Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Тошкент вилоятида ҳам “права” олишдаги таниш-билишчилик буткул йўқотилади” — Комил Алламжонов
Оҳангаронда “Тошкент вилояти имтиҳон маркази” очилди. Унинг асосчиси Комил Алламжонов аввалига Тошкент шаҳрида очилган бундай автоматлаштирилган марказ пойтахтда ҳайдовчилик гувоҳномаси олишдаги коррупцияни йўқотганини айтди.
9 июндан ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳон топшириш бўйича “Тошкент вилояти имтиҳон маркази” иш бошлади. Оҳангарон туманида жойлашган бу янги марказнинг расман очилиши ва тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев ҳамда лойиҳа ташаббускори Комил Алламжонов иштирок этди.

Бундай автоматлаштирилган марказ Тошкент шаҳрида 4 февралдан фаолият бошлаган эди. Унинг асосчиси Комил Алламжоновнинг айтишича, ўтган вақт давомида пойтахтдаги имтиҳон марказига келган талабгорларнинг 30 фоизи ҳайдовчилик гувоҳномасини олган, қолган 70 фоизи, яъни 7 мингдан зиёд ўқувчи имтиҳонлардан йиқилган.
“Турли фикрлар бўлади, яъни “имтиҳон қийин, имтиҳон атайлаб қийин қилинган” деган гаплар учраб туради. Буларнинг ҳаммаси нотўғри. Имтиҳондан йиқилишнинг сабаби – мактабларда ўқишнинг яхши бўлмагани, мактабларда ўқишнинг сифати жуда ҳам пасайиб кетганидан.
Ўйлайманки, мана шу тизим ҳар бир ўқувчини ҳушёр тортишга ва бориб билим олишга мажбурлаб қўяди. Шу билан бирга, яна бир нарсани айтиш мумкинки, бугун Тошкент шаҳрида имтиҳон билан боғлиқ коррупция нолга тенглаштирилди, синов жараёнлари билан боғлиқ турли қўнғироқлар, турли таниш-билишчилик ҳолатлари нолга тенглаштирилди. Ҳозир Тошкент шаҳрида фақатгина билими борларгина ҳайдовчилик гувоҳномасини оляпти, билими борларгина йўлга чиқяпти, йўл ҳаракати иштирокчисига айланяпти.
Шу ислоҳот натижасида айнан шундай марказ пайдо бўлди. Бундан кейин ваъда бериб айтаманки, Тошкент вилоятида ҳам коррупция ҳолати, “права” олиш билан боғлиқ таниш-билишчиликлар нолга тенглаштирилади. Бу тизим айнан шунга хизмат қилади, бу тизим айнан шундай натижа бериши аниқ”, – деди у.

Тошкент вилояти имтиҳон марказининг имкониятлари пойтахтдаги билан тенг. Унда ҳар куни 600 нафардан зиёд одам назарий, 250 нафар талабгор эса ҳайдаш маҳорати бўйича имтиҳонларни топшириши мумкин.
Синов жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилган. Фуқаро марказга келганидан сўнг у биринчи ўринда рўйхатдан ўтиши ва индивидуал QR-код олиши лозим. Кейинги босқичда назарий ва амалий имтиҳонлар учун тўловни амалга ошириш зарур.
Назарий ва амалий имтиҳонлар учун биринчи марта ёки такроран топширилаётганига қараб 150 минг сўмдан 250 минг сўмгача нарх белгиланган.
Имтиҳонлар қандай ўтади?


Назарий имтиҳон тест шаклида ўтказилади, унда 20 та саволдан камида 18 тасига тўғри жавоб бериш керак. Бунга 25 дақиқа ажратилади. Агар имтиҳоннинг бу қисми яхши топширилса, номзод ҳайдаш маҳоратидан имтиҳон топшириши мумкин. Кутиш залида бунинг учун унга кўрсатмалар берилади, шунингдек, қайси машқларни ва қандай кетма-кетликда бажариш кераклиги тўлиқ тушинтирилган видеокўрсатма ҳам мавжуд.
Амалий имтиҳон жараёнида жарима баллари 99 дан ошмаса, имтиҳон топширилган ҳисобланади. Амалий имтиҳондан йиқилган номзодларда 2 ой давомида ҳафтасига бир марта қайта топшириш имкони бўлади; муддат 2 ойдан ошиб кетса, назарий имтиҳонни ҳам қайта топшириш лозим.


Марказда амалий имтиҳонни топшириш учун учта майдонга эга автодром ташкил этилган. Биринчи майдонда B, C ва D категорияси, яъни енгил автомобиллар, юк машиналари ва автобусларни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномасини олмоқчи бўлганлар имтиҳон топширади.

Иккинчи майдонда эса A категорияси – мототранспорт, учинчи майдонда BE, CE ва DE категориялари – тиркамали транспорт воситаларини бошқарувчилар учун имтиҳонлар ўтказилади.
Автодромлардан экспресс-курсларда ҳам фойдаланилади. Шунингдек, марказда бир марталик “Тест-драйв” хизмати ҳам йўлга қўйилган.
Имтиҳонларнинг иккала босқичини муваффақиятли топширгандан сўнг, сертификат берилади. Номзодлар бу сертификат билан ЙҲХБга мурожаат қилишлари лозим: сертификат бошқарманинг маълумотлар базасида текширилганидан сўнг, уларга ҳайдовчилик гувоҳномаси тақдим этилади.
Мавзуга оид
08:21 / 26.12.2025
“Навоий” божхона постида 2,3 кг “мефедрон” контрабандаси тўхтатилди
09:48 / 18.12.2025
Тошкент вилоятида қўлбола пиротехника воситалари аниқланди
19:11 / 16.12.2025
Yandex Go ҳайдовчиларининг бойкотга чорловлари муваффақиятсиз бўлди
12:59 / 10.12.2025