Мажмуада муфтий Шайх Нуриддин Холиқназаров бошчилигида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан келган уламолар, имом-хатиблар, нуронийлар ва бир неча ўн минг кишилик жамоат илк ҳайит намозини адо этишди.
19 март куни президент Шавкат Мирзиёев бу ерга ташриф буюриб, Имом Бухорий хотирасига эҳтиром кўрсатди.
Kun.uz мухбирлари Имом Бухорий мажмуасидан махсус репортаж тайёрлади.
63 гектар майдонда барпо этилган бу ҳудудга кирган одам аввало унинг кенглигини ва маҳобатини ҳис қилади. Мажмуа очилганига бир неча кун бўлишига қарамай, бу масканда зиёратчилар оқими камайгани йўқ, аксинча, юртимизнинг турли ҳудудларидан, хориждан келган бир неча ўн минглаб инсонларни кўриш мумкин.
Бир неча ўринларда Имом Бухорий мажмуасини Ҳиндистондаги Тожмаҳалга қиёслаганлар бўлди. Дарҳақиқат, шаклан айрим ўхшашликлар бор. Хусусан, масжид олд қисмидаги катта ҳовуз, унинг атрофидаги кенг майдон, масжиднинг оқ ранги ва гумбазлар, миноралардаги умумийликни кўришимиз мумкин. Бироқ Имом Бухорий мажмуасининг маънавий моҳияти, мақсади ва ғояси кескин фарқ қилади.
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази бўлим бошлиғи, профессор Шукрулло Умаровнинг айтишича, мажмуа юраги бўлмиш масжиднинг кириш ва айфон пештоқларида юздан ортиқ оят ва ҳадислар ёзилган. Хусусан, Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” асаридан 75 та ҳадислар келтирилган. Мажмуадаги QR-кодлар орқали кўплаб тилларда ушбу ҳадис ва оятларни ўқиш имконияти яратилган бўлиб, бу ерга ташриф буюрувчилар нафақат зиёрат, балки янги илм ва маърифат билан чиқиб кетишлари кўзда тутилган.
Масжид муқаддам 1000 кишига мўлжалланган бўлса, ҳозирги кунда 10 минг намозхонни сиғдирмоқда. Хусусан, Рамазон ҳайити куни етмиш мингга яқин намозхон ҳайит намозини адо этган. Шунингдек, ичкарига кирган одамни энг аввало гумбазнинг ички қиёфаси ҳайратга солади. Масжиднинг марказий қисми 40 метрдан ортиқ баландликка кўтарилган. 19 метрли асосий гумбаз ва уни ўраб турган кичик гумбазлар маҳобати кишига сокинлик беради.
Бу ерда яна бир муҳим жиҳат – хотин-қизларнинг ибодат қилишлари учун шароит яратилган. Масжиднинг ерости қисмида намозхоналар ташкил этилган.
Масжид ичкариси ва ташқарисида жами 80 та китоб жавонлари ташкил қилинган бўлиб, у ерда зиёратчилар мутолаа қилишлари учун ўн мингга яқин диний-маърифий китоблар жойлаштирилган.
Масжиднинг ички ва ташқари фасадлари, устун ва безаклар тўлиқ мармар тошлардан қилинган бўлиб, бу бинонинг мустаҳкамлиги, ранглари узоқ муддатларда ўзгармаслигини таъминлайди. Иссиқ ва совуқ об-ҳаво шароити инобатга олинган. Мармар тошлар асосан Греция, Афғонистон, Туркия, Финландия, Португалия ва Ҳиндистондан келтирилган.










