24 майга ўтар кечаси Россия қўшини Киев шаҳри ва Киев области бўйлаб ўнлаб ракеталар (жумладан, баллистик ракеталар) ва юзлаб зарбдор дронлар, шунингдек «Орешник» қўллаган ҳолда ёпирилма зарба берди. Бу уруш бошидан буён Украинага «Орешник» билан учинчи бор ҳужум қилиниши бўлди.

Украина қуролли кучларига кўра, Россия ҳужумда 90 та ракета ва 600 та дрондан фойдаланган. Украина томони аниқлик киритишича, 54 та локацияда жами 16 та ракета ва 51 та зарбдор дрон келиб урилиши қайд этилган. Зарбаларнинг асосий йўналиши Киев бўлган.

Киевдаги районлардан бирида Россия ҳужуми вақтида рўй берган портлаш, 2026 йил 24 май
Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA

Пойтахт мэри Виталий Кличконинг маълум қилишича, ҳодиса оқибатида Киевда икки киши ҳалок бўлиб, 69 киши яраланган, жабрланганлар орасида болалар ҳам бор. Шундан 36 киши шифохонага ётқизилган, қолганларга жойида тиббий ёрдам кўрсатилган.

Украина пойтахтининг барча районларида вайронгарчиликлар қайд этилган; нисбатан энг кенг кўламлиси – Шевченково районида. «Лукяновская» метроси атрофидаги «Квадрат» савдо маркази ҳамда унинг ёнида жойлашган Лукяновский бозори деярли тўлиқ ёниб кетган. Бу савдо объектлари «Артём» ҳарбий заводи яқинида жойлашган бўлиб, завод олдин ҳам бир неча бор Россия зарбалари нишонига айланганди.

Киевда яшовчи киши Россия зарбасидан кейин ёниб кетган «Квадрат» савдо маркази яқинида, 2026 йил 24 май
Reuters / Scanpix / LETA

Бундан ташқари, бир неча музей ва маданий муассасалар, хусусан, Украина Миллий санъат музейи, «Чернобил» миллий музейи ва Украина уйи шикастланган. Володимир Зеленский ички ишлар вазири Игор Клименко билан бирга зарбага учраган «Чернобил» музейига ташриф буюрган.

Шунингдек, Киевдаги портлашлар оқибатида ташқи ишлар вазирлиги биносига бироз зарар етган. «Бугун эрталаб синган деразаларга қараб, мен тўлиқ ишонч билан бутун дипломатик жамоамиз номидан айтишим мумкин: россиялик террорчилар бизни тўхтатишга мажбур қилмайди», – деб ёзди вазирлик раҳбари Андрей Сибига.

Киевда УНИАН нашри таҳририяти офиси ҳам ҳужумга учраган.

Ҳужум Киев областини ҳам қамраб олган. Област ҳарбий маъмурияти раҳбари Микола Калашникнинг сўзларига кўра, Буча ва Обухов районларида икки киши ҳалок бўлиб, яна тўққиз киши яраланган.