Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Германиядаги ҳаёт, бепул таълим, яшаш харажатлари – Музаффар Максумов билан суҳбат
16 июнь куни UzbekLife жамоаси Германиянинг Зиген университети магистратура босқичи битирувчиси Музаффар Максумов билан Instagram’да жонли эфир орқали суҳбат ўтказган эди.
Бугун ушбу суҳбатнинг тўлиқ ёзиб олинган вариантини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Минимал 6.5 балл олганлар грант соҳиби бўлган
2018 йил Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети кимё йўналишида охирги босқичда таҳсил олар эдим.
Ўша йилларда Ислом Каримов фондининг грант танлови ҳақида эшитиб қолдим. Кейин у ҳақида маълумотлар йиға бошладим.
Танлов бешта босқичда бўлиб ўтган. Дастлабки босқичда – инглиз тилини билиш даражаси тест орқали текширилади. Бунда одатдаги абитуриентларга бериладиган саволлар эмас, балки, бироз мураккаброқ саволлар жамланган. Кейинги босқичда - мутахассислик бўйича яна бир тест топширилган. Учинчи босқичга ўтганлар Республикадаги нуфузли олим-профессорларнинг суҳбатида бўлишади.
Навбатдаги босқичда – психологик тест ва суҳбат ўтказилган. Танловнинг сўнгги босқичида – IELTS имтиҳони бўлиб ўтади. Бунда минимал 6.5 балл олганлар грант соҳиби бўлган.
Талабгорлар босқичма-босқич камайиб борар эди. Агар сиз биринчи босқичдан ўта олмасангиз, сизда кейингиларида қатнашиш имкони бўлмайди.
Танловда ғолиб бўлган стипендиантларга таълим олиш учун хорижий давлат ва университетни эркин танлаш, ўқиш давридаги ойлик барча харажатлар қопланиши, йиллик семестрлар учун тўловлар тўланиши, авиачипталарнинг бепул берилиши, ҳаттоки бир йилда бир маротаба Ўзбекистонга бориб-келиш имконияти айнан Ислом Каримов фонди томонидан тўлиқ таъминланган.

Германияда деярли барча университетларда таълим бепул
Германияда таҳсил олишнинг афзаллик жиҳатларидан бири – маълум бир олий таълим муассасаларидан ташқари бошқаларида тўлов – шартнома асосидаги таълимнинг мавжуд эмаслигида. Фақат семестр давомида университетнинг жойлашувига қараб, ўртача 200-500 евро тўлов бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, бу ерда университет маъмурияти талабалар орасида молиявий имконияти чекланганларини ҳисобга олиб, қўшимча йилига 120 кун тўлиқ ёки 240 кун 0,5 иш ставкасида ишлашга рухсат беради.
Маърузалар давомида талабадан ҳар бир маърузада қатнашиш талаб қилинмайди. Дарслардан сўнг эса ҳамма уйга эмас кутубхонага шошилади. Талабалар жамоа бўлиб ишлашади, имтиҳонларга тайёргарлик кўришади. Шунинг учун ҳам Германия кутубхоналари ҳар доим гавжум.

Транспорт воситалари учун семестр йўл чипталари берилади
Зиген университетига 1971 йилда асос солинган. У Германиянинг ўқиш бепул бўлган университетларидан бири. Университетда 5 та факультет бўлиб, ижтимоий-гуманитар, табиий ва аниқ фанлар, муҳандислик, тиббиёт ва мусиқа йўналишларида мутахассисларни тайёрлашади.
Зигенда таълимнинг барча босқичларида таҳсил олиш мумкин.
Дарслар бакалавр босқичида деярли немис тилида, магистратура босқичи эса немис тилидан ташқари инглиз тилида ҳам олиб борилади.
Эътиборга молик жиҳати шундаки, Зиген университетида мутахассислик фанларидан ташқари, қизиқишингизга қараб бошқа йўналиш фанларида ҳам таҳсил олиш имкони берилган.
Яна бир муҳим маълумот, Зигенда талабаларга барча транспорт воситаларида юриш имконини берадиган семестр йўл чипталари берилади. Бу чипталардан фойдаланиб, дам олиш кунларида Европа давлатларини саёҳат қилиш мумкин.

Немислар билан дўстлашиш қийин
Немис халқи жуда ҳам тартибли, пунктуал халқ. Агар белгиланган учрашувларга кеч қолсангиз, буни қабул қилишмайди. Улар қонунларга қатъий риоя қилишади. Немислар билан дўст бўлиш қийин. Ҳамма билан ҳам кўнглини очиб, дўст бўлаверишмайди. Агар ҳурматини қозониб, дўст бўлсангиз, чинакам дўст бўлишади.
Германияда байрамлар ажойиб ташкиллаштирилади. Немислар байрамни яқинлар даврасида, сайёҳатлар уюштириб нишонлашади.
Менга уларнинг Рождество байрами ёқди. Янги йил арафасида деярли бир ой давомида маҳаллий халқ байрам тантаналарини уюштиришади. Шаҳарларда Рождество ярмаркалари ташкил қилинади. Муздан ясатилган саҳналарда мусиқий гуруҳларнинг чиқишлари намойиш этилади. Ҳатто Германиянинг чекка ҳудудларида ҳам бундай шукуҳни учратишингиз мумкин. Бу мавсумда турли мамлакатлардан минглаб сайёҳлар ташриф буюришади. Яна бир миллий байрамларидан бири Октоберфест фестивали.
Бу фестивалда Бовария халқи миллий либосда бўлишади. Сайёҳлар ҳам шу либосларни кийишади, миллий рақсларга тушишади. Шу тарзда фестивал ажойиб кайфиятда ўтади.

Немис тилини билиш муҳим
Германияга келган илк кунларимда немис тилини билмаслигим менда қийинчиликларни келтириб чиқарган. Марказий шаҳарлардан ташқари мамлакатнинг бошқа ҳудудларида инглиз тилини билишмайди. Мулоқот фақат немис тилида бўлади. Бирор муассасага мурожаат қилсангиз, немис тилини биладиган киши билан кел, деб қайтариб юборишади. Кўчаларни топиш, транспортларнинг йўналишини сўрашингиз учун немис тилини билмасангиз муаммоларга дуч келасиз.
Айниқса, маҳаллий халқ ҳаётига киришиш учун ҳам миллий тилни билиш зарур. Мен бу тилни 6 ой давомида ўргандим.
Виза олиш тартиби мураккаб эмас
Германияда ўқиш истагида бўлганлар учун виза олиш муаммо келтириб чиқармайди. Агар сиз қайсидир университетга ўқишга кирсангиз, сизнинг электрон почтангизга хабарнома келади. Ушбу хабарномани, паспорт, блокланган ҳисобрақам ва бошқа керакли маълумотларни тўплаб, виза тўлови билан элчихонага мурожаат қиласиз.
Шундан кейин, икки ҳафтадан бир ой муддат оралиғидаги иш кунида сизга виза берилади. Блокланган ҳисоб-рақамига келсак, унинг миқдори ҳар йили ўзгариб туради. Ҳозирда ҳисоб очиш 10500 евро атрофини ташкил қилади. Агар таълим грантингиз, яъни стипендиант бўлсангиз, блокланган ҳисобрақам талаб қилинмайди. Грант ғолиби бўлганлигингиз ҳақидаги маълумотноманинг ўзи етарли. Айрим университетлар талабаларига виза олиш, муддатидан олдин мамлакатга кириши учун кўмаклашишади.

Талабалар ойига ўртача 500-750 евро сарфлашади
Германияда талабаларнинг харажатлари ўртача 500-700 евро атрофида бўлади. Марказий шаҳарларда бироз қимматроқ. Кундалик эҳтиёжлардан ташқари, суғурта, семестрга ўтиш тўловлари ҳам мавжуд. Турар жой учун ижара уйларнинг нархи ўртача ойига 250-500 евро атрофида бўлади. Талабалар турар жойларининг нархи Зиген мисолида айтсам, 215-300 еврога тўғри келади.
Талабалар икки хил тартибда ишлаши мумкин.
Биринчи тартибда – талаба ўзи истаган жойларда масалан, етказиб бериш хизмати, турли ресторанлар, меҳмонхоналарда ҳафтасига 20 соатгача, 450 евродан ошмаган маош билан ишлаши мумкин. Чунки талабаларни бундан ортиқ вақтда ишлатишмайди.
Иккинчи тартибда – талаба ўзининг мутахассислигига мос соҳада ишлаш имконияти бор. Масалан, иқтисодчи бирор бир банкда ишлай олади, меҳмонхоналарда эмас. Бунда ойлик маоши 1000 Евродан ошади. Германияда IT йўналишида ишловчи талабаларга бошқа йўналишларга нисбатан кўпроқ тўлашади.
Пандемиянинг таълимга таъсири
Коронавирус пандемияси даврида барча таълим муассасалари масофавий таълимга ўтди. Дарслар ZOOM платформасида ташкил этилди. Имтиҳонлар ҳам масофавий топширилди. Бу бироз таълим сифатини туширган бўлса, иккинчи томондан ишлаётган талабалар учун қулай бўлди. Уларнинг харажатлари нисбатан камайиб, ишдан сўнг платформада ёзиб олинган дарсларни ўзлаштириб олишлари мумкин бўлди.
Тўлиқ видеони UzbekLife’нинг YouTube’даги каналида томоша қилинг.
Уфора Ҳабибуллаева суҳбатлашди
Мавзуга оид
09:37 / 26.12.2025
Россия ТИВ россияликларни Германияга сафар қилмасликка чақирмоқда
16:37 / 25.12.2025
Россия учун диверсия тайёрлаганликда айбланаётган украиналик Германияга топширилди
11:48 / 24.12.2025
WDR: Германия ташқи разведкаси раҳбари Наришкин билан телефонда гаплашган
12:57 / 23.12.2025