Ўзбекистон | 11:58 / 10.02.2020
5420
4 дақиқада ўқилади

Қурилиш соҳасидаги «гос приёмка» онлайн амалга оширилади 

Тадбиркорлар қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича Давлат хизматлари марказларига ёки онлайн тарзда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилишлари мумкин. 

Фото: 123RF

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги “Архитектура ва қурилиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 370-сонли қарорига мувофиқ, “Қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти” тасдиқланган.

Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси хабарига кўра, мазкур қарор қабул қилингунга қадар қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш, халқ тили билан айтганда “гос приёмка” номи билан машҳур бўлган амалий ҳаракат, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятилар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарорлари билан тасдиқланган тартиб асосида амалга оширилган. 

Масалан, авваллари Тошкент шаҳар ҳокимининг 2016 йил 18 апрелдаги 328-сонли қарорининг 4-иловасига мувофиқ Тошкент шаҳар Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси қошидаги 14 та ваколатли идора вакилидан иборат комиссия таркиби тасдиқланган ва мазкур комиссия аъзолари томонидан қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича “бегунок” имзоланган.

Бироқ, шунда ҳам қурилиши тугалланган бино-иншоотни фойдаланишга қабул қилиш учун комиссиянинг 14 та ишчи органи мансабдор шахслари имзоси етарли бўлмаган ва туман ҳокимининг қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича қарори қабул қилиниши талаб этилган. 

Айрим ҳолларда ишчи органларнинг имзоси (рухсати) бўлса-да, тадбиркорлар қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бино ва иншоотларини фойдаланишга қабул қилиш бўйича туман ҳокимининг қарорни олиш учун 6 ойгача кутишга мажбур эди, барча ҳужжатларни тадбиркорлар ташкилотма-ташкилот сарсон бўлиб, мансабдор шахсларни олдиларига ўзлари олиб киришган. 

Жараённинг қийинлиги натижасида, барча талаблар асосида қурилган аммо ноқонуний қурилма сифатида эътироф этилган бино ва иншоотларнинг сони кўпайиб кетган.

Эндиликда бу тартибга тўла барҳам берилди. Бугунги кунда тадбиркорлар қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича Давлат хизматлари марказларига ёки 
онлайн тарзда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилишлари мумкин. 

Ҳозирда қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилишда бор йўғи икки ваколатли орган иштирок этади ва 9 иш куни мобайнида фойдаланишга қабул қилиб, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида кўчирма тақдим этилади.

Мазкур соҳадаги давлат хизматлари кўрсатиш бизнес жараёнини бир неча мартага қисқартириш орқали, хизмат кўрсатиш сифатининг ошишига ва энг муҳими қонунбузилиши ҳолатларининг олди олинишига эришилди.

Бундан ташқари, жараёнда 14 та ишчи орган иштироки тугатилиб, атиги 2 та ваколатли орган қолдирилди ва улар ўртасидаги ўзаро ахборот алмашинуви “ягона дарча” тамойили асосида фақат электрон тарзда амалга оширилиши белгиланди. Асоссиз рад қилинган ҳамда кўриб чиқиш муддатлари бузилган аризалар юзасидан Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан электрон тарзда доимий назорат ўрнатилиб ва қонунбузилиши ҳолатига йўл қўйган айбдор шахслар тегишли тартибда жавобгарликка тортилмоқда. 

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид