Иқтисодиёт | 15:21 / 02.06.2024
14057
4 дақиқада ўқилади

Сўм сезиларли даражада мустаҳкамланди, олтин арзонлашди – Халқаро молия бозори шарҳи

Валюта бозорида доллар заифлашди. Бунинг оқибатида евро, юан, лира ва сўм мустаҳкамланди. Яқин Шарқда давом этаётган кескинликларнинг нисбатан юмшаши нефт нархининг тушишига ва ойлик минимумларини янгилашига сабаб бўлди.

Фото: Kun.uz

Жорий ҳафта ҳам доимгидек молия бозорлари учун муҳим воқеаларга бой бўлди. Хусусан, ҳафта давомида эълон қилинган АҚШ Ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳақидаги маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, 1-чоракдаги ўсиш 1,3 фоиз бўлган. Бу прогноздан 0,3 фоизга пастроқ. Мазкур омил АҚШ фонд бозорига салбий таъсир этди ва сотувларни кучайтириб юборди, чунки ушбу макромаълумот истеъмолчилар харажатлари кескин камайганидан далолат беради.

Jahon Insights канали экспертлари 27 майдан 31 майгача бўлган даврда халқаро молия бозорида содир бўлган энг муҳим воқеаларни таҳлил қилиб чиқди.      

АҚШ топ фонд бозорлари индекси:

  • S&P500 – 5277 (ҳафта бошидан -0,51 фоиз, йил бошидан +10, 64 фоиз);
  • NASDAQ – 18536 (ҳафта бошидан -1,44 фоиз, йил бошидан +10,17 фоиз);
  • DJI – 38686 (ҳафта бошидан -0,98 фоиз, йил бошидан +2,64 фоиз).

Ҳисобот ҳафтасида Dow Jones индекси 383 пунктга, NASDAQ 272 пунктга ва C&P500 27 пунктга пасайди.

Асосий қимматбаҳо металлар:

  • Олтин – 2326 доллар (1 унцияси) ҳафта бошидан -0,29 фоиз, йил бошидан +12,81 фоиз;
  • Кумуш – 31,4 доллар (1 унцияси) ҳафта бошидан +0,14 фоиз, йил бошидан +27,82 фоиз;
  • Алюминий – 2648 доллар (1 тоннаси) ҳафта бошидан +0,03 фоиз, йил бошидан +11,21 фоиз:
  • Мис – 4,6 доллар (1 фунти) ҳафта бошидан -2,64 фоиз, йил бошидан +18,84 фоиз.

Қимматбаҳо металлар ҳам тебранувчан ва коррекция ҳафтасини бошдан кечирди. Олтин ва мис мос равишда 6,78 доллар ва 0,13 долларга арзонлашган бўлса, алюминий ва кумуш 70 ва 4 центга кўтарилди.

Нефт

  • WTI – 77,12 доллар (ҳафта бошидан -0,82 фоиз, йил бошидан +8,17 фоиз);
  • BRENT – 81,28 доллар (ҳафта бошидан -1,01 фоиз, йил бошидан +5,5 фоиз).

Ҳафта давомида нефтнинг WTI маркаси 64 центга, BRENT эса 83 центга арзонлади.  

Валюталар

  • USD/EUR:  +0,01 фоиз (йил бошидан -1, 72 фоиз);
  • CNY/USD:   -0,01 фоиз (йил бошидан +2,02 фоиз);
  • TRY/USD:  -0,05 фоиз (йил бошидан +9,04 фоиз);
  • UZS/USD:   -0,83 фоиз (йил бошидан +2,40 фоиз);
  •  RUB/USD:  +0,88 фоиз (йил бошидан +1,15 фоиз).

Валюталар бозорида доллар заифлашди. Бунинг оқибатида евро ва юан 0,01 фоизга, лира 0,05 фоизга, сўм 0,83 фоизга мустаҳкамланди. Фақатгина рубл 0,88 фоизга ўз қадрини йўқотди.

Криптовалюта

  • Bitcoin – 67517 доллар (ҳафта бошидан -2,66 фоиз, йил бошидан +59, 49 фоиз);
  • Ethereum – 3094 доллар (ҳафта бошидан -1,69 фоиз, йил бошидан +64,71 фоиз). 

Bitcoin 5 кунлик савдоларда 2,66 фоизга, Ethereum эса 1,69 фоизга арзонлашди. 

Бозорлар ҳақида қисқача

Ўзгарувчан глобал шароитлар ва мураккаб сиёсий жараёнлар бозорлардаги тебранувчанлик сақланиб қолинишида сабаб бўляпти. Яқин Шарқда давом этаётган кескинликларнинг нисбатан юмшаши нефт нархининг кескин тушишига ва ойлик минимумларини янгилашига сабаб бўлди. Хитой ва Россия ўзаро савдода доллардан воз кечиши эса АҚШ валютаси учун қўшимча босим яратишда давом этмоқда. АҚШда эса тиғиз инфляцион фон амалдорлар ва бозор иштирокчиларининг бироз асабийлашишига ва қимматли қоғозлар бозорида тебранувчанликнинг ўсишига олиб келди. Чунки қониқарсиз макроиқтисодий кўрсаткичлар, Федерал захира тизими раисининг ноаниқ нутқлари билан бирлашган ҳолда бозор иштирокчилари учун эҳтимолий воқеалар ривожи қандай бўлишини прогноз қилишда қийинчиликлар туғдирмоқда. Фонд индекслари чўққисига чиққан бир пайтда, турли ноаниқликлар бозорларнинг риск даражасини кескин оширди. Мазкур ҳолатдан келиб чиққан ҳолда, бозорнинг барча иштирокчиларидан хавфсизлик чораларини кўриб қўйиш ва кераксиз рисклардан сақланиш ҳар доимгидан ҳам кўпроқ тавсия қилинади.

Эслатма! Тақдим қилинган маълумотлар муаллифга тегишли бўлиб, 27 майдан 31 майгача бўлган вақт оралиғидаги молия бозорида юз берган ўзгаришлар асосида тайёрланган. Ушбу мақола инвестицион маслаҳат эмас.    

Мавзуга оид