Ўзбекистон | 18:02 / 12.08.2020
116817
4 дақиқада ўқилади

15 августдан карантин юмшатилади. Транспортга ва бозорлар фаолиятига босқичма-босқич рухсат берилади

Ўзбекистонда 15 августдан бошлаб шахсий ва жамоат транспорти ҳаракати, қатор фаолият турлари, бозор ва маданий-маърифий муассасалар иши босқичма-босқич қайта тикланади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев ҳудудларда саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

Давлат раҳбари тадбир бошида коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятга тўхталиб ўтган. Жумладан, охирги бир ойда барча ҳудудларда даволаш ўринлари ва нафас бериш аппаратлари сони бир неча баробар кўпайтирилгани, муолажа қилиш усуллари янгилангани ҳамда тез тиббий ёрдам хизмати кучайтирилгани қайд этилган. Буларнинг натижасида мамлакат бўйича коронавирусдан соғайиш кўрсаткичи 59 фоиздан 77 фоизга етган, вирус юқтирганлар сони 32 мингдан ошган бўлса-да, уларнинг 25 мингдан зиёди соғайган, 7 минг бемор даволанмоқда.

«Ҳар бир фуқаромиз соғлиғи ва ҳаёти учун курашни янада кучайтирган ҳолда, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларнинг барқарор ишлашини таъминлаш, аҳолининг яшаш шароитини енгиллаштириш мақсадида карантин талабларини босқичма-босқич юмшатиш зарур. Халқимизнинг ўзи шуни илтимос қилмоқда», деди Шавкат Мирзиёев.

Шуни ҳисобга олиб, 15 августдан автотранспорт воситаларининг кун давомида юриши, маҳаллий авиа ва темир йўл қатнови учун рухсат бериш кераклиги айтилди.

Санаторийлар, меҳмонхоналар, музейлар, болалар оромгоҳлари, дала ҳовлилар ижараси, гўзаллик салонлари, сартарошхоналар, очиқ ҳавода хизмат кўрсатадиган умумий овқатланиш объектлари фаолияти ҳам тикланади. Белгиланган талабларга амал қилган ҳолда уйда 30 кишилик оилавий маросимлар ўтказиш мумкин бўлади.

17 августдан ҳудудлар ўртасида автотранспорт қатнови, жамоат транспорти (метрополитендан ташқари) ва шаҳар атрофидаги автобуслар қатнови тикланиши белгиланди.

20 августдан буюм ва қурилиш маҳсулотлари бозорлари, йирик савдо дўконлари, спорт заллари, фитнес клуб ва бассейнлар ишлай бошлайди.

Республика махсус комиссиясига ҳар бир фаолият тури бўйича қандай санитария талабларига амал қилиш зарурлигини аниқ белгилаш вазифаси қўйилди. Эпидемиологик вазият яхши бўлган давлатлардан келган шахсларни карантинига олиш ва ундан чиқариш тартибини енгиллаштириш, пневмониядан тузалган аҳолини реабилитация қилиш марказларини ташкил этиш бўйича топшириқ берилди.

Санитария-эпидемиология хизматига коллектив иммунитет шаклланиш жараёнини мониторинг қилиб бориш учун антитаначалар таҳлилини ўтказишни йўлга қўйиш кераклиги таъкидланди. 

Телевидение ва радиода маданий-маърифий, кўнгилочар кўрсатув ва эшиттиришларни кўпайтириш, ижтимоий масофани сақлаган ҳолда театр, кино, концерт ва бошқа тадбирларни ташкил этиш масаласига ҳам эътибор қаратилди.

«Карантин талаблари юмшатилаётган бўлса-да, барчамиз ижтимоий масофани сақлаш, ниқоб тақиш, дезинфекция ва бошқа санитария-гигиена талабларига сўзсиз амал қилишимиз, илгари йўл қўйган хатоларни такрорламаслигимиз керак. Худога шукур, ҳаммамиз ҳам етарли тажриба орттирдик. Кўпни кўрган халқимиз жуда катта матонат ва қаҳрамонлик, тиббий маданиятини намоён қиляпти. Темир интизом, қаттиқ чидам ва сабр-тоқат билан биз албатта бу синовларни тез орада енгиб ўтамиз. Мен бунга қатъий ишонаман», – дея таъкидлади президент.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда июль ойи бошида эпидемиологик вазият оғирлашгач, 2 ҳафталик қатъий карантин жорий этилган, кейинроқ карантин 15 августга қадар узайтирилганди. Аммо август ойи бошидаёқ айрим ҳудудларда карантин чоралари юмшатилиши бошланди.

Шу вақтгача республиканинг 8 ҳудудида карантин чоралари юмшатилгани ҳақида расман эълон қилиб бўлинди. Аввалига Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, кейин Бухоро, Фарғона, Самарқанд, Наманган, Навоий ва Сурхондарё вилоятларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида карантин чекловлари юмшатилди.

Мавзуга оид