Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сабзи нархи 5 баробар арзонлашди ва бу даража баҳоргача сақланиб қолади – Қишлоқ хўжалиги вазирлиги
Ўзбекистонда ноябрь ойида сабзи нархи 2021 йил июнь ойи билан таққосланганда 4-5 баробаргача арзонлашди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги прогнозига кўра, 2022 йил баҳорида кутиладиган янги ҳосилга қадар сабзи нархи шу даражада сақланиб қолади.
Фото: pixabay.com
Вазирлик хабарига кўра, сабзи нархини барқарорлаштиришга қаратилган тегишли чора-тадбирлар орасида қуйидагилар бор: экин майдонларини кўпайтириш, юқори ҳосилли навларни экиш, суғориш технологияларини қўллаш, касаллик ҳамда зараркунандаларга қарши ўз вақтида кураш.
Чора-тадбирлар натижасида 2021 йилда сабзининг ўртача ҳосилдорлигини бир гектардан 20-25 тоннадан 30-40 тоннагача миқдорда ошириш имконияти яратилди. Шу тариқа, 1 кг сабзи таннархи фермер хўжаликларида 700-800 сўмгача (6,5-7,5 цент) арзонлашди. 20 июнь ҳолатига кўра, 1 кг сабзи ўртача чакана нархи 6 000-10 000 сўмни ташкил этган бўлса, бугунги кунда (2021 йил октябрь-ноябрь) 2000 сўмгача тушди, даланинг ўзидаги ўртача харид нархи 1 кг сабзи учун 1000-1500 сўм атрофида.
Қайд этилишича, жорий йил сабзи нарх ўзгариши туфайли кўп бора эътибор марказида бўлди, бунинг асосий сабаби - 2021 йил баҳорда эртапишар сабзининг етилиши деярли бир ойга кечиккан.
Ёзга келиб, сабзи нархига оид вазият бутунлай барқарорлашгани айтилади. Ёз охири ва куз ойлари бошида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан аҳоли учун «даладан истеъмолчигача» тамойили асосида арзонлаштирилган ярмаркалар ишга туширилди. Уларда сабзи ва бошқа асосий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари шундоқ даланинг ўзидан бозор расталарига олиб келингани сабаб, паст нархларда сотилишига эришилди, дейилади маълумотда.
2021 йили барча тоифа хўжаликларида сабзи жами 124,4 минг гектар (ўтган йилга қараганда 18,2 минг гектарга кўп) майдонда экилди. 2021 йилда етиштирилган 2 млн тоннадан ортиқ ҳосилдан (ўрим-йиғим ишлари давом этяпти) асосий қисми ички бозор эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилмоқда.
Бунда такрорий экиндан йиғилган 140 минг тонна сабзи қишки-баҳорги мавсумда аҳоли таъминоти учун захирага олинади, кечпишар сабзининг бир қисми эса умумий қуввати 250-300 минг тонна бўлган ўнлаб ихтисослаштирилган корхоналар базасида қайта ишланади (2020 йилда 110 минг тонна сабзи қайта ишлаш, қуритиш, шок усулида музлатишга юборилган).
Таъкидланишича, мамлакат аҳолисининг сабзи маҳсулотига бўлган йиллик талаби 700-800 минг тоннани ташкил этади (тиббий меъёрларга кўра, бир инсоннинг йиллик эҳтиёжи тахминан 20 кг.дан иборат). Истеъмол саватчасидаги сабзи маҳсулотининг улуши 0,4 фоиз ҳисобланади.
2021 йили сабзи экспорти ҳажми хорижий давлатларда ушбу қишлоқ хўжалиги маҳсулотига бўлган талаб ва харид нархлари ўсиши оқибатида сезиларли даражада ошган. 2021 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра, жами 50,5 минг тонна ёки ўтган йилги шу даврга нисбатан 17 фоизга кўп сабзи экспорт қилинган. Экспорт қилинган сабзининг 65 фоизи апрель-июнь ойлари, яъни эртапишар сабзи мавсумига тўғри келган.
Мавзуга оид
16:52 / 02.01.2026
Эртанги кун технологияси – бугун. Супер замонавий 5-авлод иссиқхонасига саёҳат
08:50 / 25.12.2025
Қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага бериш тартибига ўзгартиришлар киритилди
21:33 / 22.12.2025
“Бизни тинч қўйишса, кўпроқ ҳосил оламиз” – Когонлик фермер ўзи ва ҳамкасблари қандай шароитда ишлаётгани ҳақида
22:17 / 13.12.2025