Жамият | 08:49 / 27.11.2025
18236
1 дақиқада ўқилади

Афғонистон, Покистон ва Сурияда жанг қилган ўзбекистонлик қўлга олинди

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати томонидан чет эл махсус хизматлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, халқаро террористик ташкилотларга алоқадорлиги учун 25 йилдан ортиқ вақт давомида қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси жорий йил ноябр ойида хорижда қўлга олиниб, юртга олиб келинди.

Фото: ДХХ

Диний экстремистик оқим ғояларини қўллаб-қувватлаб, “ҳижрат” ва “жиҳод” қилишни мақсад қилган ушбу шахс 1999 йилда Ўзбекистондан чиқиб кетган ҳамда Афғонистон, Покистон ва Сурия давлатлари ҳудудларидаги халқаро террористик ташкилотлар сафида жанговар ҳаракатларда иштирок этган.

Ўзганинг номига расмийлаштирилган сохта ҳужжатлар асосида яшириниб юрган мазкур шахс МДҲга аъзо давлатлардан бирида қўлга олинган.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 154- (ёлланиш), 155- (терроризм), 159- (Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш) ва бошқа моддалари бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Таъкидланишича, қонун устувор бўлган мамлакатда ҳар бир содир этилган жиноят учун жазонинг муқаррарлиги таъминланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид