Ўзбекистон | 14:12 / 04.04.2025
9640
3 дақиқада ўқилади

«Дунё Афғонистон ҳудудидан келаётган таҳдидларга етарлича баҳо бермаяпти» — Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон раҳбари қўшни мамлакатни минтақавий лойиҳаларга жалб қилишга чақирди ва халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистон расмийлари билан мулоқот йўлга қўйишига умид билдирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» биринчи саммитидаги нутқида минтақавий хавфсизлик ва Афғонистон билан ҳамкорлик масаласига ҳам тўхталди.

«Хавфсизликка нисбатан умумий таҳдидлар, хусусан, терроризм, экстремизм, радикализм, кибержиноятчилик, наркотрафик ва ноқонуний миграцияга қарши курашишда ҳамкорлик тобора долзарб бўлиб бормоқда.

Европалик шерикларимизнинг терроризмга қарши курашиш масалалари бўйича мулоқотни йўлга қўйиш ҳақидаги таклифини қўллаб-қувватлаймиз», деган давлат раҳбари.

BOMCA ва CADAP дастурлари доирасида ўзаро амалий ҳамкорликни кенгайтириш муҳим ҳисобланиши қўшимча қилинган.

Шунингдек, Ўзбекистон президенти мамлакат Афғонистонда тинч тараққиётни таъминлаш масалалари бўйича сиёсий маслаҳатлашувларни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.

«Афғонистонни тинч ривожлантириш масалаларида сиёсий маслаҳатлашувларни давом эттиришга тайёрмиз. Минг афсуски, жаҳон ҳамжамияти ушбу мамлакат ҳудудидан келиб чиқадиган барча таҳдидларни етарлича баҳолай олмаяпти.

Афғон томонини минтақавий иқтисодий жараёнларга, жумладан, инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, ижтимоий соҳани қайта тиклаш йўли билан фаол жалб этиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Қабул қилинган мажбуриятларни бажариш учун халқаро ҳамжамиятнинг амалдаги афғон ҳукумати билан конструктив мулоқот ўрнатиш муҳимлигини тушуниши ва қўллаб-қувватлашига умид қиламиз», деган Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари сўзининг якунида ташаббус ва келишувларни амалга ошириш механизмларини жорий этиш муҳимлигини алоҳида қайд этган.

Шу муносабат билан, «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» форматида бош вазир ўринбосарлари даражасида ҳар йили учрашувлари ўтказиб бориладиган Шериклик қўмитасини таъсис этиш мақсадга мувофиқлиги айтилган.

«Барчангизга очиқ, ишончли ва конструктив мулоқот учун яна бир бор чуқур ташаккур изҳор этаман.

Ишончим комилки, Европанинг етакчи институтлари ва молия ташкилотлари раҳбарлари Марказий Осиёнинг умумий позицияга эга эканига, ишончли ва масъулиятли шерик сифатида кенг кўламли ҳамкорликка тайёр эканига амин бўлишди.

Барчангизни икки минтақа ўртасида стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисида тарихий қарор қабул қилиниши билан табриклайман.

Эришилган барча келишувлар ва илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш учун Саммит котибиятига, экспертлар билан биргаликда, бир ой муддатда, биз ишчи тартибда тасдиқлашимиз мумкин бўлган “Йўл харитаси”ни тайёрлаш таклифини билдираман», дея чиқишини якунлаган Ўзбекистон раҳбари.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид