғирлик маркази» деб олинса, Украина 2023 йилда яриморолни эгаллаб олиш кампаниясини режалаштириши керак бўлади. Бунинг учун, генералларнинг ҳисоблашича, Украина қуролли кучларининг мавжуд бирлашмаларини ишга солиш эмас, балки «таркибида ўнтадан йигирматагача бригадалар бўлган бир ёки бир неча оператив (оператив-стратегик) гуруҳлар» ташкил этиш керак бўлади. Бу жараён давомида мавжуд бўлинмалар Украина ҳамкорлари томонидан замонавий қуроллар билан таъминланиши талаб этилади. Мақолада таъкидланишича, бунинг учун сиёсий ирода ва яхши режалаштириш, шунингдек «етакчи мамлакатларнинг ишлаб чиқариш базалари ва захиралари»дан фойдаланиш талаб этилса-да, буларнинг бари «мутлақо реал».

Шунга қарамай, Залужний ва Забродский бундай ёндашувни «жуда бирёқлама» деб аташади. Хусусан, улар ҳатто Қримни бой берган тақдирда ҳам, Россия Қора денгиз флоти ва авиацияни Краснодар ўлкасида қайта жойлаштириб, йўқотишлар ўрнини вақт ўтиши билан тўлдириб бориши мумкин. Бунинг бари можаро келгусида ҳам давом этишини англатади.

Залужний ва Забородский аксар россияликлар учун уруш «олисда» экани, улар «жисмонан олисда ва жазосиз бўлиши»ни Россиянинг чинакам «оғирлик маркази» деб аташади. «Бундай узоқлик туфайли РФ фуқаролари йўқотишлар, муваффақиятсизликлар, асосийси — бу урушнинг том маънодаги нархини у қадар оғриқли қабул қилишмаяпти», — дейилади мақолада.

Генераллар Россия Украинанинг бутун ҳудуди бўйлаб зарбалар йўллагани ҳолда ўзи «жазосиз» қолиш имкониятига эгалиги, бу вақтда Украина — шунчаки «рақибнинг фронт орти»га зарба бера олиш билан чекланишини таъкидлайди. Уларнинг фикрича, Россияни бундай устунликдан маҳрум этиб бўлмайди, аммо Украина бунга «шундай узоқликда ҳаракатланиш имконияти» билан қарши туриши мумкин. Бунинг учун Украина армияси артиллерия, ракета қўшинлари, авиация ва ҳарбий-денгиз кучларини хориждан жўнатмалар орқали қайта жиҳозлаши керак бўлади.

Залужний ва Забродский Россиянинг Қримдаги авиабазалари, жумладан, 9 август куни Сакидаги авиабазага давомли ракета зарбалари йўлланганини «бундай ёндашув тўғрилигига ишонарли мисол» сифатида келтирган. Бунгача Украина расмийлари бу ҳужумлар учун расман жавобгарликни зиммасига олишмаганди.

«Украина қуролли кучларининг 2023 йилга мўлжалланган вазифаси — нишонлардан анча узоқда бўлиб ҳам россияликлар ва бошқа истило остидаги ҳудудларда [Қримдан ташқари] бундай ҳис-туйғуларни ўткирроқ, табиийроқ ва жуда сезилувчан қилишдир. <…>  Украина қуролли кучлари тегишли қуроллардан фойдаланиши хавфи мавжудлиги Россия Федерациясини қарама-қаршилик табиати, йўналиши ва якунларини бошқача кўриб чиқишга мажбур этади», — дея ёзишган украин генераллари.

Якунда Залужний ва Забродский иттифоқчилар ёрдами 2023 йилда «Украина қаршилигининг моддий асоси» бўлиб қолиши даркорлигини таъкидлашади. Уларнинг фикрича, ёрдам ҳажми ва муддатига жаҳон ҳамжамияти можаронинг ҳақиқий кўламини тушунмаслиги таъсир кўрсатмоқда, чунки Украинадаги уруш ҳақиқатлари — ҳаво тревогаси сиреналари, шаҳарларга ракета ва бомбалар ташланиши, дарёлар кечиб ўтилиши ва танклар билан бостириб келиниши — «дунёдаги одамларнинг мутлақ кўпчилиги учун… фақат ўтган юз йилликдаги жаҳон урушларининг хаёлий ҳақиқати бўлиб қолмоқда».

Мавзуга оид