Жаҳон | 15:00 / 04.04.2026
5695
2 дақиқада ўқилади

Покистонда энергия инқирози: ҳукумат шошилинч чораларга ўтди

Покистонда ёнилғи нархларининг кескин ошиши ортидан ҳукумат фавқулодда чораларни жорий қилди. Мамлакатда давлат тасарруфидаги жамоат транспорти вақтинча бепул қилинди.

Фото: AP

Расмийлар маълумотига кўра, бу қарор пойтахт Исломобод ва мамлакатнинг энг йирик вилояти — Панжобда амалга оширилмоқда ва камида 30 кун давом этади.

Ёнилғи нархлари сўнгги кунларда мисли кўрилмаган даражада ошди: бензин тахминан 40 фоиздан ортиқ, дизел эса 50 фоизга яқин қимматлашди.

Бу вазият Яқин Шарқдаги уруш туфайли нефт таъминоти узилиши ва Ҳўрмуз бўғозидаги логистика муаммолари билан боғланмоқда. Покистон энергиянинг катта қисмини импорт қилгани учун бу ўзгаришлар мамлакат иқтисодиётига тўғридан тўғри таъсир кўрсатмоқда.

Ёнилғи нархлари ошиши ортидан мамлакатда норозилик намойишлари ва ёнилғи шохобчаларида узун навбатлар кузатилган.

Ҳукумат аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида қўшимча чоралар ҳам эълон қилди. Жумладан, юк ташувчилар, автобуслар ва мототранспорт эгалари учун мақсадли субсидиялар ажратилиши режалаштирилган.

Мутахассислар фикрича, бу ҳолат глобал энергия бозоридаги беқарорликнинг яна бир ёрқин мисоли бўлиб, нефт импортига боғлиқ давлатлар учун катта хавф туғдирмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид