Жаҳон | 21:20
997
6 дақиқада ўқилади

Покистонда «яқин кунлар ичида» АҚШ ва Эрон музокаралари ўтказилиши мумкин

Фото: BBC/Getty Images

Покистонда Яқин Шарқдаги тўрт воситачи давлатнинг ташқи ишлар вазирлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Ушбу учрашувдан кейин Исломобод яна бир бор АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокаралар учун майдон беришга тайёрлигини билдирди ва бундай музокаралар «яқин кунлар ичида» ўтказилиши мумкинлигини хабар қилди. Бу анонс қуруқлик амалиёти бошланиши ҳақидаги хавотирлар ҳамда Теҳроннинг музокара олиб бормаётгани ва уларга тайёргарлик кўришда иштирок этмаётгани ҳақидаги навбатдаги баёноти фонида берилди.

Покистон, Саудия Арабистони, Туркия ва Миср ташқи ишлар вазирлари шу кунларда Яқин Шарқдаги вазиятни муҳокама қилиш учун Исломободда йиғилган.

Учрашувнинг биринчи куни якунларига кўра Покистон ташқи ишлар вазири Исҳоқ Дар ўз мамлакати «яқин кунлар ичида» АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокараларни қабул қилишга тайёрлигини маълум қилди.

«Можарони ҳар томонлама ва узоқ муддатли ҳал қилишга эришиш учун икки томон ўртасидаги мазмунли музокараларга майдон ва воситачи бўлиш Покистон учун шарафдир», – деган Дар.

Исломобод бунгача ҳам бир неча бор бундай музокараларда воситачи бўлишга тайёрлигини маълум қилган, аммо бу баёнотларда эҳтимолий саналар айтилмаганди.

Дарнинг сўзларига кўра, Теҳрон ҳам, Вашингтон ҳам Покистон бетараф воситачи ролини бажара олишига ишонч билдирган. Унинг сўзларига кўра, Покистоннинг ташаббуси Исломободга келган уч мамлакат ташқи ишлар вазирлари томонидан ҳам «тўлиқ қўллаб-қувватланган».

Покистоннинг тинчлик йўлидаги саъй-ҳаракатларини Хитой ташқи ишлар вазири Ван И ва БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам қўллаб-қувватлади, деди Дар.

Туркия, Саудия Арабистони ва Миср вакиллари Исломободдаги учрашувга ҳозирча расман изоҳ бермади. Туркия ТИВ аввалроқ вазирлик раҳбари Ҳоқон Фидан якшанба ва душанба кунлари Покистон пойтахтида «минтақадаги вазият» юзасидан мулоқотда қатнашишини маълум қилганди.

Оқ уй «яқин вақтлар ичида» ўтказиладиган музокаралардаги иштироки юзасидан изоҳ бермади, Теҳрон эса ҳеч қандай музокараларда иштирок этмаётганини таъкидламоқда.

Покистон, Туркия, Саудия Арабистони ва Миср ташқи ишлар вазирлари Исломободда учрашди
Turkish Foreign Ministry/Reuters

Покистон можаро бошидан буён воситачилик ролини ўз зиммасига олганди, хусусан, ўтган ҳафтада Вашингтон 15 бандлик тинчлик режасини Эрон раҳбариятига айнан Исломобод орқали етказганди.

Америка президенти Доналд Трамп Теҳрон бу режадаги аксар шартларга рози бўлганини айтган. У ўз баёнотларида Эронда режим аллақачон ўзгаргани ва ҳозирги раҳбарият «жуда ақлли кишилар»дан иборат эканини айтмоқда.

Эрон парламенти спикери, ҳозирда мамлакатдаги энг нуфузли шахслардан бири ва Эроннинг музокаралардаги эҳтимолий вакили сифатида кўрилаётган Муҳаммадбоқир Ғолибаф (унинг ўзи музокараларда қатнашаётганини рад этади) дам олиш кунларида уруш бошланганига бир ой тўлиши муносабати билан миллатга мурожаат қилди. У АҚШ «урушда эриша олмаган мақсадларига эришиш учун» Эронга 15 банддан иборат режани юборганини айтди.

Теҳрон АҚШнинг тинчлик режасига ўзининг беш банддан иборат таклифи билан жавоб берди, унда Эроннинг Ҳўрмуз бўғозини тўлиқ назорат қилиши ва Теҳронга урушдан кейин товон тўланиши талаб қилинган.

Эрон ташқи ишлар вазирлиги душанба куни эрталаб Трампнинг баёнотларига жавобан америкаликлар билан ҳеч қандай тўғридан тўғри музокаралар йўқлиги ва Теҳрон ҳеч қандай таклифларга рози бўлмаганини маълум қилди.

Вазирлик вакилининг сўзларига кўра, Эрон расмийлари воситачилардан АҚШ музокаралар олиб боришни истаётгани ҳақида хабар олган, бироқ Теҳрондагилар бунга шубҳа билан қарашмоқда. Эрон дипломатларининг баёнотига кўра, Теҳрон ва Вашингтон ўртасида бошқа алоқа бўлмаган. Покистонда бўлиб ўтаётган музокараларга Теҳроннинг алоқаси йўқ, дея қўшимча қилди ТИВ.

, деди АҚШнинг собиқ президенти Жо Байденнинг Яқин Шарқдаги элчиси Дэвид Саттерфилд BBC Radio 4 эфирида.

«Асосий савол шундаки, гап ҳақиқатан ҳам Теҳрон ва Вашингтон ўртасидаги жиддий музокаралар ҳақида кетяптими ёки бу президент ўз мақсадларига эришиб, ғалабани эълон қилиши учун ҳарбий операция учун вақтни чўзишга уринишми?» – дея фикр юритади эксперт. Унинг сўзларига кўра, бу саволга ҳозирча аниқ жавоб йўқ.

Саттерфилд Трампнинг Эронда режим ўзгаргани ҳақидаги фикрига қўшилади – аммо бу яхшиликка эмас. У Ғолибофни қатъий линия тарафдори деб ҳисоблайди, унинг фикрича, Эрон раҳбариятининг мафкураси улар сезиларли ён беришларга рози бўлади, деб ҳисоблашга асос бермайди.

Доналд Трамп ўтган ҳафта бошидан бери Эрон билан «жуда яхши ва самарали» музокаралар ҳақида гапирмоқда, бироқ Теҳрон АҚШ маъмурияти билан музокаралар олиб бораётганини рад этиб келмоқда, деб эслатди Саттерфилд.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид