Ўзбекистонда банклар, тўлов ташкилотлари ва молиявий технологиялар бозори иштирокчилари ўртасида хавфсиз маълумот алмашинувини таъминлайдиган “очиқ банкинг” тизими жорий этилади.

Бу – 27 ноябр куни имзоланган “Молиявий технологиялар соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорида белгиланди.

Қарорга кўра, “очиқ банкинг” тизими 2026 йил 1 сентябргача ишга тушиши керак.

Маълумот учун, “очиқ банкинг” (open banking) – молиявий хизматлар истеъмолчисининг розилиги асосида унинг молиявий маълумотлари (ҳисобварақлари, улардаги маблағлар ва транзакциялар тарихи кабилар) учинчи томонларга стандарт шаклдаги API'лар воситасида узатилиши мумкин бўлган тизимдир.

Бу тизим финтех соҳасида рақобатни кучайтириш, танлов имкониятини кенгайтириш ва инновацион маҳсулотларни кўпайтиришга қаратилган бўлиб, истеъмолчиларга шахсий бюджетни бошқариш ва қайд этиб бориш каби қатор афзалликларни беради.