Спорт | 21:35 / 18.06.2020
6904
3 дақиқада ўқилади

Карантин туфайли муддати тугаган ёки тугайдиган мураббийлик лицензияларининг амал қилиш муддати 31 декабргача узайтирилган – Вазирлик

Карантин туфайли муддати тугаган ёки тугайдиган мураббийлик лицензияларининг амал қилиш муддати 2020 йилнинг 31 декабригача узайтирилган. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Отабек Эшмаматов 18 июнь куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

«Ўзбекистондаги эпедимиологик вазият ва карантин чора-тадбирлари, бу жараёнда фуқароларга яратилаётган имкониятларни ҳисобга олган ҳолда жорий йилда муддати тугаган ёки энди тугаши кутилаётган мураббийлик лицензияларининг муддати автомат равишда шу йилнинг охиригача узайтирилган. Бунда лицензия муддатини узайтириш ёки уни янгилаш учун қаергадир мурожаат этиш талаб этилмайди.

Қўшимча тарзда шуни маълум қилишим мумкинки, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг 2019 йил 23 декабрдаги буйруғига асосан марказ ва унинг филиалларида 2020 йилнинг январь-июнь ойларида жами 5071 нафар, шундан 697 нафари шартнома асосида жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассислар малака ошириш курсларига қабул қилиниши белгиланган.

Пандемия шароитида Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ва унинг филиалларида масофавий малака ошириш курсларини ташкил этиш мақсадида электрон таълим платформаси яратилди. Мазкур платформа ёрдамида Марказда 2020 йил май ойида масофадан ўқитиш шакллари орқали шартнома асосида 118 нафар тренерларнинг малакаси оширилди», дея Отабек Эшмаматовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Унинг қўшимча қилишича, 2020 йил апрель, май ва июнь ойларига режалаштирилган малака ошириш курслари июнь, июль ва август ойларига кўчирилиб, масофавий таълим усуллари орқали ташкил этилишига рухсат берилган. Шу муносабат билан, 2020 йил июнь ойида 1351 нафар, жумладан 205 нафари шартнома асосида жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларнинг масофавий малака ошириш курсларига қабул қилинган.

Масофавий малака ошириш платформасига марказ профессор-ўқитувчилари томонидан 620 га яқин ўқув услубий адабиётлар жойлаштирилган. Масофавий малака ошириш курслари таълим жараёни платформага жойлаштирилган модуллар бўйича электрон ресурслар, яъни маърузалар, тақдимотлар, тестлар, видеоматериаллар ҳамда масофадан онлайн дарслар Zoom дастури орқали ташкил этиб келинмоқда.

Мавзуга оид