Ўзбекистон | 14:40 / 10.11.2025
2042
2 дақиқада ўқилади

Тиббиёт марказлари шахсий мулк эмас: раҳбарларга бир йиллик «катта режа» талаби қўйилди 

Президент тиббиёт марказлари шахсий мулк эмаслигини таъкидлаб, ҳар бир раҳбардан бир йиллик «катта режа» талаб қилди. Уч ой ичида халқаро ҳамкор топиш ва аниқ ўзгаришларни бошлаш шарт, акс ҳолда бу ишлар уларсиз амалга оширилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Соғлиқни сақлаш бўйича йиғилишда Республика онкология марказидаги бошқарув ўзгариши ва хориж тажрибасини кенг жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Яқинда марказ раҳбари лавозимидан озод этилди, ўрнига Туркияда малакага эга бошқарувчи тайинланди. Шу билан бирга, Франциянинг жаҳонда тан олинган Gustav Roussy клиникаси ҳамкор сифатида жалб этилди, уларнинг клиник протоколларини миллий амалиётга босқичма-босқич татбиқ этиш режалаштирилган.

Президент марказлар фаолияти юзасидан қатъий позицияни билдирди:

«Барча марказ раҳбарлари эшитиб олсин: марказлар шахсий мулк эмас, уларнинг барчаси давлатники, халқники! Ҳар бир марказ раҳбари хулоса чиқариб, ўзига бир йиллик катта режа олиши керак. Улар уч ойда хориждан ҳамкор топиб, ўзи ўзгариш қилади ёки бу ишни уларсиз қиламиз».

Йиғилишда соҳадаги бошқа тизимли муаммолар ҳам кўтарилди. Вилоят, туман тиббиёт раҳбарлари ва оилавий поликлиника мудирларида эскича ёндашув сақланаётгани, ҳудудларга катта меҳнат билан етказилган қимматбаҳо ускуналар тўлиқ қувватда ишламаса-да, баъзилари ҳануз қадоғидан чиқарилмагани танқид қилинди.

Аниқ мисоллар келтирилди: Гурлан тумани шифохонасига 300 минг долларга олинган МСKT аппарати атиги 9 фоиз юкламада ишлаяпти. Навоий вилоят шошилинч марказида тахминан 1 млн долларлик ангиограф ҳам бор-йўғи 4 фоиз қувват билан фаолият кўрсатмоқда. Мутасаддиларга хусусий клиникалар тажрибасини ўрганиб, юқори технологияли ускуналардан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш вазифаси қўйилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид