Ўзбекистон | 12:19 / 24.01.2018
303526
5 дақиқада ўқилади

Ҳоким фуқароларнинг конституцион ҳуқуқларини чеклаб, уларнинг Ҳажга ва Россияга боришини тақиқлади

Фото: KUN.UZ

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев селектор йиғилиши ўтказди. Унда Ақтўбедаги нохуш ҳодиса оқибатлари ҳам муҳокама қилинган. «Kun.uz» таҳририятига ушбу йиғилиш вақтида ёзиб олинган аудиоёзув етиб келди.

Йиғилишда вилоят ҳокими Тошлоқ туманидаги барчани (Ақтўбедаги фожиада қурбон бўлганларнинг 16 нафари шу тумандан эди) Фарғона вилоятини республикада шарманда қилишда айблаган. Ҳоким ўз айбловларини қўпол сўзлар билан ифодалаб, тошлоқликларни Ҳаж зиёратига боришдан маҳрум қилган.

«Энди Тошлоқдан ҳеч ким Ҳажга бормайди. Тошлоқликларнинг биронтаси Ҳаж сафарига бормайди, тиригиям бормайди, отасиям бормайди. Ҳаммаси маҳрум бўлди ўша Тошлоқдан», дея ҳайқирган ҳоким.

Шундан сўнг у ўз ёрдамчиларидан бирига Ҳаж сафарига бориш учун рўйхатдан ўтган тошлоқликларнинг барчасининг номини ўчириш бўйича кўрсатма берган.

Ғаниев фожиа қурбонларининг яқинлари учун ажратилган моддий ёрдамни миннат қилган.

«Эшитиб қўйинглар, тошлоқликлар! Яна бечора вилоятликлар 80 миллион сўм ҳомийлик қилишга мажбур бўлди. Ҳар бири учун 5 миллион сўмдан. Буни таъна қилиш учун гапираётганим йўқ», дея таъна қилади ҳоким.

«20 яшар, 22 яшар, уйланмаган йигитлар кетаверадими? Ота-онаси нима деяпти, карахтми улар? Энди бечора участка нозири айбдор қилинади. Маҳалладагилар турибди тишини ковлаб.

Эртага ёзса ёзаверсин, мани устимдан. Ғаниев урди (!), ҳажга бормайсан деди, фалон деди, пистон деди, қилиб», дея у ОАВда ўзини танқид қилиб чиқишларидан қўрқмаслигини таъкидлаган.

Ҳоким тошлоқликларнинг 2005 йилда митинг қилганини ҳам эслаб ўтган.

«Митинг қилган ҳам шулар бўлади, 2005 йилда ички ишлар ходимларини тош отиб қувлаганлар шу ҳаромилар эди. Қаралмаса, шунақа бўлади», дейди ҳоким.

Шуҳрат Ғаниев Тошлоқ тумани ҳокими Ҳ.Умаровни қаттиқ ҳақоратлаган.

«Икки-учтадан хотин қилганиям Тошлоқда, хотинларни қўйвориб, болаларни етим қилиб, алимент тўламай юрганларам Тошлоқда. Падаринга лаънат, сан тошлоқликларни... Ҳокимдан бошлаб ҳаромилар. Республикага бутун вилоятни шарманда қиладиганлар. Бозор устидан ёзадиганларам Тошлоқда, бозорда ўзи эшакминди ўйнайдиганларам Тошлоқда (бироз аввалроқ матбуотда Тошлоқ туманидаги деҳқон бозори қаттиқ танқид қилиб чиқилганди - таҳр). 

Қўлингдан кемаса чиқиб кет ҳозир залдан, ҳоким бўлиб ўтирмасдан. Мард бўлсанг, шундай чиқиб кет-да, йўқолиб кет! Йўқолиб кет! Номард!», дейди у.

Шундан сўнг, ҳоким Ақтўбе мавзусига яна қайтган. У фарғоналикларнинг ташқи миграциясини ҳам тақиқлаган. У бундай воқеаларнинг олдини олиш учун Фарғонадан Тошкентга қатновчи киракашлар билан ҳамкорликда иш олиб боришни кўрсатма қилган.

Ҳоким Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги Фарғона вилоят бўлимига мурожаат қилган.

«Сиз ҳам Тошлоқдан чиққансиз-эй, оғайни. Эртага вилоятдаги 10 минг киракаш билан гаплашасизлар. Буларнинг ҳаммаси машинада кетган. Поезддаям кетмаган, самолётдаям кетмаган. Ҳар бир бекат текширилади, ГАИни раҳбари Раҳматжон Тошназаров одам беради, текширасизлар. Бекатда кузатилади, ўзи юки кўплигидан маълум бўлади, ким қаёққа кетаётгани», деган ҳоким.

Бу вазиятдан кўриниб турибдики, Фарғона вилояти ҳокими Ақтўбе фожиасидан тўғри хулосалар чиқармаган. Унинг қўлидан келгани тақиқлашгина бўлмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бу ҳодиса ўзини жиддий ўзгартиргани, энди мавжуд вазият бўйича бутунлай бошқача фикрлашини айтиб ўтганди.

«Икки кундан бери ҳали ҳам ўзимга кела олмаяпман. Наманганга борсам, уларнинг ота-оналарига нима деб жавоб бераман? Агар оёғимиз ердан узилмай ишлаганимизда, бундай ҳодисалар рўй бермасди. Бу воқеадан сўнг бутунлай ўзгардим, энди бошқача фикрлайман», деганди президент 19 январь куни Сурхондарёнинг Қизириқ туманида ҳукумат раҳбарлари ва вилоят фаоллари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда.

Шу кунларда президент фармони билан Ўзбекистон фуқаролари республиканинг барча ҳудудларида (Тошкент шаҳрида) эркин ҳаракатланиши кафолатланди - прописка бўйича талаблар бекор қилинган тарихий фармон имзоланди. Ақтўбедаги юртдошларимиз фожиаси давлат раҳбарини шундай халқона қарорга келишга ундади.

Республикада аҳолиси сони бўйича иккинчи ўринда бўлган ҳудуд - Фарғона вилояти ҳокими эса етарли иш ўринлари яратганида, тадбиркорлик учун мўл шароитлар қилиб берганида шундай оқибатлар келиб чиқмаган бўлишини ўйлаб кўрмадими? Ҳоким фуқароларнинг Конституцион ҳуқуқларини чеклашга, Ҳажни тақиқлашга, Россияга бориш-келишни тақиқлашга ҳақлими? Ўзбекистон 52 фарзандини йўқотиб, мотам қилаётганида бу ҳоким инсонни қанчалар қадрлашини намойиш этиб берди.

Ҳоким ўзини ёзиб чиқишларидан қўрқмаслигини баралла айтди ва мана энди халқ ўз «қаҳрамон»ларидан бирининг асл юзини кўриши, унга баҳо бериши мумкин.

Tas-IX

 

Мавзуга оид