Жаҳон | 01:00 / 20.04.2018
12921
7 дақиқада ўқилади

Кастроларсиз Куба: Энди Озодлик оролида ислоҳотлар бўладими?

Рауль Кастро Куба раҳбарлигидан кетиши - мамлакатни қарийб 60 йил бошқарган ака-ука Кастролар эраси якунланганининг ифодасидир. Аммо ҳозирча кардинал ўзгаришлар кутиш керакми?

Фото: AFP Photo/HO

Пайшанба куни Куба парламенти собиқ вице-президент Мигель Диас-Канель мамлакат президенти этиб сайланганини эълон қилди. У бу лавозим учун ягона номзод эди.

Собиқ Иттифоқ даврида ва Куба матбуотида Озодлик ороли дея таърифланган Кубада Кастролар эраси якунланди - 1959 йилдан буён Куба давлатига Кастролар оиласига мансуб бўлмаган киши раҳбар бўлди.

Шу билан бирга кичик Кастронинг кетиши фақат рамзий характерга эга - у 2021 йилга қадар коммунистлар партияси раҳбари бўлиб қолаверади, янги президент ҳам ушбу партия аъзоси.

Ислоҳотлар бўладими?

Фото: GETTY IMAGES

Айрим кубаликлар Кастронинг кетиши ортидан мамлакатда ислоҳотлар шамоли эса бошлашига умид қилишмоқда. Аммо унутмаслик керакки, Диас-Канель марксист-ленинист ва технократ, у мавжуд тартибни ўзгартиришни исташига ишониш қийин.

Диас-Канель анчагина ёш - у 20 апрель куни 58 ёшга тўлади, у диктатор Батиста ағдарилиши ва Фидель Кастро ҳокимиятга келишидан кейин туғилган.

Яна шуни унутмаслик лозимки, Рауль Кастро яқин 3 йил ичида мамлакатдаги энг катта таъсирга эга сиёсий лавозимда - Компартия бош котиби лавозимида қолади.

Бу анча залворли пост, президентликдан ҳам кўра. Партиянинг энг юқори чўққисидагилар энг муҳим иқтисодий, ижтимоий ва ташқи сиёсат бўйича қарорларни қабул қилади, президент эса бу қарорларни бажариши шарт. Шу туфайли дарҳол Диас-Канель кескин ўзгаришлар қилишини кутиш қийин.

Ака-ука Кастролар билан янги президент ўртасида айрим фарқлар ҳам бор.

Масалан, Диас-Канель ҳеч қачон армияда хизмат қилмаган ва ака-ука Кастролардан фарқли равишда омма олдида ҳарбий либосда эмас, оддий гуаябереда - зиғиракдан тўқилган енгсиз кўйлакда намоён бўлади.

Фото: GETTY IMAGES

Кўпчилик ватандошлари каби Диас-Канель ҳам Кастролардан бошқа раҳбарларни кўрмаган.

Ўтиш даври

Куба аҳолисининг 80 фоизи Фидель Кастро ҳокимият тепасига келган 1959 йилдан кейин туғилган
Фото: GETTY IMAGES

2011 йилда Кубада партия раҳбарлиги ва президентлик лавозими учун иккита беш йиллик муҳлат белгилаб қўйилди.

«Диас-Канель кимми? Фақат вақт ўтиб билиб оламиз», дейди кубалик собиқ дипломат Карлос Алзугарай.

11,5 миллион кубалик президентни сайламади. Уни Миллий ассамблея - Куба парламентининг 605 нафар аъзоси сайлади.

Мигель-Диас янги президентлик лавозими учун ягона номзод эди.

Кубада бир партияли тизим, давлат органлари раҳбарлиги учун сайловларда номзодлар шахсий сифатлари, ватанпарварлиги, ахлоқий принциплари ва сиёсий фаоллигига кўра сараланади.

Келажак муаммолари

СССР қулагач, Кубадаги иқтисодий ҳолат орқага кетди
Фото: GETTY IMAGES

Кубанинг янги раҳбаридан кўплаб мураккаб муаммоларни, жумладан, иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш талаб этилади.

СССР қулаб, иқтисодий кўмак тўхтагач, 1991 йилдан кейин Куба оғир иқтисодий инқирозга учради ва бу ҳолат ҳамон ўнгланмай қолмоқда. 

1994 йилда Фидель Кастро мамлакатда доллар билан муомала қилишга рухсат берди, аммо кубалик муҳожирлар хориждан маблағ жўнатиши назарда тутилиб жорий этилган бу амалиёт охир-оқибатда ижтимоий тенгсизликни юзага келтирди. 

Кубада исталган радикал иқтисодий ислоҳотлар партия доиралари найзасига дуч келади.

Гигант қўшнилар соясида

Обама 2016 йида Ҳаванага тарихий ташрифни амалга оширганди, аммо унинг ташаббуслари Трамп томонидан йўққа чиқарилди
GETTY IMAGES

Кастронинг издоши сиёсий маҳбуслар муаммоси ва инсон ҳуқуқлари масалалари билан ҳам тўқнаш келади. Бу борадаги расмий тарғиботлар амалдаги ҳолатга тескаридир.

Шунингдек, Қўшма штатлар билан муносабатларда ҳам ҳал қилинмай турган муаммолар мавжуд. Барак Обама ташаббус кўрсатиб, 2016 йил мартида Кубага ташриф буюрган бўлсада, Вашингтон ҳамон 1961 йилда ушбу мамлакатга қўлланган санкцияларни бекор қилмаяпти.

Дональд Трамп маъмурияти Обаманинг Куба ҳукумати билан эришган келишувларини бутунлай инкор қилган.

АҚШ ва Куба ўртасидаги муносабатлар Ҳаванадаги Америка элчихонасининг 24 ходими асаб тизими акустик симптомлар аломати билан эвакуация қилингач, яна боши берк кўчага кириб қолган.

Лотин Америкаси бўйича Вашингтон илмий фондидагиларнинг ҳисоблашича эса, Кастронинг кетиши АҚШ билан мулоқотда янги истиқболлар эшигини очади.

«Географик яқинликни эътиборга олган ҳолда Қўшма штатлар Мигель Диас-Канель янги лавозимга киришиши заҳоти Куба билан муносабатларни мустаҳкамлашга киришиши керак. Агар бундай бўлмаса, АҚШнинг миллий манфаатлари таҳдид остида қолади, умумий манфаатлардаги муҳим соҳалар келажаги сўроқ остида қолади», дейилган фонд баёнотида.

Таржимаи ҳол
Мигель Марио Диас-Канель Бермудес (Miguel Mario Díaz-Canel Bermúdez) 1960 йилнинг 20 апрелида Вилья-Клара провинциясида туғилган.

Фото: AFP Photo/Anella RETA

1982 йилда Санта-Кларадаги Лас-Вильяс "Марта Абреу" Марказий университетида (Universidad Central "Marta Abreu" de Las Villas) муҳандис-электроник дипломини олган. Университетни тамомлагач, Куба Инқилоби қуролли кучлари (Fuerzas Armadas Revolucionarias de Cuba) сафига кирган, 1982 йилдан 1985 йилгача армия хизматида бўлган.

1985 йилда ўзи ўқиган университетда профессор бўлган.

1986 йилда Ёш Коммунистлар иттифоқи (Unión de Jóvenes Comunistas, СМК) аъзосига айланган. Шу йили иттифоқнинг Вилья-Кларедаги ҳудудий қўмитасининг мафкуравий бюроси аъзолигига тайинланган.

1987 йилда Мигель Диас-Канель халқаро миссия таркибида Никарагуага юборилган, у ерда иттифоқ бўлими котиби сифатида фаолият юритган.

1989 йилдан 1990 йилгача иттифоқнинг Вилла-Кларедаги ҳудудий қўмитасида иккинчи котиб сифатида ишлаган, 1990 йилдан 1992 йилгача — ушбу сиёсий ташкилотнинг биринчи котиби бўлган.

1992 йилдан 1993 йилгача Ёш Коммунистлар иттифоқи Миллий бюроси аъзоси бўлган.

1993 йилда иттифоқ миллий қўмитасининг иккинчи котибига айланган. Кейин Коммунистик партиянинг Вилла-Кларедаги қўмитаси ижро бюроси аъзоси этиб сайланган, туризм, транспорт, алоқа ва суд органлари масалалари билан шуғулланган.

1994-2003 йилларда Коммунистик партиянинг Вилла-Кларедаги қўмитасининг биринчи котиби, партия Марказий қўмитаси аъзоси бўлган.

2003 йилдан 2010 йилгача Олгин провинциясида Коммунистик партия қўмитаси биринчи котиби лавозимини эгаллаган, партия сиёсий бюроси аъзоси бўлган.

2009 йил майидан 2012 йил мартигача Куба олий таълим вазири бўлган.

2012 йил мартидан Куба Таълим, фан, маданият ва спорт масалалари бўйича Вазирлар кенгаши раиси ўринбосари лавозимини эгаллаган.

2013 йил 23 февралида Куба Давлат кенгаши ва Вазирлар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган.

Мавзуга оид