Жаҳон | 19:31 / 04.02.2026
8245
4 дақиқада ўқилади

Хитой армияси раҳбариятидаги тозалаш: бу нимани англатади?

The New York Times буни «мисли кўрилмаган тозалашлар» деб баҳолади. Уч йил ичида 30 нафар юқори мартабали генералдан фақат етти нафари ўз лавозимини сақлаб қолган.

Greg Baker / Reuters / Scanpix / LETA

2023 йил бошидан буён Хитойдаги 30 нафар юқори мартабали генерал ва адмираллардан фақат етти нафари ўз лавозимини сақлаб қолган, бошқалари эса ёки истеъфога чиқарилган, ёки «ғойиб бўлган», дея ҳисоблаб чиқди The New York Times нашри Хитой давлат нашрларида чиққан хабарлар ҳамда расмий баёнотларга асосланиб. 

Газета ХХР раиси Си Жинпинг томонидан Хитой қуролли кучлари раҳбариятида ўтказилган тозалашни мамлакатнинг янги тарихида мисли кўрилмаган даражада деб баҳолаган.

Бу бўйича сўнгги эпизод Си Жинпингнинг Марказий ҳарбий кенгашдаги (мамлакат қуролли кучларини бошқарувчи тузилма) биринчи ўринбосари Жанг Юся, шунингдек, Марказий ҳарбий комиссия қўшма штаби бошлиғи, генерал Лю Жэнлига нисбатан текширув бошланиши бўлди. Улар расмий равишда «интизом ва қонуннинг жиддий бузилиши»да гумонланмоқда. 

BBC қайд этишича, одатда таркиби етти кишидан иборат бўладиган Марказий ҳарбий кенгашда энди икки киши қолган – Си Жинпингнинг ўзи ва генерал Жан Шэнмин. Қолганларнинг барчаси олдинроқ коррупцияга қарши курашиш кампанияси доирасида ишдан олинган. Жан Шэнмин энди сиёсий интизом ва содиқликни таъминлашга масъул бўлади, дея ёзади NYT. У ўз карьерасининг катта қисмини коррупцияга қарши кураш бўйича зобит сифатида ўтказган. 2025 йилда Си Жинпинг уни Марказий ҳарбий комиссия раиси ўринбосари лавозимига кўтарганди.

Бу истеъфолар Хитойдаги деярли барча турдаги қўшинларга, жумладан, ракета қўшинлари ва ҳарбий-денгиз флотига ҳам таъсир кўрсатди, дейилади The New York Times мақоласида. Жанг Юся ва Лю Жэнли ишдан олиниши қўшинларни ҳарбий ҳаракатларга тайёрловчи ҳарбий комиссияни бошсиз қолдирди. NYT баҳоларига кўра, энди йирик ҳарбий амалиётларни амалий режалаштиришда нисбатан паст лавозимлардаги зобитлар иштирок этмоқда, бу эса Си Жинпингнинг Хитой армиясининг жанговар тайёрлигига бўлган ишончини йўққа чиқариши мумкин. Бу қадар кенг кўламли тозалашлар мамлакат ҳарбий раҳбариятида вакуум ҳосил қилди, дея хулоса қилади нашр.

Шу билан бирга, The Wall Street Journal нашрининг 31 январдаги материалида юқори мартабали генералларнинг ёппасига ишдан олиниши Си Жинпингга Хитой армияси устидан назоратни тўлиқ ўз қўлида тўплашга имкон бериши, бу эса, ўз навбатида Тайванга эҳтимолий босқинни тезлаштириши қайд этилган. 

Версиялардан бирига кўра, Си Жинпинг ва Жан Юся ўртасида Хитой армиясининг босқинга тайёр бўлиши муддати бўйича келишмовчилик мавжуд эди. ХХР раиси бунинг учун 2027 йилгача муҳлат берган, генерал эса анча кўпроқ вақт сўраган – 2035 йилгача.

Америкалик амалдаги ва собиқ мулозимлар The New York Times билан суҳбатда қайд этишича, ушбу мамлакат ҳарбий раҳбариятидаги тозалашлар сабаби ҳозирча номаълум – Си Жинпинг паранойяга тушиб қолганми, «реал сиёсий чақириқ»дан ҳимояланмоқдами ёки армиядаги коррупцияга қарши курашмоқдами. Шу билан бирга, АҚШ разведкаси таҳлилчилари сўнгги йилларда ХХР раисида паранойянинг кучли аломатлари пайдо бўлгани ҳақида хулосага келган.

The Wall Street Journal январ ойи охирида Хитой қуролли кучлари юқори мартабали зобитларининг ёпиқ брифингига таяниб, Жанг Юся мамлакат ядро дастури ҳақидаги маълумотлар АҚШга сиздирилишида айблаганини ёзганди. Унга кўра, Жанг АҚШга Хитойнинг ядровий қуроллари ҳақидаги асосий техник маълумотларни тақдим этган. Шунингдек, генерал харид тизимида юқори лавозимга ишга кўтариш учун пора олганликда гумонланмоқда. Бундан ташқари, Жанга нисбатан «сиёсий тўда тузиш» айблови бўйича тергов олиб борилмоқда – WSJ тушунтиришича, бу партия бирлигига путур етказувчи тармоқларни яратишни англатади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид