Жаҳон | 12:20 / 04.06.2026
2779
4 дақиқада ўқилади

Қирғизистон илк марта БМТ Хавфсизлик Кенгаши таркибига сайланди. Ўзбекистон қардош халқни табриклади

БМТ Бош Ассамблеяси — Австрия, Қирғизистон, Португалия, Тринидад ва Тобаго ҳамда Зимбабвени икки йиллик муддатга Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган таркибига сайлади. Ўз тарихида илк марта БМТ олий органига сайланган Қирғизистон делегацияси 2027 йилдан Кенгашда иш бошлайди.

3 июнь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси Австрия, Қирғизистон, Португалия, Тринидад ва Тобаго ҳамда Зимбабвени 2 йиллик муддатга Хавфсизлик Кенгашининг 15 та аъзолик таркибига сайлади. Улар Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзолари бўлади ва 2027 йил 1 январдан иш бошлайди.

Ушбу ўринлардан бирини қўлга киритиш учун фаол ҳаракат қилган Германия «Ғарбий Европа ва бошқа давлатлар гуруҳи»га ажратилган иккита ўрин учун курашда Португалия ва Австрияга ютқазди.

2026-06-04 12.21.45
Фото: Reuters

Reuters’нинг ёзишича, Осиё-Тинч океани гуруҳи квотаси учун Филиппин ва Қирғизистон ўртасидаги беллашув эса тўрт босқичли овоз беришгача давом этди. Якунда Қирғизистон 142 овоз билан ўз тарихида илк бор Хавфсизлик Кенгаши аъзолигини таъминлади.

Янги сайланган 5 давлат қуйидаги мамлакатларнинг ўрнини эгаллайди:

  • Зимбабве – Сомали ўрнига;

  • Тринидад ва Тобаго – Панама ўрнига;

  • Португалия ва Австрия – Дания ва Греция ўрнига;

  • Қирғизистон – Покистон ўрнига.

Яна 5 та аъзо давлатлар — Баҳрайн, Колумбия, Конго, Латвия ва Либерия 2027 йил охиригача Кенгашдаги фаолиятини давом эттиради.

Қирғизистон қандай таклифларни илгари сурмоқда?

Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги ушбу ғалабани халқаро ҳамжамиятнинг юксак ишончи, шунингдек, БМТ давлатлари олдида улкан масъулият, деб билишини маълум қилди.

БМТ Хавфсизлик Кенгашига аъзолиги даврида Қирғизистон қуйидаги мақсадларга қаратилган устувор вазифаларни илгари сурмоқчи:

  • Халқаро тинчлик: Тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, низоларнинг олдини олиш ҳамда превентив (олдини олувчи) дипломатияни ривожлантириш;

  • Музокаралар: Низоларни тинч йўл билан ҳал этишни қўллаб-қувватлаш;

  • Сиёсий тенглик: Халқаро тизимда кичик ва ривожланаётган давлатларнинг ролини ошириш;

  • Экологик хавфсизлик: Глобал хавфсизлик контекстида иқлим, сув, тоғ ва экологик муаммолар, таҳдидларни ҳисобга олиш.

2026-06-04 12.22.34
Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жеенбек Кулубаев

Шунингдек, Қирғизистон Филиппинга сайлов кампаниясида муносиб иштирок этгани ҳамда ўзаро ҳурмат ва конструктив рақобат учун алоҳида миннатдорчилик билдирди.

Хавфсизлик Кенгаши ва Марказий Осиё

Хавфсизлик Кенгаши – БМТнинг санкциялар жорий этиш ва куч ишлатишга рухсат бериш каби қонуний, мажбурий қарорлар қабул қила оладиган ягона органидир. Унинг таркибида вето ҳуқуқига эга бешта доимий аъзо мавжуд: Буюк Британия, Хитой, Франция, Россия ва АҚШ.

Қолган 10 та аъзо эса сайланади, ҳар йили уларнинг бештаси янгилаб борилади. Ўринлар қитъалар ва ҳудудлар бўйича тақсимланади.

2026-06-04 12.27.46

Марказий Осиё минтақасидан шу пайтга қадар фақат Қозоғистон БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзолари қаторига кирган. Хусусан, қўшниларимиз 2017–2018 йилларда Марказий Осиёдан ушбу нуфузли органга сайланган илк давлат бўлган.

Қозоғистон ўз муддатида ядро хавфсизлиги, минтақавий ҳамкорлик ва Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратган.

Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон ҳозиргача БМТ Хавфсизлик Кенгаши таркибига доимий бўлмаган аъзо сифатида киритилмаган.

Ўзбекистон қўшнисини табриклади

4 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилиб, қўшниларимизни табриклади.

«Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Қирғиз Республикаси Президенти ва қардош халқини мамлакатнинг 2027-2028 йилларда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзоси этиб сайлангани муносабати билан самимий табриклади», дейилади хабарда.

b2282e8e-b8ff-1de9-4110-2e99adf8e341_lists_35001

Ўзбекистон етакчиси мазкур муваффақият Қирғизистоннинг фаол ташқи сиёсати халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилаётганининг ёрқин ифодаси эканини таъкидлаган.

Шунингдек, томонлар халқаро майдонда яқиндан мувофиқлаштирув ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёр эканликларини тасдиқлади.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид