Ўзбекистон | 15:08 / 09.11.2021
16209
5 дақиқада ўқилади

Ижтимоий тармоқлар блокланишидан бўладиган зарба ва ҳисобланмаган зарар – онлайн бизнес эгалари нима дейди?

Ижтимоий тармоқлар блокланиши сўз эркинлигига рахна бўлибгина қолмай, Ўзбекистон иқтисодиёти ва бизнесга ҳам зарба бўлади. Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонуннинг биргина моддаси барча соҳаларга зарар етказиши мумкин. Бу борада онлайн бизнес эгалари ҳам Kun.uz'га фикрларини билдиришди.

3 ноябрь куни Ўзбекистонда Telegram, Instagram ва Facebook каби ижтимоий тармоқлар блокланиши ортидан қизиқ воқеалар рўй берди. Kun.uz бу воқеаларни келтириб чиқарган қонун салбий таъсир қилиши мумкин бўлган соҳаларни санашда давом этади. Бу сафар ижтимоий тармоқларнинг блокланиши борасида онлайн бизнес эгаларининг фикрлари билан қизиқдик.

“Мижозлар билан алоқа қийинлашди” – Lebazar.uz интернет дўкони асосчиси Ботир Орифжонов

Фото: M-Faktor

“Ижтимоий тармоқлардан биз асосан мижозларимиз билан коммуникация ва реклама учун фойдаланамиз. Мижозлар бизга буюртма бериш учун порталимиз орқали мурожаат қилади, лекин мана шу қисқа блокланиш вақтида мижозлар билан алоқа қийинлашди.

Бундан ташқари, рекламага қиладиган харажатларимиз бор. Бу маълум кўрсаткичлар ва соатларга боғланган, шулар камайди деса бўлади. Қисқа муддат бўлгани учун бу бир соатлик блокланиш иш жараёнимизга тўғридан тўғри кескин таъсир қилмади. Лекин бу келажакда давомий, такрорланувчи ҳолат бўладиган бўлса, бизнесга таъсири катталашади.

Ўтган ҳафтадаги блокланишнинг етказган молиявий зарарини ҳисоблаб чиқмаганмиз, чунки бундай савол илгари кўтарилмаган эди. Бу нарсага энди қарашни бошлаяпмиз”, – дейди тадбиркор.

У интернет тўхташи ва сифати бузилиши бизнесга қаттиқроқ таъсир қилишини таъкидлади.

“Мисол учун, кун давомида буюртма оладиган бўлсак, иш вақтидаги 8 соатдан бир соатида интернет ишламаса ҳам буюртмаларимизнинг саккиздан бир қисмини йўқотамиз. Худди шундай, ижтимоий тармоқлар 1-1,5 соат ишламаётгани учун мижоз биз билан мулоқот қила олмаса, кейинги мурожаатини юбориш учун бир неча соат ўтади ва бу орадаги вақтда буюртмаларимиз йўқотилишига сабаб бўлади”, – дейди тадбиркор.

“Бу кичик ва ўрта бизнес чўнтагига берилган зарба” – Asaxiy.uz интернет дўкони раҳбари Фируз Аллаев

Фото: Kun.uz

У ушбу қарор иқтисодий томондан жуда нотўғрилигини таъкидлади.

“Одатда интернетдан ташқари бошқа реклама каналлари: табло, радио ва телевидение қиммат маркетинг ҳисобланади. Буни катта бизнеслар кўтариши мумкин, лекин кичик бизнесларга ҳақиқий муаммо – тўғридан тўғри бериладиган зарба.

Бизга ҳам бир ойда бир неча юз миллион сўмлик савдо бўлмаслигига олиб келиши мумкин. Асосий реклама ва маркетинг қисмимиз ижтимоий тармоқларга тўғри келади. Яна бир нарсани тушуниш керак: бу давлат иқтисодиётига ҳам катта зарар. Чунки кичик бизнес, умуман бизнес ишлаб топмаган пулдан солиқ тўланмайди ва бу солиқлар камайишига олиб келади. Реклама харажатларининг ошиши бу даромад солиғи камайиши каби оқибатларни келтириб чиқаради. Буларнинг барчаси давлат бюджетига тушадиган солиқ камайишига сабаб бўлади”, - дейди тадбиркор.

Olcha.uz интернет дўкони вакили ҳам ижтимоий тармоқлар блокланиши мижозлар билан коммуникацияга салбий таъсир қилишини таъкидлади.

“Бироқ бизга Google, Yandex блокланмаса бўлди, мижозларимиз сайтимиз орқали буюртма беради”, – дейди Kun.uz билан суҳбатда бўлган olcha.uz мутахассиси.

Ёмон дарак шуки, ҳамон муҳокамада бўлган қонуннинг 27-1-моддаси куни кечагидек ишлайдиган бўлса, Google ҳам, Yandex ҳам серверларини Ўзбекистонга кўчирмаган тақдирда блокланиши ҳеч гап эмас.

Жамоатчилик фаоллари таъкидлаганидек, оқибатларга эмас, сабабларга қарши курашиш лозим. Акс ҳолда, унинг аянчли оқибатларини нафақат сўз эркинлигида, балки мамлакат иқтисодиёти, бизнес муҳити ёмонлашувида ва бизнесга етказилган зарарда ҳам такрор-такрор кўраверамиз.

Netblocks халқаро нодавлат ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, Facebook, You Tube ва Instagram’ни икки соатга блоклаш Ўзбекистонга 194 минг 937 долларга тушган. Бу ҳисоб-китобларга ҳали Ўзбекистондаги энг оммабоп ва бизнесларнинг асосий реклама каналларидан бири бўлган Телеграм ва бошқа бир қатор ижтимоий тармоқларнинг блокланиши киритилмаган. Афсуски, ҳамон барча ижтимоий тармоқларнинг блокланиши бизга қанчага тушиши, бизнес гарданига неча минг доллар юк бўлиб миниши ҳақида аниқ маълумотларга эга эмасмиз.

Мавзуга оид