Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент “Марказий Осиё — Хитой” платформасида институционал иштирокини кенгайтиради
Қонунчилик палатасида “Марказий Осиё — Хитой” формати котибияти тўғрисидаги низомни ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, қабул қилинди. Ҳужжат Ўзбекистоннинг мазкур минтақавий платформадаги иштирокини институционал даражада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Марказий Осиё — Хитой” формати котибияти тўғрисидаги низомни ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, “Марказий Осиё — Хитой” формати платформа шаклидаги давлатлараро тузилма ҳисобланиб, унинг котибиятига Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон томонидан тегишли таъсис ҳужжатларини имзолаш орқали асос солинмоқда.
Бу дипломатик мулоқот шакли давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган кўп асрлик дўстлик ва шериклик ришталарини мустаҳкамлаш, шунингдек амалий ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида ташкил этилган.

“Марказий Осиё — Хитой” формати котибияти 2023 йил 19 май куни иштирокчи давлатлар томонидан қабул қилинган Сиан декларациясига мувофиқ ташкил этилмоқда.
Котибият Форматнинг ижро органи ҳисобланиб, у иштирокчи-давлатлар саммитлари ва ташқи ишлар вазирлари учрашувларини ташкилий, техник ва ахборот жиҳатдан таъминлаш билан шуғулланади.
Қонун лойиҳаси билан “Марказий Осиё — Хитой” формати котибияти тўғрисидаги низомни ратификация қилиш назарда тутилган. Низом муқаддима ва тўрт бўлимдан иборат бўлиб, унда Котибиятнинг вазифалари, ваколатлари, тузилиши ва таркиби, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланган.
Мажлисда ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг “Марказий Осиё — Хитой” формати котибиятида фаол ва тизимли иштирокини таъминлаши, платформа доирасида миллий ва минтақавий ташаббусларни илгари суриш, миллий манфаатларни муносиб ҳимоя қилиш имконини бериши алоҳида таъкидланди.
Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Мавзуга оид
11:30 / 11.06.2026
Афғонистон–Покистон можаросига қарамай, Кобул коридорини қуриш лойиҳаси давом этмоқда
08:43 / 11.06.2026
Жаҳон нефть савдоси маркази Осиёга кўчмоқда
22:15 / 09.06.2026
Хитойда илк марта одамга чўчқанинг иккита буйраги ва жигари муваффақиятли кўчириб ўтказилди
21:33 / 09.06.2026