Жамият | 11:13 / 12.02.2022
16911
8 дақиқада ўқилади

Эътибордан четдаги манзил: Данғарадаги Орол қишлоғининг адоқсиз муаммолари

Таҳририятимизга Фарғона вилояти Данғара тумани Орол қишлоғида истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролар мурожаат қилиб, йиллар давомида аҳолини қийнаб келаётган муаммолар ҳақида баён қилишди.

Kun.uz мухбири қишлоққа бориб ҳолатни ўрганганда ҳақиқатан ҳам бу манзилда адоғи йўқ муаммолар борлиги маълум бўлди. Аҳоли ҳали-ҳануз турмуш тарзи ижобий томонга ўзгаришини орзу қилиб яшаётганига амин бўлдик.

Данғара тумани таркибига кирувчи Орол қишлоғи Фарғона ва Наманган вилоятининг ўртасида жойлашган экан.

Қишлоққа кираверишда идишларга сув ташиётган ёшлар кўзга ташланди. Бизни қишлоқнинг содда одамлари қарши олиб, режада бор-у, бироқ йиллар давомида «қоғоз»да қолиб кетаётган бунёдкорлик ишлари ҳақида куюниб сўзлаб беришди.

Маҳалла фаолларидан бири Назирали Рустамов раҳбарлар қишлоқдаги мавжуд муаммоларни ўрганиш учун кўп бора келишгани, бироқ ҳеч қачон натижа бўлмагани ҳақида гапириб берди.

Назирали Рустамов

«Бу қишлоқни ўзлаштириш учун бошида 6 та хўжалик кўчиб келган эдик. Ўшандан буён қўшни қишлоқдан сув ташиб ичамиз. Тўғри, қишлоқ колхоз даврида ичимлик суви билан таъминланган. Ўша вақтда техника ёрдамида сув ташиб олиб келиб туришган. Кейин эса ўзимиз сув ташиб олиб келадиган бўлдик. Оилада кимнинг қўли бўш бўлса сув ташишга тушишади. Муаммоларимизни айтиб, кўп жойларга чиқдик. Туман раҳбарларига чиққанмиз, телевидениедан келишиб муаммоларимизни ўрганиб кетишган. Муаммоларни кўтариб, телевизорда ҳам чиқиш қилганмиз. Лекин ҳеч нарса ўзгармади. Ваъдани беришади-да, натижа йўқ.

Йўлларимиз ҳам жуда ёмон. «Свет» узилишлари кўп бўлади. Столбаларимиз чатоқ. Тераклардан қўлбола столба ясаб, кўпчилик ўртада ҳашар йўли билан қилинган.

Қишлоққа 1971 йилда кўчиб келганман. Ҳозирда аҳоли кўпайиб, 60 та хўжаликка бориб қолди. Бу муаммолар бир ёқда турсин газни гапирмаса ҳам бўлаверади.

Шу йилнинг ўзида муаммоларни ўрганиш учун 2-3 марта мутасаддилар келиб кетишди. Ҳолатни кўришган. Колхоз тугатилгандан кейин таъминотлар йўқолди. Ҳеч ким бизга эътибор бермай қўйди.

Ҳокимлар ёз фаслида қишлоғимизга кунора келишади. Чунки бу ерда деҳқончилик яхши бўлади-да... Лекин таъминотга келганда йўқолиб қолишади...», —  дейди Назирали Рустамов.

Санобар Ёрматова бу қишлоққа 1990 йилда кўчиб келган. 32 йилдирки 5 км наридаги қўшни Наманган вилоятидан сув ташиб ичамиз, дейди у.

Санобар Ёрматова

«Уйда фарзандларим бўлса, улар сув ташиб олиб келишади. Улар йўқлигида ўзим ташийман. Йўллар ҳам абгор ҳолатда. Ёмғир ёғса кўчага чиқолмай қоламиз. Лойгарчиликдан сув ташишга қийналамиз. Маҳалланинг бир жойида сув чиқади. Лекин у ичишга яроқсиз, шўр сув.

Қишлоқда болалар боғчаси йўқ. Хўжақишлоқда жойлашган боғчага болаларни бериб тургандик. Лекин 10 километр узоқда жойлашган боғчага қатнаш муаммо туғдиряпти. Қайнонаси борлар далага чиқиб ишлайди. Қайнонаси йўқлар эса бола билан уйда ўтиришга мажбур. Келинларимизга иш йўқ.

Газни-ку қўйинг, баллонли газ келиб турибди. Қанийди, қишлоғимизга табиий газ келиб қолса...», —  дейди Санобар Ёрматова.

Маҳалла фаолларидан бири Муҳаббатхон Ўринбоева қишлоқда боғча йўқлиги сабаб болалар 10 километр олисдаги қўшни қишлоқ боғчасига боришга мажбурлиги, неваралари Наманган вилоятига қарашли мактабга қатнашларини таъкидлади.

Муҳаббатхон Ўринбоева

«Кўчаларимиз яхши эмас. Ичимлик суви йўқ. Боғча йўқ. Қишлоғимизга мактаблар етишмайди. Ёшларга спорт соғломлаштириш маскани йўқ. Столбаларда ҳам чироқлар куйган. Монтёрлар эса хабар олмайди. Ёш болаларимизга боғчалар жуда зарур.

Болаларни Хўжақишлоқдаги боғчага бераётгандик. Қишда транспорт муаммо бўлиб болалар уйда ўтиришибди. Невараларим қиши билан уйда энди. Болалар Наманган вилоятига қарашли мактабга қатнашади. Қудуқ қишлоғидаги мактабда шароити яхши бўлмагани учун болалар мажбурликдан Попдаги мактабга боришади», —  дейди у.

Шу қишлоққа 40 йил аввал келин бўлиб тушган Соҳибахон Султонова кўчаларнинг ҳолатидан арз қилди.

Соҳибахон Султонова

«Қишлоқда ҳолат ҳеч қачон ўзгармаган. Ёғингарчиликда кўчаларда юриб бўлмайди. Маҳалла аҳли ҳашар йўли билан шағаллар тўкишди. Лекин тўшалган шағалларни лойгарчиликда ер «ютди». Ичимлик сувини олисдан ташиймиз. Болаларни узоқ масофага яслига берамиз. Қишлоғимиз чекка ҳудудда жойлашгани учун умуман шароит йўқ. Раҳбарлар яшаш учун шароит қилиб беришмайди. Маҳалла «Обод қишлоқ» дастурига кирган дейилади. Лекин ҳолатни кўриб турибсиз. Энг асосийси, бизга ичимлик суви керак. Маҳаллада столбалар ҳолати ҳам яхши эмас. Тунги ёритиш чироқлари ҳам қўйилмаган», —  дейди у.

Абдуқодир Абдуллаев кўчага 2-3 мартадан шағал тўкилганига қарамасдан, тупроқ шўрлиги учун шағаллар йўқолиб кетаётгани, бу ҳол айниқса аёлларга қийинчилик туғдираётганини таъкидлади. Қишлоққа боғча, мактаб, тиббиёт пункти зарурлигини айтди.

Абдуқодир Абдуллаев

«Қишлоғимизга чиройли боғча, спорт клуби, ҳеч бўлмаса 5-синфгача ўқийдиган мактаб қуриб беришса, қишлоқ аҳли хурсанд бўлар эди.

Медпункт очиб қўйишса, тиббиёт соҳасини битирган ҳамшираларимиз бор. Улар ишли бўлади. Қишлоқ врачлик пункти йўқлиги энг ачинарли муаммолардан бири. Аҳоли тиббий хизмат олиш учун 8 километр йўл босиб, колхозга бориб келади. Одамзод бошида ҳар қандай ҳолат бўлиши мумкин. Чекка ҳудуд бўлгани учун тез тиббий ёрдам машинаси келиши ҳам жуда қийин», —  дейди у.

Қишлоқ аҳлининг сўзларига кўра, Данғара туманига Саидмурод Аминжонов ҳокимлик қилган даврда боғча қуриш учун жой ажратилиб, бино пойдевори учун шағал тўшалган, Маданият уйи ҳам қад ростлаб, унинг орқа томонига ёзги «амфитеатр» ҳам қурилган экан.

Боғча қурилиши учун ажратилган жой
Маданият уйи

Бироқ ҳоким бўшаб бошқа лавозимга ўтганидан кейин боғча қурилиши ҳам қолиб кетган. «Амфитеатр» яроқсиз аҳволга келиб бўлган. Қуриб қўйилган Маданият уйи бунёд этилгандан бери эшиклари очилмаган.

Валижон Имомназаров

«Бу бино Маданият маркази қилиш мақсадида Аминжонов Саидмурод ҳокимлиги даврида қурилган. Бино қурилганига 2 йил бўлди. Ўшандан бери шундай турибди. Бинода ҳеч қандай тадбир ўтказилмаган. Мини театр қилиш учун бинонинг орқа томонига қурилиш қилинган. Лекин зиналар орқа томони қулаб, бир аҳволда бўлиб ётибди.

Бино қурилгач очилиш маросими бўлди. Лекин ишлар ўлда-жўлда бажарилиб қолиб кетди.

Қишлоққа 1980 йилнинг охири 1981 йил бошида кўчиб келганман. Келганимга 43 йил бўляпти. Союз даврида ичимлик суви бир келган. Бир-бир ярим йил сув келиб тўхтаганича мана ўшандан бери сувни ташиб ичамиз. Ердан чиқаётган сув ичишга яроқсиз. Бу сувда аёллар кир ювади. Чорва моллари ичади.

Масъул раҳбарлар муаммони ҳал қиламиз, деб кетаверади. Лекин ҳеч нарса ҳал қилинмайди. Мана бу йўлларга ҳашар йўли билан ўзимиз шағал тўкканмиз.

Аминжонов ҳокимлиги даврида бу ерга боғча қурамиз деб пойдевор учун жой танланган эди. Лекин бу иш ҳам амалга ошмади», —  дейди Валижон Имомназаров.

Қишлоқ аҳли билан суҳбатлашиб, уларнинг мавжуд муаммолар бартараф қилинишига ишонмай қўйганликларига амин бўлдик. Лекин шунда ҳам қишлоқ одамлари шароитлар ижобий томонга ўзгаришини кутиб яшаяпти. Сув, йўл таъмири, электр, газ, боғча, мактаб, қишлоқ врачлик пункти, маданий ҳордиқ чиқариш маскани —  буларнинг барчаси қишлоқ аҳлининг азалий орзуси.

Раҳбарларнинг ўз ваъдаси устидан қачон чиқиши сўроқ остида. Лавҳа ортидан мутасаддилар бу сафар қишлоққа эътибор қаратадиларми-йўқми буни вақт кўрсатади. Kun.uz эса ҳолатни кузатишда давом этади.

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид