Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Давлат ва хусусий сектор шерикчилиги Ўзбекистон тараққиётига ҳисса қўша оладими?
Ўтган асрнинг 90-йилларида PPP (public-private partnership) атамаси вужудга келди. Тушунчанинг асл моҳияти шундаки, бунда давлат ва хусусий сектор мамлакат инфратузилмасини яхшилаш ва сифатли давлат хизматларини амалга оширишда ўзаро бирлашади. Бундан кимга фойда? Иккала сектор алоҳида фаолият юритганда ҳам улкан натижаларни қўлга киритиш мумкин, дегувчилар ҳам бор. Хулоса қилишга шошилмаслик лозим. Ҳукумат ҳамма соҳаларга бирдай эътибор қаратиб, маълум миқдорда маблағ ажратиши имконсиз. Шундай шароитда иқтисодиётни мустаҳкамлаш, қатор ижтимоий соҳаларни оёққа турғазиш, шу орқали фуқаролар фаровонлигини ошириш вазифаси турибди. Хўш, ушбу вазиятда давлат кимдан кўмак олиши мумкин? Албатта, молиявий жиҳатдан бақувват бўлган хусусий сектор мавжуд вазиятни яхши томонга ўзгартиролади. Шерикчилик нафақат фуқаролар ҳаётини фаровон қилади, балки иккала томон учун харажатларни камайтириб, фойда ошишига ҳисса қўшади.
Жаҳон Банкининг 2018 йил якунлари бўйича тақдим этган ҳисоботларига кўра, дунёнинг 135 та мамлакатида давлат-хусусий шерикчилик механизмларидан фойдаланиб келинмоқда. Умумий инвестицион лойиҳаларнинг 15-20 фоизи айнан давлат-хусусий шерикчилиги ҳиссасига тўғри келяпти. 1990-2012 йиллар давомида ушбу жабҳага ажратиладиган ўртача маблағ қиймати қарийб 200 млрд. АҚШ долларига етди.
Ўзбекистонда ушбу амалиётни жорий қилиш мумкинми? Бу қанчалик ўзини оқлай олади? Ҳали бу соҳада тажрибага эга бўлмасдан туриб йирик лойиҳаларни амалга ошириш мумкинми? Ўттиз йиллик жаҳон тажрибасини ўзлаштириш учун қандай вазифаларни бажариш лозим?
Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикчилиги агентлиги раҳбари Ғолиб Холжигитов агентлик фаолияти, лойиҳалар кўлами ва бошқа муҳим маълумотларни тақдим этди.
«Ўзбекистонда давлат-хусусий шерикчилик лойиҳалари аввалдан амалга ошириб келинарди, аммо...»
Давлат-хусусий шерикчилиги соҳаси Ўзбекистон учун янги бўлса-да, бу соҳада қонунчилик базаси ишлаб чиқилишидан олдин айрим йўналишларда давлат-хусусий шерикчилиги лойиҳалари бўлган. Амалиётда бу тажрибадан мактабгача таълим муассасаларини қуришда фойдаланилган. Лекин бу кенг тармоқ бўлиб ривожлантирилмаган. Демак, бу борада оз бўлса ҳам тажрибага эгамиз.
Давлат-хусусий шерикчилиги иқтисодиётга қандай таъсир қилади?
Энг аввало, харажатлар қисқаради. Ҳисоб-китоблар шуни кўрсатадики, давлат-хусусий шерикчилиги бўйича лойиҳаларнинг умумий харажатлари, тўғридан-тўғри битим бўйича лойиҳаларга нисбатан 20-30 фоизгача қисқаради. Бу ниманинг ҳисобига бўлади? Давлат-хусусий шериклик лойиҳа концепциясини ишлаб чиқиш, унга кетадиган харажатларнинг чуқур таҳлили, қулай ҳудудни танлаш, малакали мутахассисларни жалб қилиш барчасини ўз зиммасига олади. Бошқача айтганда, давлат хизматлари бепул амалга оширилади. Хусусий сектор эса мавжуд хавф-хатарни бўйнига олиб, лойиҳани молиялаштиради. Энг асосийси, давлат ушбу лойиҳаларни тартибга солишда ўз ваколатларини сақлаб қолади. Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларида давлат томонидан қўшиладиган ҳисса хусусий шерик мажбуриятлари орқали қопланади.
Давлат хусусий шерикчилигининг яна бир ижобий жиҳатларидан бири иқтисодиётни рақобатбардошлигини кўтаришдир. Хусусий томон рақобатдошларидан кўра кўпроқ фойда олиш мақсадида бозордаги талабни синчковлик билан ўрганади. Натижада, хизмат сифатини оширишга интилади. Энг муҳим жиҳати шундаки, хусусий сектор давлатга қараганда ташаббускорона фикрлайди. Ички талабни яхшироқ тушунади, истеъмолчилар хоҳиш-истагини ҳисобга олади. Чунки шерикчилик узоқ муддатга келишилади ва жиддий хатарлардан иборат бўлиши мумкин.
Агентлик инвесторларга қай даражада ёрдам беролади?
Агентлик ўз олдига қандай мақсадларни қўйган? Биринчидан, муассаса соҳада ягона давлат сиёсатини юритади. Масалан, лойиҳага доир ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашади ва маъқуллайди. Иккинчидан, кадрларни тайёрлайди ва лойиҳаларни мониторинг қилади, тендер ўтказади, иккала томоннинг ҳуқуқий манфаатини ҳимоя қилади, инвесторлар, халқаро молия ва донорлик ташкилотлари, илмий ва эксперт ҳамжамиятлари, шунингдек давлат-хусусий шериклик соҳасининг бошқа иштирокчилари билан ҳамкорликни ташкил этади. Умумий қилиб олганда, лойиҳа билан боғлиқ барча муносабатларда инвесторга кўмак беради.
Давлат-хусусий шерикчилиги бўйича мустаҳкам қонунчилик базаси мавжудми?
Йирик масштабдаги лойиҳаларни амалга оширишда хусусий сектор барча хавф-хатарни ўз зиммасига олиши керак. Шунинг учун инвестор ўз ҳуқуқларининг қонуний томондан қай даражада кафолатланишига аҳамият беради. Ўзбекистонда давлат-хусусий шерикчилиги бўйича етарлича ҳуқуқий база мавжуд. Жорий йилнинг 10 майида Ўзбекистон Республикасининг «Давлат-хусусий шерикчилиги тўғрисида» ги Қонуни имзоланди. Ушбу йирик ҳуқуқий ҳужжат давлат ва хусусий секторнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилади. Унда иккала тарафнинг ҳуқуқ-мажбуриятлари аниқ белгилаб берилган. Қонун лойиҳаси Молия вазирлиги томонидан Европа тикланиш ва тараққиёт банки кўмагида тайёрланди. Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банкининг Халқаро молия корпорацияси экспертлари фикрларидан ҳам фойдаланилди. Дунёнинг етакчи давлатлари: АҚШ, Германия, Франция, Россия, Қозоғистон, Беларусьтажрибаси ўрганилди.
Давлат ўз шеригини қай тартибда танлайди?
Қонунда белгиланганидек, ҳукумат ўз лойиҳаларини кенг жамоатчиликка эълон қилади ва ушбу лойиҳаларга қизиқиш билдирган инвесторлар ўртасида тендер ўтказади ёки музокаралар асосида ҳам шеригини танлаши мумкин. Бундан аввал лойиҳа икки босқичли жараёндан ўтади: лойиҳа концепциясини тайёрлаш ва техник-иқтисодий таҳлил (лойиҳанинг техник хавфсизлиги ва молиявий харажатлар). Ундан сўнг эса иштирокчилар ўртасида икки босқичли тендер ўтказилади. Давлат энг кам харжли режани тақдим этган хусусий сектор билан шериклик қилади. Шундан сўнг ғолиб чиққан иштирокчи билан музокаралар ўтказади ва битим имзоланади. Хусусий томонга қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим: ҳуқуқий лаёқатга эга бўлиш, ишга лаёқатлилик, тўлай олиш қобилияти, зарур молиявий, моддий-техник тажриба ва меҳнат ресурслари борлиги.
Давлат-хусусий шерикчилиги қанча вақт давом этади?
Қонунга кўра, давлат-хусусий шерикчилиги битим асосида мустаҳкамланади. Битим муддати 3 йилдан 49 йилгача деб белгиланган. Нима учун айнан 49 йил? Ер эгалиги қонунчилигига мувофиқ, ер 49 йилдан кейин давлат ихтиёрига ўтади. Демак, хусусий томон маълум объектдан энг кўпи билан 49 йилгача фойда олиши мумкин, ундан кейин эса хусусий шерик ўзи фойдаланиб турган ерни ва ундаги объектни давлатга топширади.
Хусусий сектор объектга бутун умр эгалик қилиши мумкинми?
Юқорида айтилганидек, 49 йилдан сўнг битим муддати тугайди ва ҳар қандай объект давлат ихтиёрига ўтади. Лекин хусусий сектор ўзаро музокаралар давомида шериги (давлат)га битим муддатини узайтириш бўйича асосли сабаб кўрсата олса, белгиланган муддат ўзгартирилиши мумкин. Шунингдек, давлат маълум объектни хусусий секторга тўла топшириши ҳам мумкин. Истисно тариқасида Президент қарори билан давлат-хусусий шерикчилик объекти шартнома муддати тугаганидан сўнг хусусий шерикка ўтказилиши мумкин.
Инвестор учун хавф-хатарлар нималардан иборат?
Барча давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини тайёрлаш жараёнида унга рисклар матрицаси ва молиявий модел тайёрланади. Мисол учун, тўлов йўллари лойиҳасини оладиган бўлсак - унда прогноз қилинган йўловчилар сони билан амалдаги рақамларнинг фарқи (талаб хатари), лойиҳага жалб қилинган молиявий ресурслари – қарзнинг тўлов имкони бўлмаслиги (молиявий хатар), лойиҳа ҳисоб-китобларнинг нотўғри бўлиши (нотўғри спецификация хатари), учинчи томон масалалари (нотўғри пудратчининг танланиши, қайта молиялаштириш, процент ставкаларининг ўзгариш хатарлари). Бундан ташқари, лойиҳада валюта, инфляция ва тариф сиёсатининг ўзгариши билан боғлиқ хавф-хатарлар бўлиши мумкин.
Барча давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини тайёрлаш жараёнида унга молиявий модель, яъни капитал, операцион харажатлар, даромад ва бошқа молиявий кўрсатгичлар шартнома муддати давоми учун ҳисобланади. Лойиҳанинг молиявий ресурслари хусусий шерик томонидан таъминланади. Демак, хавф-хатарларнинг энг асосийси молиявий хавф-хатар ҳисобланади.
Инвесторлар қайси лойиҳаларга қизиқиш билдиришмоқда?
Осиё тараққиёт банкининг ҳисоб-китобларига асосан, Ўзбекистон ишлаб чиқариш ва инфратузилмани ривожлантиришга ҳар йили ўз ЯИМнинг
7.4 фоизи миқдорида (қарийб 3.6 млрд. АҚШ доллари) инвестиция киритиши керак. Транспорт (2.1 %), энергетика (2.9%), ахборот-коммуникация технологиялари (0.9%), ичимлик суви ва санитария (0.6%) соҳаларига эҳтиёж бор. Шуни ҳисобга олган ҳолда, жорий йилнинг 20 апрелида Президент қарорида умумий қиймати 2 млрд. долларлик 15 та лойиҳа рўйхати тасдиқланди. Унда транспорт, аэропорт, темирйўл, энергетика, тиббиёт, таълим соҳаларини ривожлантириш бўйича лойиҳалар тақдим этилган. Исталган инвестор ушбу лойиҳалар юзасидан давлат-хусусий шерикчилиги асосида фаолият кўрсатиш бўйича таклиф билдириши мумкин. Айни вақтда инвесторлар энергетика соҳасидаги лойиҳаларга катта қизиқиш билдиришмоқда. www. pppda.uz сайти орқали инвесторлар лойиҳалар билан танишиб чиқишлари мумкин. Сайт ҳозирча инглиз тилида фаолият олиб бормоқда, чунки биз инвесторларни асосан хориждан жалб қилмоқчимиз. Жаҳонда бу борада етарлича тажриба мавжуд. Шу мақсадда аввал хорижлик инвесторлар билан ҳамкорлик қилиб муваффақиятли лойиҳаларни қилмоқчимиз ва давлат-хусусий шерикчилиги аҳамиятини амалий томондан исботлаб бермоқчимиз. Бу ўз-ўзидан маҳаллий инвесторларни ҳам жалб қилишга ёрдам беради.
Ўзбекистонда давлат-хусусий шерикчилигини оммалаштиришда қандай ишлар қилинмоқда?
Юқорида айтилганидек, давлат-хусусий шерикчилиги узоқ давом этадиган жараён. Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, ЕТТБ мутахассислари билан ҳамкорликни давом эттиряпмиз. Жумладан, Жаҳон банкининг Халқаро молия корпорацияси мутахассислари 30 га яқин маҳаллий вазирлик ва идора вакилларига ўқув-тренинглар ўтказишди, натижада барчаси халқаро сертификат совриндори бўлишди. Бу давлат-хусусий шерикчилиги соҳасида кадрлар тайёрлашнинг бир кўриниши ҳисобланади. Уларни кейинчалик мураккаб лойиҳаларни тайёрлашга жалб этиш имконимиз бўлади. Яна бир ташаббуслардан бири Олий таълим вазирлиги билан ҳамкорлик ўрнатиб, тегишли ОТМларда давлат-хусусий шерикчилиги бўйича фанларни жорий этиш, дарсликларни ишлаб чиқмоқчимиз. Шунингдек, шу йили кузда инвесторлар халқаро форумини ўтказмоқчимиз. Бундан мақсад лойиҳаларни молиялаштиришда кўпроқ хорижий ҳамкорларга эга бўлишдир. Бажарилаётган лойиҳалар ҳақида гапирилганда, Халқаро молия корпорацияси томонидан Навоий вилоятида 100 мегаватт қуёш энергияси ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа амалга ошмоқда. Ҳозир тендернинг энг охирги босқичлари ўтказилмоқда. Яқин кунларда ғолиб аниқланади. Бошида жаҳоннинг 42 та йирик корхонаси лойиҳага қизиқиш билдирди. Саралаш натижасида 11 та корхона сўнгги босқичгача етиб келди. Уларнинг аксарияти Германия, Хитой, Россия, Ҳиндистон, Туркия вакилларидир.
Давлат-хусусий шерикчилиги Ўзбекистон шароитида «очилмаган қўриқ» дир. Соҳанинг аҳамияти бўйича аҳолига тўғри тушунча берилса, жаҳоннинг илғор тажрибаси ўрганилса, миллий иқтисодиётга мисли кўрилмаган фойда келади. Шу билан бирга, мамлакат инфратузилмаси яхшиланишига эришиш мумкин. Бунда давлат ҳам, хусусий сектор ҳам бирдай манфаатдор бўлади.
Муҳаббат Маъмирова суҳбатлашди
Мавзуга оид
15:23 / 05.01.2026
Давлат хизматларининг 40 фоизи хусусий секторга ўтказилади
14:25 / 01.01.2026
2025 йилги инфляция: қайси маҳсулот қанчага қимматлашди?
15:50 / 31.12.2025
Театр соҳасида хусусий сектор иштироки 30 фоизга етказилади
19:31 / 30.12.2025