Спорт | 12:33 / 03.11.2024
14233
17 дақиқада ўқилади

АПЛда сенсациялар куни, Ҳусановда илк қизил. Кун ўйинлари

Шанба куни Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Англия: «Арсенал»да ижодий инқироз

«Нюкасл» — «Арсенал» 1:0
Гол:
Исак (12).
«Нюкасл» – Поуп, Ҳолл, Берн, Шер, Ливраменто, Уиллок (Тонали, 65), Гимараэс (Келли, 90+5), Лонгстафф, Жоэлинтон, Исак, Гордон (Барнс, 85).
«Арсенал» – Райя, Тимбер (Уайт, 71), Габриэл, Салиба, Парти (Жоржинио, 86), Мерино (Зинченко, 61), Райс, Мартинелли (Нванери, 61), Сака, Ҳавертц, Троссар (Жезус, 71).
Огоҳлантиришлар: Шер (39), Мерино (56), Уиллок (62), Тимбер (66), Тонали (71), Жоржинио (88), Поуп (90+4), Ҳавертц (90+7).

АПЛнинг 10-турини катта ўйин очиб берди. Ўтган мавсумда Чемпионлар лигасида ўйнаган «Нюкасл» ўз майдонида «Арсенал»ни қабул қилди. Охирги икки мавсумда чемпионлик учун курашган лондонликлардан мухлислари бу сафар ҳам шуни кутишмоқда. Аммо жамоа қаторасига учинчи ўйинда очко йўқотди («Борнмут»га 0:2 ҳисобида мағлубият ва «Ливерпул» билан 2:2 ҳисобидаги дурангдан кейин). Ҳолбуки, мезбонлар АПЛда охирги беш ўйинда ғалаба қозона олмаганди (2 дуранг ва 3 мағлубият).

«Сент-Жеймс Парк»даги ўйин — футболда шахсларнинг ўрни нақадар муҳимлигини намойиш этиб берди. «Арсенал»га ҳужум чизиғида ғоялар етишмаяпти, бу эса «канонирлар» ҳали жароҳатидан тузалмаган Эдегорга қанчалик боғлиқ бўлиб қолганини кўрсатади. «Қарғалар» сафида эса анъанага кўра ўз уйида «катта олтилик» вакилларига қарши жуда кучли ўйин кўрсатадиган Гордон бу сафар ҳам ёрқин ўйин кўрсатди. Англия миллий жамоаси вингери ўтган мавсум бошидан буён фақат «Тоттенҳэм»га гол урмаган (икки ўйиндан биттасида). Топ жамоаларга қарши қолган ўйинларда Гордон етти гол урганди, бу сафар эса лондонликлар дарвозасини ишғол этган Исакка ассистентлик қилди ва бу унинг катта клубларга қарши ўйинлардаги тўртинчи голли узатмаси бўлди.

Биринчи бўлимда «Арсенал»нинг энг хавфли вазияти бурчак зарбаси ижро этилганида Мерино яқин масофадан туриб зарба йўллаши бўлди, аммо тўпни Люс Ҳолл тўсиб қолди. Бу зарба меҳмонларнинг ўйин давомида дарвоза соҳасига тўғри борган ягона зарбаси бўлиб қолди. Исакнинг голи эса Эдди Ҳау жамоасига олти тур давомидаги илк ғалабасини нишонлаш учун етарли бўлди. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда Райс яхши позицияда туриб, бош билан дарвозага яхши зарба бера олмади ва энди «Арсенал» тур якунларига кўра кучли тўртликдан тушиб кетиши мумкин.

«Борнмут» — «Манчестер Сити» 2:1
Голлар:
Семенйо (9), Эванилсон (64) — Гвардиол (82). 
«Борнмут» – Трэверс, Керкез, Сенеси, Забарний, Смит, Кристи (Адамс, 66), Кук, Тавернье (Ҳейсен, 90), Клюйверт (Брукс, 77), Семенйо, Эванилсон (Унал, 77).
«Манчестер Сити» – Эдерсон, Гвардиол, Аке (Люис, 73), Аканжи, Уокер, Ковачич, Нунеш, Гундўған (Доку, 85), Силва, Фоден, Ҳоланд.
Огоҳлантиришлар: Кристи (6), Уокер (71), Адамс (90+1).

Турнинг асосий сенсацияси «Манчестер Сити» мухлисларини сюрпризларга ўргатиб қўяётган «Борнмут»га ютқазиши бўлди. Икки ҳафта муқаддам «Виталити»да «Арсенал» биринчи бўлимдаёқ бир киши кам бўлиб қолгач, ютқазганди (2:0), ўтган турда ушбу жамоа Бирмингҳемда «Астон Вилла»га жанг таклиф этди (1:1). Амалдаги чемпионларни эса Семенйонинг тезкор голи карахт ҳолатга туширди. Аммо бу голни тасодифга йўйиш мумкин бўлган бўлса, иккинчи бўлимда Эванилсон жамоа кучига ишонқирамаётганларга жавоб қайтарди, у ҳам Керкезнинг узатмасидан кейин Эдерсонни доғда қолдирди.

Иккинчи бўлимда, Гвардиолнинг жавоб голидан олдинроқ мезбонлар ҳисобни йириклаштириши ва ўйин охиридаги асабийликдан қутулиб қолиши ҳам мумкин эди, аммо дарвоза устуни «шаҳарликлар»ни қутқариб қолганди. Ўйиннинг ҳал қилувчи палласи эса қўшимча дақиқаларда Ҳоланднинг бош билан йўллаган зарбасини Траверс тўхтатиши, норвегиялик ҳужумчининг такрорий зарбаси устунга бориши бўлди, бир дақиқа ўтиб эса Фоден қулай вазиятдан фойдалана олмади. Шундай экан, бир куннинг ўзида Хосеп Гвардиола жамоаси иккита рекорд сериясини тўхтатди, жамоа бунгача АПЛда 32 ўйиндан буён ютқазмаётганди (шу тариқа, «Арсенал»нинг 2003-2004 йиллар мавсумидаги 38 ўйиндан иборат бўлган сериясига ета олмади) ва «Борнмут»га қарши барча 14 ўйинда ғалаба қозонганди. Аммо асосийси — «Сити» турнир жадвалидаги пешқадамликни «Ливерпул»га бой берди.

«Ливерпул» — «Брайтон» 2:1
Голлар:
Гакпо (69), Салоҳ (72) — Кадиўғли (14). 
«Ливерпул» – Келлеҳер, Цимикас, ван Дейк, Конате (Гомес, 46), Александер-Арнолд, Мак Аллистер (Жонс, 66), Гравенберҳ, Гакпо, Собослаи (Диас, 66), Салоҳ (Брэдли, 90+1), Нунес (Эндо, 77).
«Брайтон» – Вербрюгген, Эступинян, Игор Жулио, ван Ҳекке, Велтман (Груда, 76), Митома (Аденгра, 87), Айяри (Виффер, 76), Ҳиншелвуд (Фергюсон, 88), Кадиўғли (Модер, 87), Уэлбек, Рюттер.
Огоҳлантиришлар: Мак Аллистер (45), Кадиўғли (83).

Бир неча кун олдин «Ливерпул» «Брайтон» меҳмони бўлган ва «чайкалар»ни Англия лига кубогидан чиқариб юборганди (3:2). Аммо ўшанда Фабиан Ҳюрцелер ўз етакчиларига дам берганди ва бу «Энфилд»даги ўйинни кучлироқ бошлашга имкон берди. 14-дақиқадаёқ Уэлбекнинг узатмасидан кейин Ферди Кадиўғли олис бурчакни аниқ нишонга олди. Туркиялик яримҳимоячи — «Брайтон»нинг жорий мавсумда гол урган 10-футболчиси бўлдли. Бу жамоада исталган футболчи рақибларни ҳайрон қолдириши мумкин, аммо биринчи голда ҳал қилувчи ишни бажарган Рюттер Келлеҳер билан дуэлни бой берди ва ҳисоб ўзгармай олди.

Қизилларда ҳам вазиятлардан фойдаланишда оқсаш кузатилди. Иккинчи бўлимда Салоҳ яккама-якка вазиятда тўпни Вербрюгген устидан ошириб ташламоқчи бўлганида дарвозабон тўпни тўхтатишга улгурди. Уч кун олдинги ўйинда дубл қайд этган Гакпо ҳам қулай вазиятда хато зарба берди, аммо айнан нидерландиялик футболчи ўйинда бурилиш ясади. Амалда у жарима майдони ичкарисига узатма берганди, аммо Нунеснинг ҳаракати дарвозабонни чалғитди ва тўп ҳеч кимга тегмаган ҳолда дарвоза тўрига бориб тушди. Кейин эса мерсисайдликларнинг намунали қарши ҳужуми Салоҳ юқори бурчакни аниқ нишонга олиши билан якунланди. «Ливерпул» — пешқадам, Арне Слот эса —  клуб тарихида АПЛдаги илк ўн ўйинидан саккизтасида ғалаба қозонган илк мураббийга айланди.

Италия: «Ювентус»га устунлар ёрдам берди, «Милан»да қийин ғалаба

«Удинезе» — «Ювентус» 0:2
Голлар:
Окойе (19, автогол), Савона (37). 
«Удинезе» – Окойе, Жанетти, Бийол (Модесто, 88), Кабаселе (Эбосс, 46), Земура (Камара, 67), Эхизибуэ, Пайеро, Карлстрем, Ловрич (Саррага, 46), Товен (Лукка, 68), Дэвис.
«Ювентус» – Ди Грегорио, Камбиязо (Данило, 81), Калулу, Гатти, Савона (Кабал, 81), Тюрам (Маккенни, 70), Локателли, Копмейнерс, Веа (Мбангула, 87), Йилдиз, Влаҳович (Консейсау, 71).
Огоҳлантиришлар: Бийол (47), Локателли (58), Дэвис (84), Гатти (90+1). 

Удинеда дарвоза устунлари «Ювентус»га ёрдам берди. Жамоанинг икки зарбаси ҳам устунга текканига қарамай голга айланди. Биринчи ҳолатда Ҳефрен Тюрам ҳужумга ўтганида унинг зарбасидан кейин тўп аввал устунга, кейин дарвозабоннинг елкасига теккан ҳолда дарвоза тўрига йўл олди. Иккинчи голли ҳужумда ҳам кичик Тюрам тўпни жарима майдонигача олиб бориб, Кенан Йилдизни тўп билан таъминлади, туркиялик яримҳимоячи зарбасидан кейин тўп устун қайтди ва унга биринчи бўлиб ҳимоячи Савона етиб келди. Бу голлар оралиғида мезбонлар ҳужумчиси Дэвиснинг зарбаси устунга текканди, иккинчи бўлимда ҳам омад меҳмонларга кулиб боқди. Аввалига арбитр ҳужумда фол қайд этиб, «Удинезе»нинг голини бекор қилди, кейин эса Лукканинг зарбасидан кейин дарвоза тўсини туринликларни муқаррар голдан қутқариб қолди. Ёрқин стартдан кейин бироз сустлашган Тиагу Мотта шогирдлари ички чемпионатдаги икки дуранг ва Чемпионлар лигасида «Штутгарт»дан учралган мағлубиятдан кейин яна ғалаба қозонишни бошлади.

«Монца» — «Милан» 0:1
Гол:
Рейндерс (43).
«Монца» – Турати, Карбони (Капрари, 78), Мари, Иццо, Малдини, Мота (Винято, 65), Кирякопулос, Педру Перейра (Д`Амброзио, 65), Бянко, Бондо (Валоти, 87), Журич (Марич, 78).
«Милан» – Менян, Тео, Павлович, Тиав, Терраччано (Калабрия, 89), Рейндерс, Фофана, Пулишич (Муса, 89), Окафор (Леау, 63), Чуквуэзе (Лофтус-Чик, 81), Мората.
Огоҳлантиришлар: Мората (47), Журич (52), Бондо (83).

Паулу Фонсека ўртада қандайдир можаро борлигини инкор этмоқда, аммо «Милан»нинг асосий юлдузи Рафаэл Леау қаторасига учинчи турда ҳам захирада қолдирилди ва фақат охирги ярим соатда ўйнашга чиқди. Мураббий бошланғич таркибни тўғри танлаганига ишонтирмоқда, аммо россонерилар ўйинида қийинчилик юзага келмоқда. Моратанинг зарбасидан кейин тўп ҳисобни очган Рейндерсга бориб тушгунича, меҳмонларни икки бор Менян қутқариб қолди, Малдини эса ўта қулай вазиятдан фойдалана олмасдан, қадрдон жамоасини кечирди. У яна бир бор қулай позицияда туриб хато зарба берди, аммо бу ҳужумда унга тўп узатган шериги катта эҳтимол билан офсайдда эди ва гол бўлганда ҳам видеотакрордан кейин бекор қилинган бўларди. Иккинчи бўлимда россонерилар вазиятни тенглаштиришди, Леау эса иккинчи голни ҳам уриб, ўйин масаласига нуқта қўйиши мумкин эди, аммо у жарима майдонига ёриб кириб йўллаган зарбаси билан дарвозабонни алдай олмади. Жамоа ЕЧЛда «Реал»га қарши кечадиган ўйин олдидан кайфиятни яхшилаб олди.

Германия: Кейнни тўхтатиб бўлмаяпти

«Бавария» — «Унион» Берлин 3:0
Голлар:
Кейн (15 пеналти, 51), Коман (43). 
«Бавария» – Нойер, Дэвис (Азну, 80), Ким Мин Жэ (Горетцка, 69), Упамекано, Геррейру, Палиня (Дайер, 69), Киммиҳ, Олисе (Сане, 69), Коман, Мусиала (Мюллер, 74), Кейн.
«Унион» Берлин – Реннов, Кверфелд, Фогт (Руссийон, 80), Дуки, Ҳоллербах (Вертессен, 60), Чон Ву Ён (Ҳаберер, 69), Диогу Лейте, Триммел, Хедира, Кемляйн (Шефер, 69), Себатшо (Скарке, 60).
Огоҳлантиришлар: Кемляйн (31), Хедира (84).

Ўтган мавсумдаги инқироздан кейин ўзига келиб олган «Унион» бу мавсум тўртинчи ўринга кўтарилиб олган ва Мюнхендаги ўйинда биринчи бўлимнинг биринчи ярмида рақиб ҳужумларига дош бериб турди — кейин эса Олисега ишлатилган фол учун белгиланган пеналтини Кейн аниқ амалга оширди. Олдинги уч учрашувини сафарда ўтказган уй аренасини соғиниб қолган «Бавария» ёрқин футбол намойиш этди. Севимли жамоаси билан учрашувни кутган мухлислар ҳам йирик ҳисобдаги ғалабани совға қилиб олишди, Венсан Компани жамоаси бу голлар эвазига «кучли бешлик» чемпионатлари жамоалари орасида биринчи бўлиб 50 голлик довонга етди. Бунда замонавий футболнинг энг яхши ҳужумчиларидан бири Кейннинг ҳиссаси катта, у аввалига Команнинг голига пас берди, кейин эса ушбу француз ташлаб берган тўпни бош билан дарвозага йўллаб, якуний ҳисобни ўрнатди. Кейинроқ ўтказилган ўйинда эса «Лейпциг» ютқазди ва мюнхенликлар турнир жадвалида яккапешқадам бўлиб қолишди.

«Боруссия» Д — «Лейпциг» 2:1
Голлар:
Байер (30), Гирасси (65) — Шешко (27).
«Боруссия» Д – Майер, Бенсебайни, Шлоттербек, Жан, Гросс, Нмеча, Брандт, Гиттенс (Мален, 79), Забитцер (Азҳил, 67), Байер (Кэмпбелл, 90+4), Гирасси.
«Лейпциг» – Гулачи, Гертрюйда, Орбан, Клостерманн, Ҳенрикс (Битшиабу, 70), Нуса (Уэдраого, 82), Вермерен, Айдара (Кампл, 64), Баумгартнер (Элмаз, 64), Шешко (Поулсен, 70), Опенда.
Огоҳлантиришлар: Баумгартнер (8), Байер (21), Бенсебайни (34), Ҳенрикс (35), Гертрюйда (40), Кампл (81), Азҳил (90+7).

Дортмундда собиқ жамоасига қарши ўйнаган Марко Розе «ҳўкизлар» бош мураббийи сифатидаги 100-ўйинини ўтказди, меҳмонлар биринчи бўлимда илк зарбадаёқ ҳисобни очишди — Опенда товони билан узатган пасдан кейин Шешко ўткир бурчакдан туриб дарвозани ишғол этди.

Лекин бунгача ҳам бир неча бор хавфли вазиятлар яратган «Боруссия» тезда ҳисобни тенглаштирди. Гулачи Гиттенснинг зарбасини қайтарди, аммо шу ҳужумдан кейин белгиланган бурчак зарбаси Нмеча ҳаводаги курашда устун келганида тўпни дарвозага тўғрилаб юборган Байер янги жамоасидаги илк голини уриши билан якунланди. У иккинчи бўлимда ғалаба голини урган Гирассига ассистентлик қилди. Нури Шаҳин жамоаси ўн футболчи жароҳатда эканига қарамай, ғалабага эришди. Мавсумдаги бешта уй ўйинида ҳам ғалаба қозонган дортмундликлар «Унион»ни қувиб ўтиб, очколар сони бўйича «Байер»га етиб олди ва учинчи ўриндаги «Айнтраҳт»ни бир очколик фарқ билан таъқиб қилмоқда.

Франция: Ҳусановда илк қизил

«ПСЖ» — «Ланс» 1:0
Гол:
Дембеле (4).
«ПСЖ» – Сафонов, Мендеш, Пачо, Маркинос, Ҳакими, Фабиан Руис (Заир-Эмери, 71), Витиня, Жоау Невеш, Барколя, Асенсио (Дуэ, 71), Дембеле (Ли Кан Ин, 61).
«Ланс» – Самба, Ҳусанов, Данзо, Гради (Сарр, 63), Мачадо, Чавес, Диуф (Давид Кошта, 80), Томассон (Ал Энауи, 63), Зарури (Лабо-Ласкари, 80), Нзола, Сотока (Ожедиран, 20).
Огоҳлантиришлар: Ҳусанов (45+1), Гради (47), Маркинос (57), Диуф (62), Данзо (86).
Четлатиш: Ҳусанов (60).

«Ланс» кучли рақибга қарши ўйинда тезкор гол ўтказиб юборди, бу ҳужумда аввалига меҳмонлар ҳимоячиси қанотда Барколяни тўхтата олмади, у қанот бўйлаб ҳаракатланиб, жарима майдонига кириб келган Усмон Дембелени голли пас билан таъминлади, ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов эса уни қўриқлай олмади. «Ланс»нинг ҳужумдаги ишлари ҳам ўхшамади, жамоанинг фақат икки зарбаси дарвоза соҳасига тўғри борди ва икки ҳолатда ҳам парижликлар посбони Сафонов ишончли ҳаракат қилди. Иккинчи бўлимда эса Ҳусанов рақиб ҳужумини тўхтатишга уриниб, Ашраф Ҳакимига фол ишлатди. Бош ҳакам аввалига вазиятни эътиборсиз қолдирганди, видеотакрордан кейин эса шусиз ҳам сариқ карточкаси бор ҳимоячига тўғридан тўғри қизил карточка кўрсатди. Шундан кейин мезбонлар катта қийинчиликсиз ғалабали ҳисобни ушлаб қолди ва турнир жадвалидаги пешқадамликни давом эттирди.

Кун статистикаси

Сами Угурлу («Қосимпошо») Туркия суперлигасида «Бешиктош»ни қаторасига тўрт ўйинда мағлуб этган 1-мураббий бўлди.

«ПСЖ» ҳужумчиси Барколя жорий мавсумда 10 самарали балл (8+2) ишлаган 1-француз футболчи бўлди.

Франческо Фариоли «Аякс»нинг клубдаги илк йилида «Фейеноорд»ни ҳам, ПСВни ҳам мағлуб этган 2-мутахассис бўлди, бунгача бу натижа 2017 йилда Марсел Кейзер томонидан қайд этилган.

ПСВ форварди Люк де Йонг «Аякс» дарвозасини қаторасига 8 ўйинда ишғол этмоқда. Нидерландияда бир рақибга қарши бундай серия охирги марта ўтган асрнинг 80-йилларида кузатилган.

«Айнтрахт» ҳужумчиси Умар Мармуш Германия чемпионатининг дастлабки тўққиз турида 10 гол урди. Мисрлик футболчи бу билан Энтони Йебоанинг 1993 йилги натижасини яхшилаб, клуб рекордини ўрнатди.

«Саутгҳемптон» АПЛда 22 ўйиндан буён ғалаба қозона олмаётганди. «Авлиёлар»нинг нохуш серияси 2023 йил майида старт олганди ва 2024 йил 2 ноябрида «Эвертон» билан ўйинда тўхтади (1:0).

«Ноттингҳем» ҳужумчиси Крис Вуд АПЛда 23 гол урди. Янги зеландиялик 32 ёшли ушбу ҳужумчи яна бир аниқ зарба билан Брайан Ройга тегишли бўлган клуб рекордини такрорлайди.

Лига 1да дастлабки ўн турдаги 29 гол — «ПСЖ»нинг 2018 йилдан буён энг сермаҳсул мавсуми бўлмоқда.

«Монтиливи» стадионида ла лига доирасида йил бошидан буён 62 гол урилди. «Жирона»нинг уй аренаси бу борада «Сантяго Бернабеу» («Реал») ва «Керамика» («Вилярреал»)нинг кўрсаткичларидан анча яхшироқ кўрсаткич қайд этмоқда, иккинчи ўриндаги стадионларда мухлислар 53 тадан гол кўришган.

Мавзуга оид