Ўзбекистон | 16:11
1089
6 дақиқада ўқилади

 “Энг оғир ҳолатдаги беморларни ҳам қабул қиламиз”: Oна ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази қандай имкониятларга эга?

Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази мамлакат миқёсида халқаро аккредитациядан ўтган биринчи давлат даволаш муассасаси ҳисобланади. Таъкидланишича, бу ерда жорий этилган халқаро стандартлар, рақамли бошқарув, сунъий интеллект асосидаги диагностика ва молиявий шаффофлик тизими оналар ўлимини 30 фоизгача камайтиришга хизмат қилган. Kun.uz мухбири муассасада бўлиб, гинекология, акушерлик, туғуруқ, неонатология, скрининг, диагностика, илмий ўқув бўлимлари фаолияти билан танишди.

2023 йил кузида Президент қарори асосида республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази, Репродуктив саломатлик маркази ҳамда Она ва бола скрининги маркази негизида янги тузилма – Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилган эди. Орадан икки йил ўтиб, шифохона ISQUA (International Society for Quality in Health Care) томонидан аккредитация қилинган ва 2025 йилда қайта аккредитациядан муваффақиятли ўтган биринчи давлат тиббиёт муассасасига айланди.

Марказ бугунги кунда аёллар, ҳомиладорлар, туғуруқдаги аёллар, янги туғилган чақалоқлар ва болаларга ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатувчи йирик комплекс сифатида фаолият юритмоқда. Тузилма таркибида илмий-маслаҳат амбулатория клиникаси ҳамда умумий сиғими 240 ўринли стационар бўлим фаолият юритади. Уларнинг 160 ўрни 24 соатлик стационар ёрдам учун мўлжалланган.

Янги марказнинг 14 та ҳудудий филиали вилоят перинатал марказлари, репродуктив саломатлик марказлари ва она-бола скрининги марказлари негизида шакллантирилган. Муассасада акушерлик ва гинекология, репродуктив тиббиёт, онкогинекология, эндокринология, кардиология, неврология, юқумли касалликлар, урология, андрология, нефрология, гематология ва педиатрия, жумладан, неонатал патология ва интенсив терапия йўналишларида мултидисциплинар ёрдам кўрсатилади”, – дейди марказ директори Наталя Надирханова.

Қайд этилишича, сўнгги ўн йилликларда мамлакатда оналар ва болалар ўлими кўрсаткичлари сезиларли даражада камайган. 1991 йилдан 2025 йилгача бўлган даврда оналар ўлими қарийб 4,5 баробарга пасайган. Бу натижалар давлат дастурлари, профилактика чораларини кучайтириш ва тиббий хизмат сифатини ошириш билан изоҳланмоқда.

Марказда болани дунёга келтириш жараёни ҳамкорлик асосида ўтказилади. Она хоҳласа, яқин инсонини туғуруққа олиб кириши мумкин, бу эса психологик қўллаб-қувватлашга ёрдам беради. Хоналарда ўзгартириладиган кроватлар мавжуд бўлиб, оналар туриш, ётиш ёки турли позицияларни танлаш имконига эга. Эпидурал ёрдам орқали туғуруқ пайтида оғриқ камайтирилади ва аёл жараённи нисбатан оғриқсиз ўтказади. Туғуруқдан сўнг чақалоқ онадан ажратилмай, унинг ёнида қолдирилади. Бу она ва бола орасидаги эмоционал боғланишни мустаҳкамлайди ва эрта эмизишни таъминлайди. Хоналар шунингдек, фавқулодда вазиятларда ҳар сония муҳимлиги инобатга олиниб, секундомерли соатлар билан жиҳозланган. Бу шифокорларга чақалоқ ва онанинг аҳволини аниқроқ кузатишга кўмаклашади ва хавфли вазиятларда тезкор чоралар кўришга шароит ҳозирлайди”, – дейди Наталя Надирханова.

Маълум қилинишича, ўтган йил давомида Республика маркази ва саккизта ҳудудий филиал халқаро аккредитациядан ўтган. Яна учта филиал 2026 йилда сертификат олишни режалаштирмоқда. Марказ мамлакатда халқаро аккредитацияни кенг кўламда жорий этган биринчи давлат тиббиёт муассасаси экани таъкидланди.

Аккредитация жараёни оддий текширув эмас. Халқаро экспертлар марказ фаолиятини подвалдан томгача ўрганади: қабул бўлимидаги жараёндан тортиб реанимация, палаталар, дорихона тизими, хавфсизлик протоколлари ва менежментгача ҳаммаси назоратдан ўтади”, – дейди менежмент бўйича директор муовини Аюбхон Қаюмов.

Марказда оғир аҳволдаги беморлар биринчи навбатда қабул қилинади. Улар дарҳол реанимацияга йўналтирилади, бу “Қизил йўлак” тизими орқали амалга оширилади. Фавқулодда, шошилинч бўлмаган, режа асосида қабул қилиниши белгиланган беморлар эса “яшил” ва “сариқ” йўлаклар орқали кўрикка олиб кирилади.

Фавқулодда вазиятлар, масалан, анафилактик шок ёки кучли қон кетиш пайтида зарур саналган барча керакли жиҳозлар тайёр ҳолатда сақланади. Негаки, ҳар бир сония беморнинг ҳаётини асраб қолишда муҳим. Бундан ташқари, беморларга ҳолатининг хавф даражасига қараб рангли брослетлар берилади. Тасмалар ёрдамида аллергия мавжудлиги, йиқилиш хавфи ёки аҳвол ўта оғирлигини билиш мумкин. Бу тизим ходимларга ҳар бир беморга индивидуал ва эҳтиёткор тарзда ёндашиш лозимлигини эслатиб туради, хавфсизлик ҳамда тезкор ёрдамни таъминлайди”, – дейди менежмент бўйича директор муовини Аюбхон Қаюмов.

Марказда барча тўловлар тўғридан тўғри банк кассалари орқали амалга оширилади. Шифокорлар пул билан ишламайди. Бу тизим 14 та филиалда ҳам жорий этилган.

Мазкур ёндашув натижасида айрим филиалларда тушум 30-50 баробаргача ошди, яширин тўловлар бартараф этилди. Қўшимча маблағлар замонавий ускуналар, ўқитиш ва шароитларни яхшилашга йўналтирилди”, – дейди Аюбхон Қаюмов.

Муассасада кадрлар салоҳиятини ошириш ҳам устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Шу вақтгача БАА, Италия, Россия, АҚШ ва Таиланддан жалб этилган халқаро ҳамкорлар иштирокида 200 дан ортиқ менежер ва мутахассис ўқитилган. Марказда менежмент маркази ташкил этилган бўлиб, 100 дан ортиқ бошқарув ходимлари халқаро мутахассислар иштирокида малака оширган.

Марказ фаолияти ҳақида батафсил Kun.uz’нинг YouTube’даги саҳифасида танишишингиз мумкин.

Диёрахон Набижонова
Тайёрлаган Диёрахон Набижонова

Мавзуга оид