Тўқаев Марказий Осиё давлатларини мудофаа сиёсатида ҳамкорлик қилишга чақирди
Қозоғистон раҳбари минтақа яқинида мураккаб ҳарбий-сиёсий вазият ҳамон мавжудлигини эслатиб, мудофаа сиёсати ва хавфсизлик соҳасида биргаликда ҳаракат қилиш зарурати пайдо бўлганини таъкидлади.
Қозоғистон чегара яхлитлигига тажовуз қилмаслик кераклиги ҳақидаги позициясини ўзгартирмайди. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев «Egemen Qazaqstan» газетасида чоп этилган мақоласида маълум қилди.
«Нафақат Марказий Осиёда, балки қўшни минтақаларда ҳам тинчлик ва барқарорликни сақлаш узоқ муддатли фаровонлик ва тараққиётнинг муҳим шартидир. Қозоғистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бу мувозанатни сақлашга интилишдир. Биз доимо «Тинчлик ҳамма нарсадан қадрли» деган тамойилга амал қиламиз. Қозоғистон жаҳон ҳамжамиятининг масъулиятли аъзоси сифатида халқаро ҳуқуқ тамойилларига қатъий риоя қилиш, суверенитетни ҳурмат қилиш ва чегаралар яхлитлигига тажовуз қилмаслик зарур, деб ҳисоблайди. Ишонч билан айта оламанки, Қозоғистон бу фикрига қўшиладиган давлатлар кўп. Кўпгина мамлакатларнинг позициялари ўхшаш. Буларнинг барчаси адолатли ва башорат қилинадиган дунё тартибини ўрнатишга асосланган. Бу позиция бугунги нотинч замонда келажакка конструктив қарашни шакллантиришга замин яратади», деб ёзди Тўқаев.
Қозоғистон раҳбарининг эслатишича, ушбу минтақа яқинида мураккаб ҳарбий-сиёсий вазият ҳамон мавжуд.
«Марказий Осиё атрофида мураккаб ҳарбий-сиёсий вазият сақланиб қолаётган ҳозирги шароитда мудофаа сиёсати ва хавфсизлик соҳасида биргаликда ҳаракат қилиш зарурати пайдо бўлди. Минтақавий хавфсизлик тизимини яратиш, жумладан, Марказий Осиё хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолар рўйхатини ишлаб чиқиш ва уларнинг олдини олиш чоралари жуда долзарбдир. Марказий Осиёда ягона хавфсизлик маконини яратиш, мавжуд ва янги пайдо бўлаётган таҳдидларга қарши курашиш билан боғлиқ асосий муаммоларни ҳал қилишда комплекс ёндашувларни кўриб чиқиш, уларнинг олдини олиш ва таҳдидлар юзага келганда кўриладиган чора-тадбирлар ҳақида фикр юритиш, шунингдек, бу борада БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш, минтақавий ташкилотлар билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйиш минтақа давлатларининг устувор йўналиши ҳисобланади», дейилади мақолада.
Мавзуга оид
12:47
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
12:33 / 21.11.2024
Қозоғистон ҳолдинги Ўзбекистондан 169 нафар мутахассисни иш билан таъминлайди
00:59 / 21.11.2024
Озарбойжон 2025 йилги мудофаа харажатларини оширади
17:22 / 19.11.2024