Эндиликда футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати юқори дивизионида ўйнайдиган ҳар бир клубга давлат томонидан 35 миллиард сўмдан пул берилади. Иккинчи дивизион жамоалари ҳам давлат томонидан молиялаштирилади. Хўш, давлат нега уларга пул бериши керак? Ҳар бир клубга 35 миллиард сўм – кўпми ё кам?

Қиймат эмас тақсимот ўзгаради

Аввало 35 миллиард сўм Ўзбекистон шароитида жуда катта пул эканини айтиш керак. Тўғри, долларга «чақса», бу 2,9 миллион доллар атрофида пул бўлади, Европада бир футболчига йилига тахминан шунча маош тўлашади, ўрача. Лекин Ўзбекистонда 1 миллиард сўмни Open budget'да ютиш учун бутун қишлоқ ҳафталаб ҳаракат қилади. 1 миллиардга қанча йўллар асфалт бўлиб кетганини кўряпсиз, 35 миллиардга 35 та қишлоқни анча обод қилиш мумкин. Масалан, бизнинг қишлоқда Open budget шарофати билан охирги 3-4 йилда асфалт бўлмаган кўча қолмади ҳисоб. Шундай экан 35 миллиард сўм футбол учун кам пул деган гапларга қўшилмайман.

Энди бу янгиликдаги энг муҳим жиҳатга тўхталсак. Ўзбек футболини кузатмайдиган ватандошлар давлат энди Open budget ва бошқа фойдали ишларга кетаётган пулларни футболга йўналтиряпти деб ўйлаши мумкин, лекин бундай эмас. Ҳукумат шундоғам давлат корхоналари футболга ажратаётган пулларни клубларга тенг тақсимлашга қарор қилди.

Клублар шундоғам давлат корхоналаридан катта пул оларди, энди давлат бу пуллар адолатли тақсимланиши керак деган қарорга келди. Масалан, 35 миллиард амалдаги Ўзбекистон чемпиони «Нефтчи» бир йилда оладиган пулнинг 20-25 фоизига тенг. Катта клублар давлат корхоналаридан қанчалик катта пул олиб юрганини тасаввур қилаверинг.

Энди футболга пул бериб юрган давлат корхоналари пулни бир ерга ташлайди ва бу пул клубларга тенг тақсимланади, худди араб давлатларида бўлгани каби. Шунингдек, клублар эпласа хусусий корхоналар билан ҳамкорлик ўрнатиши мумкин. Ким кўпроқ ҳомий жалб қилса, ўшанинг пули кўпроқ бўлади.

Бу қарорни давлат футболга катта пул сарфлайди деб талқин қилиш керак эмас. Аксинча, энди давлат футболга аввалгидан камроқ пул ажратади. Юқори дивизион жамоалари бу йил 35 миллиард, келаси йил 30 миллиард ва 2028 йил 25 миллиарддан олади. Кейинчалик катта эҳтимол тўлов буткул тўхтатилади. Клублар шу уч йил ичида хусусийлашиб олиши керак.

Муаммо нимада?

Шу ўринда савол пайдо бўлади: клублар хусусийлашишига нима халақит беряпти, Европада клублар хусусий қўлларда ва улар қайтага жуда бой-ку?! Бизда узоқ йил клублар маҳаллий ҳокимликлар қошида бўлиб келди. Қайси ҳоким футболга қизиқса, ўша вилоят жамоаси зўр бўлади. Хайрулла Бозоров Наманганда ҳоким бўлганида «Навбаҳор» кучли эди, Бозоров Фарғонага келди ва «Нефтчи» чемпион бўлди. Ишонинг, бу ҳоким Қорақалпоғистонга борса, «Орол»ни ҳам чемпион қилади, чунки футбол учун пул топиб беришни билади.