Ўзбекистон | 10:39 / 07.08.2021
7064
5 дақиқада ўқилади

Ҳокимликларнинг компенсациялар бўйича қарзини ундиришга молия органлари масъул — МИБ

Мажбурий ижро бюроси масъулларининг маълум қилишича, бюджетдан пул маблағи ундиришни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари ижроси МИБ органларига тааллуқли эмас, уларни молия органлари ижро этиши керак.

“Ҳақиқатан ҳам ҳозирги кунда бюро органлари иш юритувида маҳаллий ҳокимликлардан компенсация тўловларини ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатлари мавжуд. Ижроси таъминланмаган ҳужжатлар сони 415 тадан ошади, ундирилиши керак бўлган компенсация миқдори эса 218 млрд сўмдан иборат.

117 млрд сўм миқдоридаги компенсация фуқаролар, 100 млрд сўмдан ошиқроғи эса юридик шахслар фойдасига ундирилиши керак. Бу ерда МИБ органларида мавжуд бўлган ижро ҳужжатлари ҳақида гап кетяпти”, – дея МИБ Фуқаролик ишлари бўйича судлар ҳужжатларини ижро этиш бўлими бошлиғи Аҳрорбек Арзиевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Аҳрорбек Арзиев

Арзиевга кўра, бюро органларининг бевосита аралашуви билан жорий йилнинг ўтган даврида 45 млрд сўм миқдоридаги компенсация тўловлари ундириб берилган. Қолаверса, маҳаллий ҳокимлик органларига МИБ функционал вазифасидан келиб чиқиб, талабнома ва тегишли барча ҳужжатлар тақдим этилган.

“Қолаверса, бу масала 6118-сонли президент фармонига асосан ташкил этилган Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш самарадорлигини ошириш бўйича республика кенгашининг 2021 йил 10 июнь куни ўтказилган йиғилишида ушбу масала муҳокама қилинди, ҳокимликлар билан шу тўловларни тўлаб бориш бўйича маълум бир вақтлар белгиланди. Мисол учун, аксар ҳокимликлар жорий йилнинг III чораги давомида бу компенсация тўловларини ҳокимликларнинг маҳаллий бюджетдан орттирилган маблағлари ҳисобидан тўлаб бериш бўйича мажбуриятни зиммаларига олишган. Тўловлар амалга ошириляпти.

Яна бир нарсани айтиб ўтишимиз керак, Бюджет кодексига асосан, бевосита бюджет ташкилотларининг ҳисобрақамларига инкассо-талабнома қўя олмаймиз. Чунки бевосита қонунчилигимизда мустаҳкамлангани учун [маҳаллий ҳокимликларга нисбатан] қатъий чоралар кўра олмаймиз.

Ҳозир айтиб ўтганимиздек, ижро ҳаракатлари давом этяпти, бу доимий назоратда. Қолаверса, республика кенгашининг навбатдаги йиғилишида ҳам бу масала қўйилган ва ҳокимликлар томонидан тўловлар амалга оширилмоқда”, – дейди Аҳрорбек Арзиев.

МИБ ҳуқуқий таъминлаш ва халқаро ҳуқуқий алоқалар бўлими бошлиғи Насимхон Бурҳоновга кўра, бюро органларининг бюджет ташкилотлари ҳисобрақамларига банд солишга ҳаққи йўқ. Шу сабабли суд қарорларига асосан маҳаллий ҳокимликлардан ундирилиши керак бўлган товон пуллари масаласида молия органларига мурожаат қилиш лозим.

Насимхон Бурҳонов

“Бюджет кодексига мувофиқ, бюджетдан пул маблағи ундиришни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари МИБ органларига тааллуқли эмас. Буни молия органлари ижро этиши керак. Илгари бу бўйича бизда муаммо бор эди, Бюджет кодекси қабул қилиниши билан бу масала ҳал қилинган. Бюджет тизими тўғрисидаги қонунда ҳам, бошқа қонунларда ҳам бюджет ҳисобрақамларига ҳам, ғазначилик ҳисобрақамларига ҳам банд солиш мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган. Унда қандай қилиб ижро қиламиз?

Гап шундаки, бюджет маблағларига умуман тегиш мумкин эмас деб белгилаб қўйилган. Чунки бюджет харажатлари режали, давлат бюджети қабул қилинаётганда харажатлар режага мувофиқ бўлиши керак. Шу сабабли бу вазифа молия органларига берилган. Молия органларига мурожаат қилиб, уларга ёрдам бериб, шу пайтгача маҳаллий ҳокимликлардан 36 млрд сўмга яқин маблағ ундирилди.

Шу жиҳатдан маҳаллий ҳокимликлар ҳисобидан фуқаролар ва юридик шахслар фойдасига ундирилиши лозим бўлган компенсация тўловлари нега ундирилмаётганини молия органларидан сўраш керак. Сабаби бюджет маблағларига тегишга ҳам, бюджет ташкилотлари ҳисобрақамларига банд солишга ҳам ҳеч қандай ҳаққимиз йўқ.

Баъзи ижро ҳужжатлари ички ишлар органларига тегишли. Масалан, ов қуроллари ва бошқаларни мусодара қилиш кабилар. Баъзи ижро ҳужжатлари бошқа органларга тааллуқли. Бевосита бюджетдан пул маблағи ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатларини молия органлари ижро этиши керак”, – дейди Насимхон Бурҳонов.

Аввалроқ Адлия вазирлиги 2016–2019 йилларда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан 6 479 та мулк бузилгани, уларнинг эгаларига 335,6 млрд сўм компенсация пули тўлаб берилмаганини маълум қилган эди.

Бош прокуратурага кўра, 2020 йилда “снос”лар туфайли бузилган мулкларнинг 55 фоизига компенсация тўланмаган.

2020 йилдаёқ давлат “снос”лар бўйича тадбиркорлар олдидаги қарзини 2021 йилда ҳам уза олмаслиги аён бўлганди.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2021 йилнинг охиригача ҳокимликнинг “снос”лар бўйича барча қарзлари қопланиши, компенсация пул ёки ер кўринишида қопланишини айтганди. Ўтган ойда пойтахтда давлат органлари фуқароларга етказган зарарни қоплаш учун 5,7 млрд сўм ажратилганди.

2021 йил 1 августдан ҳокимликларнинг ерни тўғридан тўғри ажратиш, фойдаланишга беришга оид ваколатлари бекор қилинди.

Мавзуга оид