Спорт | 22:14 / 13.11.2025
5983
7 дақиқада ўқилади

Туркия футболида йирик можаро: 1000 дан ортиқ футболчи «ставка иши»га аралашган

Туркия футболида исталган воқеа рўй бериши мумкин: муштлашувлар, бойкотлар, коррупция бўйича айбловлар – булар Суперлига учун одатий манзара. Аммо бу сафарги воқеалар барчасидан ошиб тушди. Юздан ортиқ турк ҳакамлари ва мингдан ортиқ футболчилар тотализатор ўйнаб келиши ошкор бўлди.

Ставкачи ҳакамлар

Шов-шувли «ставка иши» октябр ойи охирида бошланганди. 2024 йилда Туркия футбол федерацияси президентлигига келган Иброҳим Ҳожиусмонўғли ислоҳотлар бўйича ваъдаларига амал қилди ҳамда Истанбулда бўлиб ўтган махсус матбуот анжуманида бир неча ой давом этган кенг кўламли ички тергов якунлари ҳақида ҳисобот берди.

Натижалар эса ҳайратланарли эди.

Ҳожиусмонўғли 571 нафар ҳакамдан 371 нафарининг букмекерлик идораларида аккаунтлари борлиги, улардан 152 нафари эса мунтазам равишда ўйинлар натижалари учун пул тикиб келиши аниқланганини маълум қилди.

Федерация маълумоига кўра, бу ишга аралашганлар орасида Суперлигада ишловчи етти бош ҳакам ҳамда ўн беш нафар қанот ҳакамлари бор. Номлар очиқланмади, аммо клублар шаффофлик талаб қилишмоқда.

1 ноябр куни Туркия футбол федерацияси дастлабкич жазо чораларини эълон қилди: 149 нафар ҳакам саккиз ойдан бир йилгача бўлган муддатга дисквалификация қилинди. Улар орасида тотализаторга муккасидан кетган бир ҳакам 18 мингдан ортиқ ставка тиккани маълум бўлган — унинг шахси ва қўлланган жазо чораси ошкор қилинмаган. Яна уч нафар ҳакам бўйича суриштирув ишлари давом этмоқда.

Жами ҳакамларнинг тўртдан бир қисми четлатилганига қарамай, федерация хориждан арбитрлар жалб қилмоқчи эмас.

Футболчилар ҳам «қўлга тушди»

Икки ҳафта ўтиб турк матбуоти шокка туширувчи рақамларни қўлга киритди: 1000 дан ортиқ футболчи Туркия футбол федерацияси текширувларидан ўта олмади.

Иброҳим Ҳожиусмонўғли октябр ойи охирида бундай текширув футболчиларга нисбатан ҳам олиб борилишини маълум қилганди – президентнинг сўзларига кўра, беттинг-контораларда қарийб 4 минг футболчида аккаунт борлиги аниқланган.

«Рақамларни кўрганимда қайғуга тушдим. Биз ўн беш нафар ҳакам бўлишини кутгандик, амалда эса – 350 дан ортиқ киши чиқди. Энди эса 3700 футболчи текширилмоқда. Рўйхатдан ўтганлик учун жазо йўқ – улар шунчаки ўйинларни кузатиб бориши мумкин. Аммо ставка қўйиш – бу энди жиноят. Биз ишлашда давом этамиз», – деганди федерация президенти.

Энди ўша текширувлар якунланиб, қоидабузарлар рўйхати эълон қилинди. Федерация баёнотида айтилишича, 1024 нафар футболчи «ставка иши» туфайли интизомий жавобгарликка тортилган. Тотализатор билан шуғулланган футболчиларнинг энг кўпи Учинчи лигада аниқланган – жами 629 киши, Иккинчи лигада 282 нафар қоидабузар қўлга тушган.

Биринчи лигада 77 нафар футболчи ўйинлар натижаларига пул тикиб келиши маълум бўлган, Туркия футболидаги энг юқори дивизион ҳисобланган Суперлигада эса бундай футболчилар сони 27 нафар – улар орасида «Галатасарой», «Бешиктош» ва «Трабзонспор» каби номдор клублардан ҳам футболчилар бор.

Эврен Элмали: ўтган мавсум аввалида «Трабзонспор»дан «Галатасарой»га ўтган ва мамлакат чемпиони бўлган. У ўтган мавсум давомида асосий таркибга кирган ва ҳозирга келиб жамоа учун муҳим футболчилардан бирига айланган. Вингер позициясида ҳам ўйнай оладиган ушбу ҳимоячи жорий мавсумдаги барча 11 турда иштирок этди ҳамда 3 та голга муаллифлик қилди. Бундан ташқари, у Туркия миллий жамоасига номзод футболчи саналади, у 2022 йилдан буён асосий жамоа сафида 16 ўйинда майдонга тушган.

У тотализатор ўйнашини тан олган, аммо ўзи иштирок этган ўйинлар учун пул тикмаганини алоҳида таъкидлаган. Энди у уч ойдан бир йилгача дисквалификация қилинади. Шунингдек, ЖЧ-2026 саралашида муҳим ўйинлар арафасида турган Туркия миллий жамоаси сафидан четлатилди.

Метеҳан Болтачи: «Галатасарой» академиясининг ёш тарбияланувчиси, жуда кам майдонга тушади. У ҳам ўйинлар натижаларига ставка қўйишини тан олган.

Эрсин Дестанўғли: у беш йил олдин «Бешиктош»нинг асосий дарвозабони эди, кейин эса рақобатни Мерт Гюнокка бой берди, аммо сўнгги вақтларда асосий дарвозабон ва янги мураббийлар штаби ўртасида зиддият келиб чиққач, яна дарвозага қайтганди.

Эрсин айбини тан олмаган. У судга келган ва унинг паспорт маълумотлари жиноятчилар қўлига тушиб қолганини айтган. Гўёки улар унинг номидан аккаунт очиб, ўйинларга пул тикишган.

Нажиб Уйсал: «Бешиктош»нинг узоқ йиллик сардори, тирик афсона. У сўнгги йилларда жароҳатлар туфайли кўп ўйнамаяпти. Шу билан бирга, Уйсал доимо ҳурматга сазовор ва ҳалол футболчилар тимсоли бўлиб келган, фаолиятида шу вақтгача қора доғ йўқ эди. У ҳам иқрор бўлмаяпти.

У ҳеч қачон ўйнамагани, унинг ҳам паспорт маълумотлари ўғирланганини айтмоқда. Чиндан ҳам унинг маълумотлари асосида тузилган аккаунт футболчига алоқадор бўлмаган телефон рақамига боғланган.

«Трабзонспор»даги Боран Бузрук ва Солиҳ Малкочўғли эса асосий таркиб футболчилари эмас.

Буёғига нима бўлади?

Айни вақтда мингдан ошиқ бу футболчиларга расман фақат айблов эълон қилинган. Яъни, назарий жиҳатдан улар майдонга тушишда давом этиши мумкин, аммо айрим клублар аллақачон бу футболчилар таркибдан четлатилганини маълум қилди. Масалан, «Бешиктош» рўйхатда номи чиққан футболчилари ўйнамаслигини тасдиқлади. Туркияда футболчилар фақат Профессионал футбол бўйича интизом кенгаши томонидан четлатилиши мумкин. Федерация ишни айнан ушбу идорага ўтказган.

1000 дан ортиқ футболчининг четлатилиши қуйи лигаларга оғриқли таъсир кўрсатди – баъзи клубларда майдонга тушадиган одам қолмаган, чунки баъзи жамоаларда бирданига 17–18 киши гумондорга айланган.

Шу муносабат билан Туркия футбол федерацияси Иккинчи ва Учинчи лига тақвимида икки ҳафталик танаффус эълон қилган, шунингдек, ФИФАдан қўшимча трансфер ойнаси очиб беришни сўраган. Раҳбарият клублар вазиятни ўнглаш имконига эга бўлиши учун 14 кун давомида ички трансферларга рухсат берилишини сўрамоқда.

Федерация президенти Иброҳим Ҳожиусмонўғли юзага келган вазиятни «турк футболининг маънавий инқирози» деб атамоқда.

Энди барча интизомий кенгаш қарорини кутмоқда – бу ҳар қанақасига Туркия футболи учун тарихий қарор бўлади.

Бобур Акмалов
Муаллиф Бобур Акмалов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид