Ўзбекистон | 21:05 / 12.02.2020
20261
3 дақиқада ўқилади

Ўзини ўзи даволаш ҳолатларини камайтириш учун қонун қабул қилиняпти

Ўзбекистонда кучли таъсир этувчи дори воситаларининг рецептсиз берилгани ва бериш тартибини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланиши кутиляпти.

Бугун, 12 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш масаласи муҳокама қилинди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, қонун лойиҳаси кучли таъсир этувчи дори воситаларининг рецептсиз берилгани ва бериш тартибини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланишини кўзда тутади.

Мажлисда аҳоли орасида шифокор тавсиясисиз ўзини ўзи даволаш ҳолатлари кўп учраётгани айтиб ўтилди. Бунинг оқибатида дори воситаларининг ножўя таъсири кучаяди, антибиотикларнинг эса организмга таъсири сусайиши мумкин.

Бундан ташқари, кучли таъсир қилувчи дори воситалар истеъмоли, айниқса, ёшлар орасида кўпаймоқда.

Бунинг олдини олиш учун жавобгарлик белгиланиши маълум муаммоларнинг олдини олиши мумкин.

Қонун лойиҳаси давлат раҳбарининг «Дори воситалари ноқонуний айланиши олдини олиш чораларини кучайтириш тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан ишлаб чиқилган.

Бундан ташқари, мажлисда «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.

Унга кўра, кам учрайдиган (орфан) касалликлар ташхиси ва уларни даволашда қўлланиладиган тиббий буюмларни импортда рўйхатдан ўтказмасдан мамлакатга олиб киришни кўзда тутуви норма киритилмоқда.

Сабаби – бу йўналишдаги тиббий буюмлар фақатгина дунёнинг етакчи давлатларида илғор технологиялар асосида ишлаб чиқарилади. Уларни рўйхатдан ўтказган ҳолда давлатга олиб кириш эса мақсадга мувофиқ эмас.

Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш қўмитаси раиси Елена Борисованинг тушунтиришича, кам учрайдиган касалликлар орфан касалликлар деб юритилади.

«50 фоиз ҳолатларда бу касалликка болалар чалинади. Дунё бўйича, тахминан 5 фоиз, Ўзбекистон бўйича эса 20 минг одам мазкур касаллик бўйича рўйхатга олинган», – деди Елена Борисова.

Елена Борисова

Шунингдек, бу қонун лойиҳасида эпидемиологик ҳолатларда юқумли касалликларнинг профилактикаси, даволаш, ташхис, дори воситалари ва тиббий буюмлар тасдиқланган рўйхатлар асосида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилмасдан олиб кирилиши ҳам кўзда тутилган.

Мавзуга оид