Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Йил якуни: 2025 йил Ўзбекистон иқтисодиётидаги асосий тенденциялар
Олтин 1979 йилдан кейинги энг катта йиллик нарх ошишига эришди ва бу Ўзбекистон иқтисодий ҳаётининг жорий йилги мундарижасини белгилаб берди. Хусусан, сўм долларга нисбатан ҳайратланарли даражада мустаҳкамланди. Шунингдек, 2025 йил 1 май санаси янги протекционистик чоралар билан тарихга кирди: утилйиғим каррасига қимматлашди, божсиз товар олиб кириш лимити камайди.
2025 йил Ўзбекистон иқтисодий ҳаётида муҳим воқеаларга бой бўлди. Ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 7 фоизни ташкил этиб, йил якуни бўйича 145 млрд долларга етиши кутиляпти. Камбағаллик даражаси йил бошидаги 8,9 фоиздан 5,8 фоизга, ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизга тушди. Инфляция 7,3 фоизгача пасайиши мумкин. Kun.uz якунланаётган йилда Ўзбекистон иқтисодиётида юз берган асосий тенденцияларга эътибор қаратади.
Сўм мустаҳкамланиши
Ўзбек сўми йилни долларга нисбатан 6,8 фоизлик мустаҳкамланиш билан якунлаяпти. Йил бошида долларнинг кўтарилмасдан, аксинча пасайишини тасаввур қилиш жуда қийин эди. Чунки йиллар давомида доллар доимо ўсади, арзонлашмайди деган қараш шаклланган эди. Феврал ойида курс биринчи марта 13 минг сўмдан ошганди ҳам. Аммо, маълум бир иқтисодий шарт-шароитларда энг қудратли валюталар ҳам ўз қийматини йўқотишига гувоҳ бўлдик.
Йил давомида сўм курсининг мустаҳкамланишига пул ўтказмалари оқимининг кўпайиши, тўғридан тўғри хорижий инвестицияларнинг ошиши, асосий ҳамкор давлатлар миллий валюталарининг барқарорлашиши ва олтин нархининг қимматлашиши фонида экспортнинг ўсиши ва савдо тақчиллигининг қисқариши каби омиллар таъсир қилди. Ўз навбатида, чегарадан божсиз олиб кириш лимитларининг камайтирилиши – валюта кирими ва чиқими ўртасидаги фарқни янада кенгайтиришга хизмат қилди.
Сўмнинг мустаҳкамланиши фонида Ўзбекистон иқтисодиётидаги долларлашув даражаси сезиларли қисқарди, ташқи қарзга хизмат кўрсатиш харажатлари ҳам камайди. Таққослаш учун, сўм долларга нисбатан 2021 йилда 3,4 фоизга, 2022 йилда 3,6 фоизга, 2023 йилда 9,9 фоизга, 2024 йилда эса 4,7 фоизга ўз қийматини йўқотганди.
Олтин нархининг ошиши
Йил давомида Ўзбекистон иқтисодиётига энг катта таъсир кўрсатган омиллардан бири – олтин нархининг кескин кўтарилиши бўлди. Одатда олтин нархининг ўсиши иқтисодий ёки сиёсий босимлар билан боғлиқ бўлади. Масалан, 2008 йилги глобал молиявий инқироздан кейин қимматбаҳо металл 1000 долларга, пандемия даврида 2000 долларга, жорий йилнинг мартида Трамп маъмуриятининг радикал бож сиёсати фонида 3000 долларга чиққанди. Жаҳон савдосида ноаниқликлар, АҚШ Федерал резерв тизимининг мустақиллиги атрофидаги хавотирлар ва Қўшма Штатларнинг фискал барқарорлигига доир шубҳалар кучайгани сабаб октябр ойида нархлар 4000 доллардан ошди. Декабр ойига келиб эса қимматбаҳо металл баҳоси 4500 доллардан ҳам кўтарилди. Олтин 2025 йилда 70 фоизга қумматлашди, бу – охирги 46 йил ичидаги энг катта ўсиш.
Ўзбекистон – энг йирик олтин ишлаб чиқарувчи ва уни экспорт қилувчи мамлакатлардан биридир. Жаҳон бозорида нархларнинг кўтарилиши ортидан 1 декабр ҳолатига Марказий банкнинг олтин-валюта захиралари қиймати 61 млрд доллардан ошди ва бу мамлакатнинг суверен кредит рейтинглари яхшиланишида асосий омиллардан бири бўлди.
Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон ҳукуматига бюджетда режалаштирилмаган қўшимча даромадлар ҳисобидан харажатларни кўпайтириш ташаббусларини чеклашни тавсия қиляпти. Бу инфляцион босимни пасайтириш, реал айирбошлаш курсининг ортиқча мустаҳкамланишининг олдини олиш ва олтин нархлари тушган тақдирда макроиқтисодий тебранишларнинг кучайиш хавфини камайтиради.
Протекционистик чоралар
2025 йилнинг 1 май кунидан бошлаб Ўзбекистонда қатор протекционистик чоралар кучга кирди. Хусусан, ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошмаган электромобиллар учун утилизация йиғими базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваридан 120 бараваригача ёки ўша пайтдаги нарх бўйича 11 млн сўмдан 45 млн сўмгача оширилади. Бу эса BYD’нинг дилерлик тармоғидан ташқаридаги импорт электрокарлар нархини қимматлаштирди. Йиғим нархининг ақл бовар қилмас даражада кўтарилиши ички бозордаги ишлаб чиқарувчини ҳимоя қилишга қаратилган навбатдаги уриниш сифатида баҳоланди.
Бундан ташқари, 1 майдан бошлаб хориждан Ўзбекистонга кириб келаётган фуқаролар учун нотижорат мақсадларда товар олиб кириш лимитлари пасайтирилди. Хусусан, самолётда келувчилар учун лимит 2000 доллардан 1000 долларга, поездда келувчилар учун 1000 доллардан 500 долларга туширилди. Давлат чегарасини автомобилда ёки пиёда кесиб ўтаётганлар эса 300 доллардан ортиқ қийматдаги товарни божсиз олиб киролмайди. Қолаверса, 20 июлдан бошлаб 2-3 кунга хорижга чиққанлар учун божсиз лимит умуман нолга тенг қилиб қўйилди.
Йирик хусусийлаштиришлар
Жорий йилда ҳам кенг кўламли хусусийлаштириш дастури амалга оширилиши давом эттирилди. Хусусан, Самарқанд автомобил заводидаги 75 фоизлик давлат улуши Туркиянинг Anadolu Isuzu компаниясига 80 млн долларга сотилди. Инвестор бюджетга тўловдан ташқари, яна 80 млн доллар инвестиция киритиш мажбуриятини ҳам олган.
Бирлашган Араб Амирликларининг TAQA ва Mubadala компаниялари эса Талимаржон энергетика мажмуасидаги 874 мегаваттлик ИЭСнинг 80 фоиз ҳиссасини сотиб олганини эълон қилди. Битим қиймати ва бошқа шартлар маълум эмас. Инвесторларга кўра, давлат улардан электр энергиясини 25 йил давомида кафолатли сотиб олиш мажбуриятини олган.
Собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли Дониёр Комилов Ўзбекистондаги бизнесларини янада кенгайтирди. Унга тегишли фирма мамлакатдаги йирик қурилиш ширкатларидан бири бўлмиш «Трест-12»ни хусусийлаштириб олди. Компаниянинг 51 фоиз улуши 111 млрд сўмга баҳоланди.
Давлатга тегишли бошқа бир йирик қурилиш компанияси – «Ўзшаҳар қурилиш инвест» ҳам сотилгани маълум бўлди. Жамоатчилик бу ҳақда фақатгина компания томонидан Қурилиш вазирлигининг маъмурий биноси 182 млрд сўмга сотиб олиниши фонидагина хабар топди.
Яна бир йирик компания, халқаро бозорда оммавий савдоларга чиқарилиши керак бўлган Деҳқонобод калий заводи, президент қарорига зид равишда, ёпиқ эшиклар ортида сотиб юборилди. Қанчага, қандай шартлар асосида сотилгани – номаълум. Фақатгина харидорнинг номи маълум, бу – «Asian Chemical Group» МЧЖ. Эслатиб ўтамиз, Деҳқонобод калий заводи – Ўзбекистон кимё саноатидаги энг йирик заводлардан бири. Уни қуриш давлатга 128 млн долларга тушган, бунинг учун Хитойдан қарз олинганди.
Шунингдек, 2 йил олдин ношаффоф тарзда хусусийлаштирилган «Кварц» заводи давлат ихтиёрига қайтарилди. Харидор келишилган пулни график асосида тўлолмай қолгач, олди-сотди шартномаси бекор қилинди.
АЭС қуриш бошланди
2025 йилнинг октябр ойида Марказий Осиё – Россия саммити доирасида, Фориш туманида кам қувватли атом электр станцияси реакторининг биноси учун котлован қазиш ишларига старт берилди. Биринчи бетонни қуйиш 2026 йил март ойига режа қилинган. Шунингдек, бу йил катта АЭС масаласи яна сиёсий кун тартибига қайтди ва бу борада Москвада бир нечта ҳужжатлар имзоланди. 26 сентябр кунги битимга асосан, Жиззахдаги танланган майдонда ҳам кам қувватли, ҳам анъанавий йирик АЭС қуриладиган бўлди. Агар лойиҳа амалга ошса, Ўзбекистон катта ва кичик атом станцияларини битта майдонда интеграция қилган дунёдаги биринчи давлатга айланади.
Мамлакатда АЭС қуриш иқтисодий жиҳатдан қанчалик самарали эканига аниқ баҳо бериш қийин. Масаланинг молиявий томонлари эълон қилинмаган: станцияларнинг умумий қиймати қанча бўлади, ишлаб чиқарилган электр энергияси таннархи қанча бўлади – номаълум.
Давлат қарзи ўсиши секинлашди
2025 йилнинг 1 октябр ҳолатига Ўзбекистоннинг давлат қарзи 44 млрд долларга етди. Давлат қарзи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12,5 фоиз ёки 4,9 млрд долларга ошди. Таққослаш учун, 2024 йил 1 октябр ҳолатига 2023 йилнинг мос даврига нисбатан давлат қарзи 7,1 млрд долларга ёки 22,1 фоизга ўсганди.
Ўзбекистоннинг энг йирик кредиторлари – Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки бўлиб қоляпти. Қарзнинг 63 фоизи долларда, 12 фоизи сўмда, 8 фоизи еврода жалб қилинган. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи шиддат билан кўпайишда давом этяпти. 2025 йил биринчи ярим йиллик якуни бўйича бу кўрсаткич 72,2 млрд долларни ташкил қиляпти.
Мавзуга оид
15:09 / 29.12.2025
Йил якунлари. Ўзбек футболидаги 10 муҳим воқеа
12:05 / 26.12.2025
Шавкат Мирзиёев: иқтисодиёт технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказилади
07:27 / 25.12.2025
Олтин учун "пойга": 2000 йилдан бери захираларини энг кўп оширган давлатлар
17:52 / 24.12.2025