Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳиндистон Ўзбекистонда замонавий тиббиёт маркази барпо этади
Ўзбекистон элчихонаси ва Ҳиндистон Глобал савдо ва технология кенгаши (Global Trade & Technology Council of India - GTTCI) томонидан инвестициялар, тиббиёт, фармацевтика ва таълим соҳаларидаги ўзаро муносабатларга бағишланган бизнес-форум ўтказилди.
Халқаро тадбирда Ҳиндистоннинг 100 дан зиёд компанияси вакиллари иштирок этди.
GTTCI раиси Рашми Салужа Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасида жадал суръатлар билан ривожланиб бораётган иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик ҳақида батафсил маълумот тақдим этди. Ҳиндистон делегациясининг IV Тошкент халқаро инвестиция форумидаги иштироки доирасида эришилган келишувлар ва имзоланган ҳужжатларнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, Ўзбекистонда инвестициявий фаолият юритиш, қўшма корхоналар барпо этиш, учинчи мамлакатларга маҳсулотлар ва хизматлар экспорт қилиш амалиёти билан шуғулланиш учун яратилган жозибадор муҳитга урғу берилди.
Анжуман иштирокчилари эътибори тиббиёт, фармацевтика ва таълим йўналишларида олиб борилаётган шериклик муносабатларига қаратилди. Хусусан, Ўзбекистонда ташкил этилган махсус фармацевтика эркин иқтисодий ҳудудлари, давлат раҳбари ташаббуси ижроси доирасида Андижон вилоятида Ҳиндистон билан биргаликда тиббиёт таълимини ривожлантириш учун барпо қилинган махсус ҳудуд икки мамлакат ўртасида иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш учун янги ва истиқболли имкониятлар очиб бергани қайд этилди.
Элчихона томонидан мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижалари, тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш, чет эл компанияларнинг инвестициявий фаолияти учун тақдим этилаётган қулай муҳит ва шароитлар, имтиёз ва преференциялар тизими ҳақида сўзлаб берилди.
Халқаро форумда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида олий таълим соҳасидаги янги лойиҳалар тақдим этилди. Хусусан, Қўқон университетининг Андижон филиали, GTTCI ва Ҳиндистоннинг етакчи тиббий клиникаларидан бири – Сир Ганга Рам шифохонаси ҳамкорлигида ҳинд ёшларининг Ўзбекистонда тиббий таълим олишга йўналтириш ва замонавий кўп қиррали ихтисослашган тиббиёт марказини барпо қилиш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақидаги маълумот анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Ушбу лойиҳа доирасида жорий йил Андижонга ҳиндистонлик минг нафарга яқин йигит-қизларни жалб қилиш ҳамда яқин келажакда Сир Ганга Рам шифохонасининг замонавий мажмуасини фойдаланишга топшириш кўзда тутилган. Шу мақсадда Қўқон университети ва GTTCI ҳамда GTTCI ва Сир Ганга Рам шифохонаси ўртасида тегишли меморандумлар имзоланган. Шунингдек, жорий йил июл ойида Ҳиндистон шифохонаси делегацияси Қўқон ва Андижон шаҳарларида бўлиб, бўлажак тиббиёт маркази барпо этиладиган ҳудудлар билан яқиндан танишди ва дастлабки музокараларни муваффақиятли тарзда ўтказди.