Ўзбекистон | 19:07 / 25.07.2021
26859
3 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг 4тадан тумани чегаралари ўзгарди

Тошкент вилоятининг Зангиота, Қибрай, Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларидан 7,8 минг гектардан кўпроқ ер майдонлари пойтахтнинг Сергели, Бектемир, Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманлари ҳудудига қўшиб берилди. Шунингдек, Сергели ва Бектемир туманларидан 171,3 гектар ер майдони Тошкент вилояти ҳисобига ўтказилган.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг бу ҳақдаги қарори 23 июль куни қабул қилинди, деб хабар бермоқда «Газета.uz».

«Тошкент шаҳрида бўш ер майдонларининг камлиги натижасида янги қурилиш ва инфратузилма объектларини барпо этиш орқали аҳоли фаровонлигини оширишда қатор қийинчиликлар кузатилмоқда. Шунингдек, инвестиция лойиҳаларини мавжуд якка тартибдаги уйлар жойлашган ер участкаларининг давлат ва жамият эҳтиёжлари учун олиниши аҳоли ўртасида ҳақли эътирозларга сабаб бўлмоқда», — дейилади ҳужжатда.

Шу боис Тошкент шаҳрининг кейинги ривожланиши учун қулай шароитлар яратиш мақсадида Тошкент шаҳрининг чегараларини ўзгартириш ва Тошкент вилоятининг Зангиота, Қибрай, Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларидан ўтадиган жами 7853,3 гектар ерларнинг Тошкент шаҳрига қўшиб олиниши ҳисобига Тошкент шаҳрининг чегараларини ўзгартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилгани алоҳида таъкидланган.

Ҳужжатга кўра:

  • Сергели тумани таркибига Тошкент вилоятининг Зангиота туманидан 1827,1 гектар (шундан, 424,2 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари);
  • Бектемир тумани таркибига Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидан 490 гектар (шундан, 154,2 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ва Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидан 1134,2 гектар;
  • Мирзо Улуғбек тумани таркибига Тошкент вилоятининг Қибрай туманидан 2294,6 гектар (шундан, 1090,9 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари);
  • Яшнобод тумани таркибига Тошкент вилоятининг Қибрай туманидан 2107,4 гектар (шундан, 1002,6 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдони, жами 7853,3 гектар ер майдони Тошкент шаҳри таркибига қўшилди.
  • Бундан ташқари, Сергели ва Бектемир туманларидан 171,3 гектар ер майдони Тошкент вилоятига ўтказилди:
  • Сергели туманидан 33,8 гектар ер майдони Тошкент вилоятининг Зангиота тумани таркибига;
  • Бектемир туманидан 137,5 гектар ер майдони Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани таркибига ўтказилди.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг қарорида Тошкент шаҳри ва вилояти туманларининг янги чегаралари таснифлаб чиқилган. «Газета.uz»нинг қайд этишича, эндиликда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Сергели, Бектемир, Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманлари чегараларини ўзгартириш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига илтимоснома киритиши кутилмоқда.

Ҳужжат ҳалигача Тошкент шаҳар ҳокимлигининг расмий сайти ва бошқа манбаларида эълон қилингани йўқ. 

Мавзуга оид