Жорий йилнинг ноябр ойида ҳукуматнинг 2024 йил 1 апрелдан бошлаб ўз таркибида шакар бўлган ичимликлар учун акциз солиғини жорий этиш режалари жуда кўпчилик тадбиркорларни ҳайратига сабаб бўлди. Ўзбекистон алкоголсиз ичимликлар ва шарбат ишлаб чиқарувчилар уюшмаси ижрочи директори, халқаро муносабатлар ва Европа тадқиқотлари фанлари магистри Алфия Мусина бу ҳолат қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида сўзлаб берди.

Алфия Мусинага кўра, алкоголсиз ичимликлар ва шарбатлар ишлаб чиқарувчилари шакар истеъмолини камайтириш, қандли диабет ва ортиқча вазнга қарши курашишга қаратилган барча режаларни мамнуният билан қабул қилади. Аммо табиий савол туғилади: нега бундай муҳим ҳужжатни тайёрлашда ва аҳоли саломатлигини яхшилаш бўйича жиддий мақсадларни қўйишда Мурожаатнома муаллифлари соҳа вакиллари билан ҳеч қандай мулоқот олиб боришмаган? Тегишли мутахассислар билан маслаҳатлашувлар ўтказилмаган, турли мамлакатлар тажрибаси чуқур ўрганилмаган. Ҳеч ким бу масалани тадбиркорлар билан муҳокама қилишни хоҳламади.

Мусинага кўра, ўрнатилган акциз солиғи шакар истеъмолини камайтирмайди, шунчаки ортидан оғир иқтисодий оқибатларни келтириб чиқаради — нарх ошади ва кўплаб инвестициявий дастурларнинг қисқаришига олиб келади. Нархларнинг ошиши эса охир оқибатда ҳаммаси яна халқнинг чўнтагига қўшимча харажат бўлади.

Мазкур акциз солиғи жорий қилинса, соғлом турмуш тарзига аниқ ёрдам берадими?

Мурожаатноманинг “Газланган ичимликларга акциз солиғи” масаласи иккита хатбошидан ўрин олган:

“Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг таркибида шакар бўлган салқин ичимликлар ва бошқа турдаги ширинлаштирувчи моддалар учун қўшимча солиқ жорий этиш бўйича тавсиясидан келиб чиқиб, 2024 йил 1 апрелдан бошлаб таркибида шакар бўлган газланган ичимликларга 1 литр учун 500 сўм акциз солиғи жорий этилади. Мазкур акциз солиғи бўйича тушумларни тўлиқ ҳажмда Тиббиётни ривожлантириш жамғармасига ўтказиш таклиф этилмоқда”.

Аслида эса, ЖССТ тавсиясида "бошқа турдаги ширинлаштирувчи моддалар" ҳақида бир сўз айтилмаган, фақат шакар ҳақида гапирилган. Шакарни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш миллат саломатлигига жиддий зарар етказади ва соғлиқни сақлашга юкни оширади. Аммо Ассоциациядан статистик маълумотлар сўралганда, Ўзбекистонда ширин газланган ичимликлар бозори ривожланиш босқичида эканлигини, аҳоли жон бошига қўшни Қозоғистонникидан икки баравар камлигини кўрсатадиган рақамларни келтирган. Ўзбекистонда салқин ичимликлар истеъмоли аҳоли жон бошига 2,8 миллиард литрни, Қозоғистонда эса 3,1 миллиард литрни ташкил этади. Ўзбекистон анъанавий равишда чой мамлакати ҳисобланади.