Жамият | 08:04 / 23.01.2026
3515
1 дақиқада ўқилади

“Давлат таъминотидаги оила”лар учун янги ижтимоий ёрдам пакети жорий этилади

Қонунчиликка мувофиқ, “давлат таъминотидаги оила” тоифасига киритилган оилаларга қуёш панеллари учун субсидия ҳамда тадбиркорлик ва бандликни қўллаб-қувватлашга қаратилган имтиёзли кредит ажратиш белгиланмоқда.

Фото: Kun.uz

2026 йил 1 февралдан “давлат таъминотидаги оила” тоифасига мансуб оилалар учун ижтимоий ёрдам пакети жорий этилади.

Хусусан, ушбу оилалар хонадонига қуввати 7–10 кВт бўлган қуёш панелларини ўрнатиш учун БҲМнинг 100 бараваригача субсидия ажратилади.

Шунингдек, тижорат банклари орқали 4 йилгача БҲМнинг 75 бараваригача кредит бериш назарда тутилган. Ушбу маблағ оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоларини бандликка жалб қилиш, тадбиркорликни бошлаш ёки кенгайтириш, жумладан, чорва моллари, парранда, қуён, балиқ ва асалари уяси хариди, кўчма дўконлар, мотороллер, скутер ҳамда бошқа асосий воситаларни сотиб олиш ёки иссиқхона қуришга йўналтирилади.

Кредит 1 йиллик имтиёзли давр билан “давлат таъминотидаги оила” аъзосининг ижтимоий картасига ўтказилади. Фоиз ставкаси эса Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасидаги ставка асосида ҳисобланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид