Жамият | 14:59 / 23.11.2020
32723
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда рафиқасини таҳқирлаган эркак иши бўйича суд давом этмоқда. Прокурор судланувчини 8,5 йилга озодликдан маҳкум этишни сўради

Самарқандда хотинини памперс ейишга мажбурлаган ва бир неча йилдан бери таҳқирлаб келгани айтилаётган Ш.К. иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди.

Судда давлат айбловчиси, Самарқанд шаҳар прокурори ўринбосари Умид Ҳакимов судланувчи Ш.К. томонидан қилинган жиноятлар оғир эканини эътиборга олиб 8,5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгилашни сўради.

«Бу жиноятлар оиладек муқаддас масканда, айниқса ожизага нисбатан содир этиб келинганига эътибор қаратишингизни сўрардим. Қолаверса, Ш.К.нинг олдин ҳам судланиб, амнистия туфайли озодликка чиққани, бундан ташқари, 22 маротаба унга нисбатан маъмурий чора кўрилганига ҳам эътибор қаратиш керак, деб ўйлайман. Мазкур ҳолатлар судланувчи шахсининг кимлигини англатади», деди давлат айбловчиси.

Судланувчи Ш.К. музокара сўзида, барчадан, жумладан, турмуш ўртоғидан кечирим сўрашини билдириб, жазони ўтагандан сўнг ҳам турмуш ўртоғи билан бирга яшашини маълум қилди. 

Жабрланувчи Мустаҳкам Ваҳобова эса бирга яшашга рози бўлмаслиги, мазкур воқеа ва жавобгарлик турмуш ўртоғи, умуман, бошқаларга ҳам сабоқ бўлишини исташини маълум қилди.

Суд 1 декабргача танаффус эълон қилди.

Мавзуга оид