Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хитой ва Покистон Яқин Шарқдаги урушни тугатиш режасини таклиф қилди
Хитой ва Покистон ташқи ишлар вазирлари Эрондаги урушни тугатиш бўйича биргаликда ишлаб чиққан янги ташаббусини тақдим этди. Ушбу ташаббус зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва Ҳўрмуз бўғозини қайта очишни ўз ичига олади.
Покистон ташқи ишлар вазири Исъҳоқ Дар сешанба куни Пекинда хитойлик ҳамкасби Ван И билан учрашди. Учрашув якунида улар қўшма тинчлик ташаббусини эълон қилди. У 5 банддан иборат:
- Ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш, бунда урушдан жабр кўрган барча ҳудудларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатишга рухсат берилади;
- Эрон ва Кўрфаз давлатларининг мустақиллиги ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш тамойили асосида имкон қадар тезроқ тинчлик музокараларини бошлаш. Барча томонлар тинчлик музокаралари давомида куч ишлатишдан ёки куч ишлатиш билан таҳдид қилишдан тийилиш мажбуриятини олади;
- Можаро томонлари энергия, сувни чучуклаштириш ва энергетика объектлари, шунингдек, АЭСлар каби тинчлик мақсадларидаги ядровий инфратузилмани ўз ичига олган объектларга ҳужумларни дарҳол тўхтатади;
- Томонлар фуқаролик ва тижорат кемаларининг Ҳўрмуз бўғозидан хавфсиз ўтишига рухсат беради. Имкон қадар тезроқ бўғоз орқали нормал ҳаракат тикланади;
- БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқ тамойилларига асосланган ҳар томонлама тинчлик механизмини яратиш тўғрисида битим имзолаш.
Исъҳоқ Дарнинг Axios нашрига айтишича, ушбу таклиф унинг Ван И билан икки томонлама учрашуви натижасидир. «Бу иккаламиз келишиб олган, барча мамнуният билан маъқуллайдиган аниқ ва мувозанатли 5 банддан иборат ташаббусдир», деди у.
Трамп бу ташаббусни танқид қилмади
АҚШ президенти Доналд Трамп Axios нашри билан қисқа телефон суҳбатида «Эрон билан музокаралар яхши кетаётганини» айтди. Покистон-Хитойнинг оташкесим ташаббуси ҳақида махсус сўралганда, Трамп уни танқид қилмади. Шунчаки дипломатия яхши кетаётганини яна бир бор таъкидлади.
Трамп Хитой ва Покистоннинг режасига саҳна ортида ўз розилигини берганми-йўқми, ҳозирча номаълум. Манбаларга кўра, Хитой келишувга эришиш борасидаги саъй-ҳаракатларда ёрдам берган.
Нашрнинг ёзишича, агар АҚШ бунга қарши бўлганида – асосий воситачи ҳисобланган покистонликлар Хитой билан бирга бундай ташаббусни илгари суриши даргумон эди.
АҚШ томонидан бошланган урушда Хитойнинг воситачи сифатида майдонга чиқиши ҳайратланарли геосиёсий бурилиш бўлади.
Қайд этиш керакки, Эроннинг энг йирик савдо ҳамкори ва нефтининг йирик импортчиси сифатида Хитой Теҳронда сезиларли таъсирга эга. Шу боис у урушни тугатишга интилишдан ҳам аниқ манфаатдор.
Доналд Трамп ўзи ҳам уруш туфайли қолдирилган сафаридан сўнг, май ойида Хитойга ташриф буюришни режалаштирмоқда. У ўтган йили савдо битими имзоланганидан бери Пекин билан илиқроқ алоқаларни ўрнатишга интилмоқда.
Мавзуга оид
18:28
Хитой асосчиси Мао ҳақидаги муҳим маълумотлар акс этган ҳужжатлар АҚШ ҳудудида қолади
18:05
WSJ: БАА Ҳўрмуз бўғозини куч билан очишга тайёр
08:33
Трамп: АҚШ Эрон бўйича мақсадига етди, ҳужумлар тез орада тўхтайди
22:50 / 31.03.2026