Ўзбекистон | 19:37 / 11.06.2020
85757
3 дақиқада ўқилади

Айрим автомобилларни олиб киришда акциз солиғи бекор қилинди. Бу импорт машиналар нархига қанчалик таъсир этади?

Президентнинг тегишли қарори билан 2020 йил 1 августдан бошлаб 8701 (тракторлар), 8702 (10 ёки ундан ортиқ кишини ташишга мўлжалланган моторли транспорт воситалари), 8703 (енгил автомобиллар) ва 8704 (юк ташишга мўлжалланган моторли транспорт воситалари) ТИФ ТН кодлар бўйича транспорт воситаларини олиб киришда амалда бўлган акциз солиғи ставкалари бекор қилинади.

Бундан ташқари, 1 августдан утилизация йиғими ставкалари ва утилизация йиғими тўланадиган ғилдиракли транспорт воситалари рўйхати тасдиқланди.

Транспорт воситаларини «эркин муомалага чиқариш» (импорт) божхона режимида расмийлаштирадиган жисмоний ва юридик шахслар ёки Ўзбекистон ҳудудида сотиладиган ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамаларини ишлаб чиқарадиган (йиғадиган, тайёрлайдиган) жисмоний ва юридик шахслар утилизация йиғими тўловчилари ҳисобланади.

Импорт машинага акциз солиғининг бекор қилиниши ва утилизация йиғимининг пайдо бўлиши нарх-навога қандай таъсир этади? Автомобиль бозорида қандай ўзгаришлар кутилмоқда? Бир неча маркадаги хорижий автомобилларни импорт қилувчи Roodell компанияси бош директори Дониёр Давлетяров билан суҳбатда шу ҳақда сўз борган.

«Ўзбекистонда импорт қилинувчи машиналар бир нечта турларга ажратилган. Масалан, енгил ва енгил тижорий турдаги автомобилларни импорт қилиш учун қандай тўловлар жорий этилгани ҳақида гаплашсак, Россия, Қозоғистон, Белорус ва Украинада ишлаб чиқарилган машиналарни импорт қилишда давлат бож тўлови нолга, акциз солиғи эса 2 фоизга тенг.

Импортдаги акциз солиғининг бекор қилиниши уларга катта таъсир қилмайди. Бошқа давлатларда ишлаб чиқарилган машиналарнинг импорти учун 30 фоиз давлат божи ўрнатилган. Бундан ташқари, мотор кучининг ҳар бир см/куб учун ҳақ тўланади. Бунга акциз солиғи ҳам ҳисобланган: у ҳам двигатель ҳажмига қараб тўланади. Импорт машиналар тўловининг 60 фоизини давлат божи ташкил этади, акциз солиғи эса 30-40 фоизга тенглашади. Бундан ташқари, алоҳида шаклда ҚҚС тўланади. Шунда, РФ, Қозоғистон ва Украинада ишлаб чиқарилган машина бўлмаса, акциз солиғи бекор қилингани туфайли нархдан 30 фоизга камайиши мумкин», – дейди у.

Россия, Украина, Қозоғистон ва МДҲдаги бошқа мамлакатларда ишлаб чиқарилган автомобилнинг ишлаб чиқарилганлиги СТ-1 сертификати билан тасдиқланмаса, улардан бож тўлови ундирилади. 

Давлетяров маълумотига кўра, қўшимча имтиёзларсиз Ўзбекистонга импорт қилинаётган машиналар орасида Россия, Украина ва Қозоғистонда ишлаб чиқарилган машиналар етакчилик қилади. Уларнинг импортдаги улуши қарийб 88 фоизга тенг. Шу туфайли, шу пайтгача импорт қилинган машиналар нархида кескин тушиш кузатилмайди. 

Дониёр Давлетяров суҳбат давомида утилизация йиғимларининг жорий этилиши ва унинг машина нархига таъсири ҳақида гапириб ўтган. Интервьюни Youtube орқали тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди.

Мавзуга оид