Жумладан, Ургут туманидаги «Ифтихор» ва «Бунёдкор» маҳалла фуқаролар йиғинларининг бир нечта кўчаларида сел сувлари оқиб ўтган. Дастлабки маълумотларга кўра, сел оқими мазкур ҳудудлардаги кўчалар орқали хавфсиз тарзда ўтган бўлиб, аҳоли хонадонлари ва бошқа инфратузилма объектларига шикаст етмаган.

Шунингдек, ҳодиса оқибатида фуқаролар орасида тан-жароҳати олганлар ёки бошқа жабрланганлар қайд этилмаган. Айни пайтда вазият тегишли хизматлар томонидан тўлиқ назоратга олинган.

Мутасадди ташкилотлар томонидан ҳудудда вазиятни ўрганиш, сел оқими юзасидан тегишли чораларни кўриш ҳамда эҳтимолий хавфларнинг олдини олишга қаратилган ишлар олиб борилмоқда.