Ўзбекистон | 20:43 / 23.03.2026
2991
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда Миллий дендрология боғи барпо этилади

Президент ҳузурида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган устувор умуммиллий лойиҳалар юзасидан тақдимот бўлиб ўтди. Унда таъкидланишича, 2028 йилга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида майдони 100 гектардан кам бўлмаган ботаника ва дендрология боғларини ташкил этиш режа қилинган.

Президент Шавкат Мирзиёев 23 март куни экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган устувор умуммиллий лойиҳалар юзасидан тақдимот билан танишди.

Тақдимотда “Яшил макон” доирасида ботаника ва дендрология боғлари концепцияси юзасидан ахборот берилди. Қайд этилганидек, ботаника боғлари маҳаллий ва хорижий ўсимликларни ўрганиш, сақлаш, кўпайтириш ва намойиш этишга хизмат қилса, дендрология боғлари дарахт ва бута турларини интродукция қилиш, акклиматизация қилиш ва илмий асосда парваришлашга ихтисослашган ҳудудлар ҳисобланади. Концепцияга кўра, ботаника боғларида турли флористик экспозициялар, оранжерея, кўчатхона, кўл, ички йўлаклар, беседка ва гулхона каби объектлар жойлаштирилади.

Ҳозирги кунда мамлакатда 3 та ботаника боғи мавжуд бўлса, лойиҳа доирасида яна 12 та ботаника ва 16 та дендрология боғини ташкил этиш режалаштирилган. Бу жараёнда ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароити ҳисобга олиниб, мос дарахт ва буталар танланади.

2028 йилга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида майдони 100 гектардан кам бўлмаган ботаника ва дендрология боғларини ташкил этиш режа қилинган. Натижада 2030 йилгача мамлакатда умумий яшиллик даражасини 14,2 фоиздан 30 фоизгача ошириш, PM2,5 ва PM10 концентрациясини 20-25 фоизга камайтириш, иқлими оғир ҳудудларда ҳаво ҳароратини ўртача 1,5-2 даражага пасайтириш мақсад қилинган.

Шу билан бирга, пойтахтда Миллий дендрология боғини барпо этиш концепцияси ҳам тақдимот қилинди. Ушбу йирик яшил ҳудуднинг умумий майдони 108 гектарни ташкил этиши белгиланган. Лойиҳа доирасида 50 минг туп дарахт кўчати ва 100 минг туп бута ўсимликлари экилиши назарда тутилган. Парк биологик хилма-хилликни сақлаш, ҳаво сифатини яхшилаш, углерод ютилишини ошириш, илмий тадқиқот ва селекция ишларини йўлга қўйиш, шунингдек, шаҳар микроиқлимини соғломлаштиришга хизмат қилади. Боғ ҳаво ҳароратини 2-4 даражага пасайтириб, намликни 10-15 фоизга ошириши мумкин.

Миллий дендрология боғи фақат кўкаламзор ҳудуд эмас, балки илмий, маърифий ва жамоат макони сифатида ҳам шакллантирилади. Унда “Дунё дарахтлари” ҳудуди, 6 та иқлим минтақасига хос ўсимликлар коллекцияси, мевали ва маҳаллий дарахтзорлар, доривор ўсимликлар боғи, оранжерея, гулзорлар, дам олиш майдонлари, пиёдалар ва велосипед йўлаклари, автотураргоҳ, ташриф буюрувчиларни кутиб олиш майдони барпо этилади.

Боғнинг марказий қисмида 1 гектарлик сунъий кўл ва унинг атрофида сакура боғи ташкил қилиш режалаштирилган. Парк инфратузилмасида қуёш панеллари, қайта ишланган материаллардан тайёрланган скамейка ва беседкалар, автоматлаштирилган томчилатиб суғориш тизими каби замонавий экологик технологиялардан фойдаланиш кўзда тутилган. Бу ер Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши университети (“Green University”) учун табиий лаборатория, аҳоли учун эса биотуризм ва экотаълим марказига айланади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид