Жаҳон | 11:39 / 11.07.2024
33879
2 дақиқада ўқилади

«Вагнер» сафига ёлланган ўзбекистонликка Тошкентда ҳукм ўқилди

У Россияда гиёҳванд моддалар савдоси учун қамалганидан сўнг россиялик ҳарбийлар таклифи билан «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси сафига ёлланган. У Оҳангарон туман судида Украина ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмагани ва фақат истеҳкомлар қурилишида иштирок этганини айтган.

Алексей Куденко/РИА «Новости»

2019 йил декабр ойида ишлаш мақсадида Россияга борган Шавкат Йўлдошев Москва шаҳридалигида гиёҳвандлик воситалари олди-сотдиси билан шуғулланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қўлга олинади.

2021 йил сентябрида Калуга области Обнинск шаҳар суди томонидан РФ Жиноят кодексининг 228-1-моддаси 4-қисми «а, г» бандлари билан айбли деб топилиб, 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинади.

Ш.Йўлдошев жазони ўташ даврида, Россия ҳарбийлари таклифига кўра, 2022 йил октябрдан 2023 йил 22 апрелга қадар «Вагнер» хусусий ширкатида 6 ой хизмат қилиб, бу хизмати эвазига жазонинг ўталмай қолган қисмидан озод қилинган ва 950 минг рубл миқдорида пул мукофоти ҳамда РФнинг «За отвагу» кўкрак нишони билан тақдирланган.

У Россия фуқаролигини ололмагач, 2023 йил август ойида Ўзбекистонга қайтиб келганида терговга тортилади.

Жиноят ишлари бўйича Оҳангарон туман судининг шу йил 30 майдаги ҳукми билан, Ш.Йўлдошев Ўзбекистон Республикаси ЖК 154-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилади ва 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланади.

Судланувчи судда берган кўрсатмаларида Украинанинг Луҳанск области ҳудудида бўлиб, ҳарбий истеҳкомлар (блиндаж) қуришда иштирок этгани, «Вагнер» ташкилотининг ҳарбий ҳаракатларида иштирок этмаганини айтган.

Мавзуга оид