Ўзбекистон | 11:04 / 02.12.2019
4510
4 дақиқада ўқилади

«Ягона дарча» божхона ахборот тизими жорий этилади

“Ягона дарча” божхона ахборот тизими жорий этилади. Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги тегишли қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қайд этилишича, 2020 йил 1 январдан бошлаб Давлат божхона қўмитасининг “Ягона дарча” божхона ахборот тизимининг янги талқини синов режимида ишга туширилади.

“Ягона дарча” БАТда қуйидагилар жорий этилишига алоҳида эътибор қаратилади:

импорт, экспорт ва транзитга тааллуқли тартиб-таомиллар бўйича стандартлаштирилган маълумотлар ва ҳужжатларни ягона электрон манзилдан фойдаланган ҳолда олиш;

фитосанитария, санитар-эпидемиологик, ветеринария, экологик назорат органлари ва бошқа мувофиқликни баҳолаш органлари, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва (ёки) мувофиқлик сертификатини расмийлаштиришнинг босқичларини масофадан кузатиш;

барча учун очиқ бўлган электрон шаклдаги рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва (ёки) мувофиқлик сертификатининг реестрларини юритишга тўлиқ ўтиш;

хорижий мамлакатлардаги эпизоотик, карантин ва фитосанитария ҳолатлари тўғрисидаги очиқ маълумотларни энг сўнгги кўрсаткичлар ҳолатида ушлаб туриш;

дастлабки маълумотлар асосида товарлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига амалда етиб келишига қадар рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва (ёки) мувофиқлик сертификатини бериш;

ваколатли органлар томонидан кўрсатиладиган давлат хизматларининг нархлар прейскурантини доимий равишда янгилаб бориш;

давлат хизматлари кўрсатиш учун ўртача сарфланган вақт ва маблағлар тўғрисидаги маълумотларни реал вақт режимида кузатиб бориш.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси “Ягона дарча” БАТни жорий этиш, такомиллаштириш ва узлуксиз ишлашини таъминлаш учун масъул орган этиб белгиланади.

Белгиланишича:

“Ягона дарча” БАТ доирасида ваколатли органлар ва улар томонидан тақдим этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва (ёки) мувофиқлик сертификатининг рўйхати Давлат божхона қўмитаси томонидан шакллантирилади ва янгиланиб борилади;

рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва (ёки) мувофиқлик сертификатларини олиш учун “Ягона дарча” БАТ орқали мурожаат этганда, давлат божи, йиғимлар ва бошқа тўловлар Марказлар орқали ёки бевосита хизмат кўрсатувчи органларга мурожаат этганда тўланадиган суммадан 90 фоиз миқдорида тўланади;

“Ягона дарча” БАТ орқали кўрсатилаётган давлат хизматлари учун тўланадиган давлат божлари ва йиғимлар ҳажмининг 5 фоизи миқдоридаги маблағлар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг бюджетдан ташқари жамғармасига ўтказилади;

2021 йил 1 январь кунидан бошлаб мажбурий тартибда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва (ёки) мувофиқлик сертификатини олиш учун электрон аризалар ваколатли органларга фақат “Ягона дарча” БАТ орқали тақдим этилади;

2021 йил 1 январдан ваколатли органлар томонидан қуйидагилар таъминланади:

мажбурий тартибда Давлат божхона қўмитасининг “Ягона дарча” БАТга божхона расмийлаштируви вақтида ёки унгача рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва (ёки) мувофиқлик сертификати бўйича маълумотларни киритиш;

рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва (ёки) мувофиқлик сертификатини электрон шаклда бериш билан бир вақтда халқаро шартномаларда махсус қоғоз бланкаларда мазкур ҳужжатларни расмийлаштириш талаб қилинадиган ҳолларда, қоғоз шаклда ҳам бериш.

Ваколатли органлар томонидан Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда 2021 йилнинг 1 январига қадар мазкур идораларнинг ягона электрон маълумотлар базасини босқичма-босқич шакллантиришни назарда тутган ҳолда реал вақт режимида рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва (ёки) мувофиқлик сертификатини “Ягона дарча” БАТ орқали тақдим этиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид