Ўзбекистон | 15:20 / 02.12.2025
3793
2 дақиқада ўқилади

Президент Жиззахда янги тиббиёт кластерининг дастлабки босқичи билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев янгидан барпо этилган Жиззах вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказига ташриф буюриб, вилоятда ташкил этилаётган тиббиёт кластерининг дастлабки босқичи фаолияти билан танишди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Мазкур мажмуа аҳолига деярли барча асосий тиббий хизматларни бир жойнинг ўзида кўрсатиш имконини яратади. Замонавий тиббиётда бундай кластерли ёндашув тезкор диагностика, юқори технологияли даволаш ва беморлар учун бюрократик жараёнларни камайтиришнинг энг самарали модели сифатида эътироф этилган.

Марказ замонавий етти қаватли бинода жойлашган бўлиб, кунига 400 нафаргача беморни қабул қилиш қувватига эга. Стационарда 344 та ўрин мавжуд. Умумий қиймати 100 миллиард сўмдан ортиқ бўлган МРТ, МСКТ, лаборатория комплекслари, юқори технологияли жарроҳлик ускуналари ўрнатилган.

Поликлиника, радиология, кардиохирургия, нейрохирургия, офталмология ва урология каби бўлимларнинг бир мажмуада жойлашгани тиббий хизмат кўрсатиш жараёнини тезлаштиради, шифокорлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиради, беморлар ҳаракатини енгиллаштиради. Янги имкониятлар туфайли юқори технологияли операциялар учун навбатларнинг қисқариши лойиҳанинг энг муҳим ижтимоий самараси сифатида қайд этилмоқда.

Марказ ишга тушиши натижасида Жиззах аҳолисининг республика шифохоналари ёки қўшни вилоятларга бориб даволаниши 75–80 фоизга камайиши кутилмоқда.

Тиббиёт кластери доирасида Қозон федерал университети билан маҳаллий мутахассислар учун малака ошириш, илғор диагностика ва даволаш усулларини жорий этиш, замонавий тиббий стандартларни ўзлаштириш бўйича узоқ муддатли ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Президент соғлиқни сақлаш масъуллари, шифокорлар, шунингдек Қозон тиббиёт университетининг Жиззах филиали ўқитувчи ва талабалари билан мулоқотда тиббиёт кластерлари бошқарувига янги механизмлар жорий этиш, хорижий эксперт ва менежерларни жалб этиш, мутахассисларни бевосита ўзимизда ўқитиш, рақамлаштириш ва сунъий интеллектдан фойдаланишни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

Давлат раҳбари аҳолининг тиббий хизматлардан розилиги энг муҳим мезон эканини кўрсатиб, соҳага қаратилган барча ислоҳотларда инсон қадри устувор бўлиши шартлигини алоҳида қайд этди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид